Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 18-турини бошлаб берган "Сўғдиёна" – "Машъал" баҳси 2:0 ҳисобида ўз ниҳоясига етди.
“Сўғдиёна” марказий стадионида ўтказилган мазкур учрашувда мезбонларга ғалаба тақдим этган голларга Жавоҳир Қаҳрамонов ва Рубен Ҳебай муаллифлик қилди. Натижада “Сўғдиёна” жамоаси очколарини 20 тага етказиб олган бўлса, “Машъал” 15 очко билан қолди.

Бугун, 11 август куни турнинг икки марказий учрашуви бўлиб ўтади. Унда “Нефтчи” – “Насаф” ва “Динамо” – “Пахтакор” жамоалари ўзаро рақобатлашади.
Маҳаллий вақт билан 19:00 да Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида старт оладиган “Нефтчи” ва “Насаф” ўртасидаги ўйин шиддатли ўтиши шубҳасиз. Негаки, айни дамда чемпионатда Қарши шаҳри клуби 37 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, “Нефтчи” 33 очко билан рақибларини таъқиб қилмоқда. Шу боис ҳам бу жамоалар тўқнашуви кескин ва муросасиз ўтади.

Шу ўринда ушбу жамоаларнинг бугунга қадар миллий чемпионатимизда ўтказган ўзаро ўйинлари статистикасига назар солсак. Жамоалар ўзаро 53 та ўйинда майдонга тушган бўлиб, уларда “Насаф” 22 маротаба зафар қучган ва 19 марта мағлуб бўлган. Қолган 12 та баҳс дуранг билан якунланган. Тўплар нисбати – 68/58 Қарши шаҳрининг бош клуби фойдасига.
Эслатиб ўтамиз, Суперлиганинг бу йилги мавсуми биринчи даврасида “Насаф” ва “Нефтчи” жамоалари 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаган.

Энди эса Самарқандда ўтадиган “Динамо” ҳамда “Пахтакор” клублари ўртасидаги ўйин ҳақида тўхталамиз. Ҳозирда “Динамо” 33 очко билан 4-ўринда бормоқда. “Пахтакор” эса 29 очко жамғариб, 6-поғонани забт этган. Бу эса жамоалар ўртасидаги учрашув ҳақиқий жанговар тарзда ўтишини кўрсатмоқда. Айниқса, бу жамоаларда ҳали шоҳсупага кўтарилиш имконияти йўқ эмас. Бироқ, бу галги ўйинда ҳар иккала клубнинг ғалабага эришиш имкониятлари деярли бир ҳил.
Клублар жами 53 та учрашувда рўбарў келган. Унда "Пахтакор" 40 ғалаба, 6 дуранг ва 7 мағлубиятни қайд этган. Рақиб дарвозасига 108 тўп киритиб, 30 гол ўтказиб юборган. Сўнгги учрашувда Самарқанд жамоаси Тошкентда ўтган учрашувда 1:0 ҳисобида зафар қучган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА