Тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломов 1984 йил 4 декабрь куни Тошкент шаҳрида туғилган.
У Тошкент давлат техника университети (2005 йилда бакалавр, 2007 йилда магистр) ва Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини (2010 йилда) тамомлаган. Геология-минералогия фанлари номзоди.
Меҳнат фаолияти давомида турли масъул лавозимларда ишлаган. Хусусан, 2002 – 2010 йилларда геология соҳаси корхоналарида турли лавозимларда ишлаган, 2010 йилдан Геология ахборот маркази корхонаси, 2015 йилда Минерал ресурслар илмий-тадқиқот институти директори, 2017 йил 28 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг раиси сифатида фаолият кўрсатган. 2022 йил 30 декабрдан Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазири лавозимига тайинланган.
Жорий йилнинг 27 октябрь куни ўтказилган Парламент сайловларига мувофиқ, Олий Мажлис палаталари янги таркибда шакллантирилди.
19 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра амалдаги Ҳукумат янги сайланган Олий Мажлис олдида ваколатларини зиммасидан соқит қилди.
2024 йил 21 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тегишли қарорлари билан Вазирлар Маҳкамасининг аъзолигига номзодлар маъқулланди. Номзодлар ичида Тоғ-кон саноати ва геология вазири лавозимига Бобур Исломов ҳам бор эди. Шу куни «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тайинлаш тўғрисида»ги Президент Фармони қабул қилинди ва Бобур Исломов тоғ-кон саноати ва геология вазири лавозимига тайинланди.
Бобур Исломов 2019 йилда «Дўстлик» ордени билан мукофотланган.
***
Сайтимизда ташкил этилган «Бугун туғилган кун» лойиҳасида турли соҳаларда мамлакатимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшган ва қўшаётган инсонлар, давлат ҳамда жамоат арбоблари, академиклар, эл севган ижодкорлар ҳамда касби, танлаган йўлида юқори натижаларга эришаётган ватандошларимизнинг туғилган кунлари эсга олинади.
Мазкур рукнга оид фикр-мулоҳазаларингиз, таклиф ёки қўшимчаларингиз бўлса, қуйидаги манзилларга мурожаат қилишингиз мумкин.
Телеграм: @UzA_pochta, @U_Qurbonov
E-mail: pochta@uza.uz, uzauz@yandex.ru