Таниқли адабиётшунос, тасаввуфшунос, тилшунос, тарихшунос, публицист, шоир Султонмурод Олим 1954 йил 4 март куни Бухоро вилояти Вобкент туманида зиёлилар оиласида туғилган. Отаси ҳисобчи, идора ходими, онаси ўзбек тили ва адабиёти муаллимаси бўлган. Ўрта мактабни олтин медаль билан битириб ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) Журналистика факультетига ўқишга кирган.
Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт (ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори) институтида лаборант, катта лаборант, кичик илмий ходим, илмий ходим, катта илмий ходим, докторант, катта илмий ходим, Ташқи ишлар вазирлигида бош консультант ‒ “Спич райтер” гуруҳи раҳбари, бўлим мудири ўринбосари, таҳририят мудири, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида консультант, етакчи консультант, бош консультант, Республика Маънавият ва маърифат марказида раҳбар ўринбосари, Тошкент вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида катта ўқитувчи, профессор вазифасини бажарувчи, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги “Ёшлар медиа маркази” да бош мутахассис, “Тафаккур” журнали бўлими мудири бўлиб ишлаган. Ҳозирги пайтда у Тошкент амалий фанлар университети профессори. Шартнома асосида “Нақшбандия” журнали бош муҳаррири бўлиб ишлайди.
Филология фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун “Алишер Навоий асарлари таржимасида бадиий санъатларни қайта яратиш ва табдил этиш муаммолари” мавзусида Нажмиддин Комилов илмий раҳбарлиги ва Ғайбулла Саломов илмий маслаҳатчилигида диссертация ёқлаган. Филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Муслиҳиддин Муҳиддинов илмий маслаҳатчилигида “Лисон ут-тайр”нинг қиёсий поэтикаси: синтез, назиравийлик ва таржимавийлик” мавзусида филология фанлари доктори илмий даражасини олиш учун диссертация ёқлаган. 3 номзодлик, 3 магистрлик диссертациясига илмий раҳбарлик, 8 номзодлик, 8 фалсафа доктори ва 2 магистрлик диссертациясига расмий оппонентлик қилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси. Халқаро Аҳмад Яссавий мукофотини (1994), II даражали II котиб дипломатик мартабасини (1995) олган. “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби (2001), Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси (2014), Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими (2021).
1967 йилдан буён матбуотда долзарб мавзулардаги мақолалари, тақризлари, турли материаллари эълон қилинади. 3 мингдан ортиқ илмий, илмий-оммабоп, публицистик мақоласи, мафкуравий ҳангома, шеър ва бадиий таржимаси чоп этилган, радио ва телевидениеда кўп чиқишлар қилган.
Таржимашунослик, навоийшунослик, тасаввуфшунослик, тарих, тилшунослик, умуман, маънавият ва маърифат, миллий ғоя ва мафкура бўйича кўплаб китоб, мақола, эшиттириш ва кўрсатувлар муаллифи.
“Дўппи” (2000), “Давлатимиз рамзлари” (2004) телефильмлари, “Қуш тили” спектакли (Авлиёқули Хожақули билан ҳамкорликда, 2005), “Кўнгил ови” мусиқали драмаси (2016), “Хамса” либреттоси (2017), “Баҳоуддин Нақшбанд” ҳужжатли фильми (2018), “Бузрук” мақомининг бузрук мақоми (Ал-Форобий ҳаётидан лавҳалар)” (2023) мақом спектакли сценарийси муаллифи.
Талай илмий, илмий-оммабоп китобларга масъул муҳаррирлик қилган, сўзбоши ёхуд сўнгсўз ёзган. Умумтаълим мактабларида “Ўзбек адабиёти” бўйича ўқув дастури (5 – 11-синфлар, 1991, 2006), мажмуа (10-синф, 1993, 1995, 1997), дарслик-мажмуа (8-синф, 2006, 2010, 2014, 2019), “Ўқитувчилар учун методик қўлланма” (8-синф, 2006), “Одобнома” дарслигини (4-синф, 2009) тузишда иштирок этган. Буюк Британия, Туркия, Эрон, Польша, Озарбайжон ва Қозоғистонда мақолалари босилган. Илмий, илмий-оммабоп ва публицистик асарларига АҚШ, ХХР, Эрон ва Тожикистонда мутахассислар муносабатлари чоп этилган.
* * *
PS: Сайтимизда ташкил этилган “Бугун туғилган кун” лойиҳасида турли соҳаларда мамлакатимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшган ва қўшаётган инсонлар, давлат ҳамда жамоат арбоблари, академиклар, эл севган ижодкорлар ҳамда касби, танлаган йўлида юқори натижаларга эришаётган ватандошларимизнинг туғилган кунлари ёдга олинади.
Мазкур рукнга оид фикр-мулоҳазаларингиз, таклиф ёки қўшимчаларингиз бўлса, қуйидаги манзилларга мурожаат қилишингиз мумкин.
Телеграм: @UzA_pochta
Сайтимизни кузатиб боринг!