Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тяньцзинь шаҳрида ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси ва “ШҲТ плюс” форматидаги саммитда иштирок этади.
Тадбирлар кун тартибидан устувор йўналишларда кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва ташкилот фаолиятини янада такомиллаштиришнинг долзарб жиҳатлари ўрин олган.
Ушбу муҳим музокара майдони кўп жабҳаларда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Жумладан, тузилманинг рақамли ривожланиш стратегияси бўйича йўлга қўйилган лойиҳалар ҳам бисёр.
Мавзу юзасидан Марказий Осиё халқаро институти етакчи илмий ходими Озод ТАНБАЕВ фикрлари билан қизиқдик.
— Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўзининг рақамли кун тартибини амалга оширишда муҳим босқичга кирди, — дейди у. — Кейинги беш йил ичида ташкилот рақамлаштиришни тобора фаол равишда деярли барча йўналишларга, жумладан электрон бошқарув ва трансчегаравий савдодан тортиб киберхавфсизлик, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда сунъий интеллектгача жорий этмоқда.
Бироқ декларациялардан амалиётга ўтилар экан, ШҲТ технологик номутаносибликлар, суверенитетлар ўртасидаги рақобат ва ташқи геосиёсий босимлар билан белгиланадиган мураккаб шароитга ҳам дуч келмоқда.
Аъзо давлатлар рақамли трансформацияни энг муҳим стратегик устувор йўналишлардан бири деб белгилаган. Рақамлаштириш ташкилотнинг узоқ муддатли ривожланиш режалари ва институционал архитектурасига киритилган. Бу қатор асосий ҳужжатларда акс этган. 2020 йилда қабул қилинган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг Рақамли иқтисодиёт ҳақидаги баёноти, 2023 йилдаги Рақамли трансформация тўғрисидаги баёнот ҳамда 2025 йил июнда тасдиқланган Рақамли трансформация бўйича Ҳаракатлар режаси шулар жумласидан.
Мазкур сўнгги ҳужжат ҳамкорликни киберхавфсизлик ва маълумотларни ҳимоя қилиш, электрон тижорат ва ақлли логистика, сунъий интеллект ва робототехника, кадрлар тайёрлаш, меъёрий-ҳуқуқий уйғунлаштириш каби муҳим устувор йўналишлар бўйича тизимлаштиради.
Тузилманинг рақамли интеграцияга йўналишини бир қатор жараёнлар тасдиқлайди.
Биринчидан, трансчегаравий электрон тижорат жадал ўсмоқда. 2024 йилда Хитой ва ШҲТнинг бошқа мамлакатлари ўртасида рақамли платформалар орқали амалга оширилган савдо ҳажми 14 фоизга ошиб, 12,8 миллиард долларга етди. Alibaba ва JD.com каби хитой компаниялари Ўзбекистон, Қозоғистон ва Покистонда фаолиятини кенгайтириб, Пекиннинг минтақавий платформа иқтисодиётидаги етакчилигини мустаҳкамлади.
Иккинчидан, киберхавфсизлик ШҲТ доирасида ҳамкорликнинг муҳим йўналишига айланди. Аъзо давлатлар кибер мудофаа, дезинформацияга қарши курашиш ҳамда маълумотларни бошқариш бўйича ёндашувларни ривожлантиришда ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидламоқда. Бу борада Москва ШҲТ доирасида умумий “кибер суверенитет” концепциясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди. Бошқа аъзолар, жумладан, Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари минтақада янада хавфсиз ва ишончли рақамли муҳит яратишга ўз тажрибаси ва қарашларини қўшишга тайёр эканини билдирмоқда.
Учинчидан, ШҲТ давлатлари ўртасида меъёрий уйғунлаштириш бўйича тажрибалар бошланди. 2023–2025 йилларда Хитой, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокида рақамли божхона ва логистика соҳаларида пилот лойиҳалар амалга оширилди. Улар маълумотлар оқимини соддалаштириш, рақамли имзолардан фойдаланиш ва электрон лицензияларни ўзаро тан олиш орқали ШҲТ доирасида “Рақамли Ипак йўли”ни шакллантиришни мақсад қилмоқда.
2025 йилда Тяньцзиньда ўтказилган Рақамли иқтисодиёт форумида таклиф қилинган ШҲТ Рақамли марказини ташкил этиш марказлашган мувофиқлаштириш механизмини яратиши мумкин. Бундай платформа рақамли стандартларни уйғунлаштириши, тизимларнинг мослашувчанлигини таъминлаши ва сунъий интеллект, логистика ҳамда “ақлли шаҳарлар” бўйича пилот лойиҳалар учун марказ бўлиши мумкин.
Хулоса шуки, стратегия ва тузилма ўртасида ШҲТнинг рақамли трансформация стратегияси кенг қамровли ва ўз вақтида ишлаб чиқилган. Бу глобал бошқарувдаги бўшлиқларни тўлдиришга интилаётган минтақавий ташкилотлар тенденциясини акс эттиради.
ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев
ёзиб олди.