Кундалик газеталарни кузата туриб дунё, мамлакат ва минтақада рўй бераётган муҳим янгиликларга гувоҳ бўламиз.
«Янги Ўзбекистон» газетасининг бугунги сонида мамлакатимиз ва минтақа сиёсий жараёнларига алоҳида эътибор қаратилган. «Марказий Осиё давлатлари – Хитой» онлайн саммитига бағишланган саҳифа муҳимлиги билан ажралиб туради. Газетадан ўрин олган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Марказий Осиё ва Хитой давлатлари саммитидаги нутқи» муҳим ва долзарблиги билан эътиборни тортади.
«Дориламон кунлар шукронаси», «Тинчлик ва хотиржамлик қалб билан англаб, кўз билан кўриб қадрланадиган неъмат», «Кичик ватанда кўнгил тўқ яшашга нима етсин?» каби мақолалар замирида заминга бўлган эҳтиром туйғулари акс этиб туради. Бу мақолалар мазмун-моҳияти билан ҳар биримизни тинчликнинг қадрига етишга чорлаб туради. «Таълим ва амалиёт уйғунлиги», «Фармацевтика саноати янги босқичда», «Янги Ўзбекистон божхонаси», «Манзури Шаҳаншоҳи Хуросон ёхуд ўзбек-озарбойжон адабий дўстлигининг абадий ришталари» каби мақолаларида бугунги ҳаётимизнинг нурли саҳифалари ҳақида сўз боради.
"Халқ сўзи"даги ҳар бир мақола, хабар, муносабат замирида тезкор замон руҳи сезилиб туради. «Бугуннинг гапи» рукнида берилган «Ваҳимага ўрин йўқ» мақоласи, айниқса, эътиборни тортади. Кеча, 25 январь куни юртимиз ва қўшни мамлакатларнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилди. Натижада электр энергияси билан боғлиқ барча соҳа: иситиш тизимида, ичимлик суви таъминотида носозликлар юзага келди. Банкоматлар ишламай қолди, интернетдан фойдаланиш, биржаларда савдо-сотиқ, саноат корхоналари фаолиятида том маънода тўхташ содир бўлди. Буларнинг барчаси электр энергияси бизнинг ҳаётимизга қанчалик чуқур кириб келганини яна бир бор кўрсатди. «Хўш, бу ёғига энди нима бўлади?» каби саволларнинг пайдо бўлиши табиий, бунда мақола орқали асоссиз ваҳималарга ўрин йўқлигини англайсиз.
Фарғона вилоятидан тайёрланган «Тиббий хизматдан одамлар қачон рози бўлади?» мақоласидаги аччиқ, аммо очиқ гаплар сизни ҳам бефарқ қолдирмайди. «Балиқчилик: қайта тиклашдан интенсивлашиш босқичига ўтаётган тармоқ», «Абру баҳор санъати Бухорога қайтмоқда» каби мақолаларда янгиликлардан бохабар бўласиз. Шунингдек, ўқувчи газета орқали Ўзбекистон Республикасининг “ Ёшлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни билан ҳам танишишади.
Бугунги газеталарни мутолаа қилинг. Унда ўтаётган кунимизнинг овозини, ислоҳотлар нафасини ҳис этасиз.
А.Нарзуллоев, ЎзА