Бугунги меҳнат ҳосил баракасини белгилайди
Август – ғўза парваришида ҳал қилувчи ой. Ҳосилга ҳосил қўшиладиган айни кунларда барча агротехник тадбирларни сифатли ўтказиш, жумладан, экинни “шарбат” усулида суғориш, қатор ораларига ишлов бериш, айрим пайкалларда ғўзанинг ўсув ва ён шохларида чеканка ўтказиш муҳим вазифа ҳисобланади.
Август – ғўза парваришида ҳал қилувчи ой. Ҳосилга ҳосил қўшиладиган айни кунларда барча агротехник тадбирларни сифатли ўтказиш, жумладан, экинни “шарбат” усулида суғориш, қатор ораларига ишлов бериш, айрим пайкалларда ғўзанинг ўсув ва ён шохларида чеканка ўтказиш муҳим вазифа ҳисобланади. Бу ойда қилинган меҳнат ғўза ҳосилдорлигининг 3-5 центнер ошишига, толанинг узун ва пишиқ бўлишига замин яратади.91 минг 200 гектар майдонда ғўза парваришлаётган Самарқанд вилояти фермерлари ҳам буни чуқур ҳис қилган ҳолда масъулиятли ойнинг ҳар бир кунидан унумли фойдаланиб, зарур юмушларни амалга оширмоқда.
– Бугунги кунда тасарруфимиздаги 34,5 гектар майдонда ғўза баравж ўсмоқда, – дейди Каттақўрғон туманидаги “Дил Алишер АУШ” фермер хўжалиги бошлиғи Алишер Мавлонов. – Асосий эътибор барча агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказишга қаратилмоқда. Ғўзани суғоришда уни чўллатишга ҳам, кўллатишга ҳам йўл қўймаслик зарур. Буни сувчиларимиз жуда яхши билади. Шунинг учун улар, аввало, ўқариқларни тўғри олишди. Чунки ариқлар оралиғи 50-60 метр бўлса, сув жўякларга тез ва сифатли таралади.Шунда ўғит тўла-тўкис ғўза илдизига етиб боради. Қолаверса, сувдан самарали фойдаланилади, сувчининг ғўза қатор ораларини назорат қилиши осонлашади. Суғоришнинг “шарбат” усули эса мўл ҳосил гаровидир. Бунда кўкламдан бошлаб ҳозирги кунга қадар ҳар гектар ер учун беш тоннадан маҳаллий ўғит жамғариб қўйганимиз, суғоришни тунда амалга ошираётганимиз қўл келмоқда. Натижада кунига 10 гектар майдондаги экиннинг вақтида сувга қониб, бир текис ривожланишига эришяпмиз.
Шу билан бирга, механизаторимиз культивацияни оби-тобида амалга оширмоқда. Бу ишлов кечиктириб ўтказилса, жўяклар қуриб, юзаси ёрилади, ғўза илдизи шикастланади, намлик тез йўқотилади, гул ва тугунчалар тўкилиб, ҳосилдорлик 15-20 фоизгача камайиши мумкин. Шу боис биз ҳозиргача культиваторлар ёрдамида экинга саккиз марта ишлов бердик. Айни кунларда ҳар туп ғўзада 10-12 тадан тўқ кўсак, кўплаб ҳосил нишоналари бор.
Фермер хўжаликларининг дала шийпонларида сувчи ва механизаторлар, ишчилар учун зарур шароитлар яратилган. Бу шижоатли меҳнат маҳсули пахта йиғим-теримида яққол намоён бўлади.