Бугун тадбиркорларда кечаги қўрқув йўқ
Давлатимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар, яратилган шарт-шароитлар, имконият ва кафолатлар, имтиёз, ҳуқуқ ва эркинликларни авваллари тасаввур этиш мушкул эди.

Аввало, бугун тадбиркорларда кечаги қўрқув йўқолди. Тадбиркорларимизнинг биргина қўшниларимиз Қирғизистон ва Тожикистон республикасига қилаётган экспорт маҳсулотларининг хажми ва ассортименти камида икки баробарга ортди. Боғдорчилик ва полиз маҳсулотлари экспорти салмоғи бир миллиард АҚШ долларига етди.
Демакки, давлат тадбиркорга мададкор бўлиб, унга барча шарт-шароитни таъминлаб бериш борасида ўз вазифасини тўла адо этиб, тизимли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Шу йўналишни баҳоловчи халқаро ташкилотлар рейтингида Ўзбекистон энг илғор давлатлар қаторига кирди.
Биламизки, тадбиркор тадбиркорлик фаолиятини қонунчиликка мувофиқ амалга оширадиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад олиш учун ишлаётган ташаббускор, ишбилармон шахсдир. У солиқ тўлайди, иш ўрин яратади, маҳсулот ишлаб чиқаради, ҳомийлик қилади ва бошқа ижтимоий масъулиятларни ўз гарданига олади.
Тадбиркор нафақат мамлакатнинг иқтисодий ривожланишини таъминлайди, балки давлат ва жамият ўртасида воситачи ролини ўйнайди. Демак, ижтимоий ривожланиш учун ҳам масъулиятни олади.
Илло, бугунги тадбиркор ва тадбиркорлик инновацион жараён бўлиб, унинг пировард мақсади – талабнинг ортиб бориши ва шахснинг ёки жамиятнинг ўзгариб турадиган, доим ортиб борадиган эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ қайта яратишнинг узлуксиз жараёнидир.
Тадбиркор айни шу жараёнларда ҳуқуқий муносабатларга киришар экан, албатта, суд эшигини қоқади. Уни остонада судья-қози кутиб олади...
Шу ўринда, мисолларга эътибор қаратсак, иқтисодий судлар томонидан 2022 йилда 55 882 та иқтисодий низолар доирасида тадбиркорлар манфаатига 4,5 триллион сўмдан зиёд, 2023 йилнинг ўтган 9 ойида эса, 4,8 триллион сўмдан зиёд маблағ ундириб берилган.
Ушбу низоларнинг салмоқли қисми шартномавий муносабатларнинг бузилганидан келиб чиққан. Бу эса, тадбиркорга ҳалоллик доим дўст бўлмаганини, баъзан тадбиркор ҳам ғирром билан ошно бўлганини англатади.
Айни шундай жараёнларда суд ҳокимиятида қозининг оқиллиги намоён бўлади. Мисол учун, давлат божи тўловини кечиктириб туриб, пировардида тадбиркорнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга эришган қози тадбиркорни ҳам, жамиятни ҳам рози қилади. Давлат божини тўлаб келинг, бўлмаса ишни кўра олмаймиз менга гап тегади деган қози эса, ўзини эҳтиёт қилиши мумкиндир. Лекин жамиятга кутилган нафни келтира олмайди. Яъни, адолатга хизмат қила олмайди.
Шунингдек, кредит қарздорлиги масаласида жавобгар тадбиркор билан кредит муассасаси ўртасидаги низони яраштирув, муроса йўли билан ҳал эта олган қозининг жамиятга нафи ва адолатга хизматини ҳам юқоридаги каби изоҳлаш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, тадбиркор ўз фаолиятини инсоф билан, бошқа тадбиркорнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, ҳалоллик ва ҳурмат, хулқ-атвор қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга ошириши лозим.
Оқил қози эса, бир тадбиркорнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш чоғида бошқа томоннинг қонуний манфаатларига бепарволик билан ёки алдаш ёхуд ҳуқуқни суиистеъмол қилиш йўли билан ё адаштириш билан ифодаланган инсофсиз хатти-ҳаракатини аниқлаб, ўз мажбуриятларини бузган томон айбдорлигининг исботи сифатида ҳалоллик бузилганини баҳолаши мақсадга мувофиқдир.
Нуриддин Муротов,
Сариосиё туманлараро иқтисодий суди раиси.