Бугун Озарбайжонда мустақиллик тикланган кун
Мустақилликни сақлаб қолиш уни қўлга киритишдан кўра қийинроқ эканини тарих тасдиқлаб турибди. Ҳар қандай синовга тайёр бўлиш, қийинчиликни оқилона йўл билан енгишни ўрганиш керак. Ҳаёт шундай ривожландики, Озарбайжон бир аср ичида икки маротаба суверен давлат мақомига эга бўлди. Афсуски, биринчи имконият ташқи аралашув, ички қарама-қаршилик ва умумий сиёсий беқарорлик туфайли дарҳол бой берилди. 1918 йилда вужудга келган Озарбайжон Демократик Республикаси атиги 23 ой яшади. Ушбу воқеага 70 йил ўтгач, совет империясининг парчаланиши Озарбайжонга йўқотилган мустақилликни қайта тиклаш имконини берди.
1991 йил 18 октябрь куни Озарбайжон Республикаси Олий Кенгаши сессиясида “Озарбайжоннинг давлат мустақиллиги тўғрисида” Конституциявий акт қабул қилинган. Ушбу муҳим тарихий ҳужжат ортидан Озарбайжон халқи узоқ йил кутилган ғалабага эришган, дейиш мумкин.
Бугун мамлакат мустақиллиги тикланганининг 31 йиллиги кенг нишонламоқда. 2021 йилга қадар ҳар йили ушбу сана Озарбайжон давлат мустақиллиги куни сифатида тантана қилиб келинди. Ўтган йили истиқлолнинг 30 йиллиги арафасида Миллий Мажлис (парламент) томонидан қабул қилинган қонун лойиҳасига кўра, Мустақиллик куни ҳар йили 28 май (собиқ Республика куни), 18 октябрь эса Мустақиллик тикланиши муносабати билан “Халқлар куни” деб эълон қилинган.
Мусулмон Шарқининг биринчи демократик давлати ҳисобланган Озарбайжон Демократик Республикаси ташкил топиши 1918 йил 28 майда Маммад Эмин Расулзода раислигидаги Миллий кенгаш томонидан эълон қилинган. 1991 йил 30 августда ўша пайтда парламент вазифасини бажарган Озарбайжон Олий Кенгаши Мустақиллик Декларациясини қабул қилади. 1991 йил сентябрь ойида Олий Кенгаш ўз мажлисларида Озарбайжоннинг СССР таркибидан чиқишини муҳокама қилади. Икки йил ўтгач, Қизил Армия Озарбайжонга кирди. Шундай қилиб, фақат 1991 йил 18 октябрда Озарбайжон яна мустақил давлат сифатида тарихий майдонга чиқди.
31 йил илгари узоқ давом этган баҳс-мунозаралардан сўнг Давлат мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий акт қабул қилиниши билан Озарбайжон тарихида янги давр бошланди. Бу воқеа жаҳон оммавий ахборот воситаларида “озодлик учун курашда юзлаб ўғил-қизларидан айрилган Озарбайжон ўжарлик билан янги ҳаёт сари қадам ташлади” дея эътироф этилади.
Маълум қилишларича, 1991 йил 29 декабрда бўлиб ўтган референдум бюллетенида фақат битта ибора – “Сиз Озарбайжоннинг давлат мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий акт тарафдорисизми?” деган савол қўйилган. Референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганларнинг 95 фоиздан ортиғи иштирок этиб, мамлакат мустақил бўлишини бир овоздан мақуллаган.
Ўшандан кейин республика фаолияти ниҳоятда оғир тарихий вазиятда бошланди. Дастлаб Озарбайжон мустақиллигини Туркия (1991 йил 9 ноябрь), кейин Руминия (1991 йил 11 декабрь), Покистон (1991 йил 13 декабрь), Швеция (1991 йил 23 декабрь), Эрон (1991 йил 25 декабрь), АҚШ (23 январь) тан олган. 1992 йил 10 апрелда эса Россия ва бошқалар қабул қилди.
Давлатнинг сиёсий ва иқтисодий таянчлари йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Жумладан, иқтисодиётни ривожлантириш, миллий маданий қадриятларни асраб-авайлашга катта эътибор қаратиляпти. Озарбайжон ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан бугунги кунда юқори даражада ривожланган давлатлардан бири ҳисобланади.
Мамлакат иқтисодий ўсиш бўйича нафақат минтақада, балки жаҳонда ҳам етакчи. Минтақадаги бирорта ҳам йирик лойиҳа Озарбайжон иштирокисиз кўриб чиқилмайди. “Аср шартномаси” доирасида амалга оширилган Боку – Тбилиси – Жайҳон нефть қувури Каспий нефтини жаҳон бозорига олиб чиққани алоҳида эътирофга лойиқ. Бу Жанубий Кавказда тинчлик ва хавфсизликни сақлашга, халқ фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилди.
1992 йил 2 март куни Озарбайжон Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлди. Шу кундан бошлаб унинг жаҳон ҳамжамиятида эътироф этилиши қатор давлатлар билан икки ва кўп томонлама ҳамкорлигини тиклашга замин яратди. Натижада мамлакат дипломатиясига қайтадан асос солинди. Кўриб турибсизки, Озарбайжон Туркий давлатлар ташкилоти каби йирик тузилмаларнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган.
Сиёсий тузилма билан боғлиқ маълумотга тўхталадиган бўлсак, Озарбайжон демократик ҳуқуқий дунёвий унитар республика. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг бир қисми бўлган Озарбайжон давлат ҳокимияти тизими ҳокимиятларнинг қонун чиқарувчи (Миллий Мажлис – Миллий Ассамблея), ижро этувчи (Президент) ва суд (Озарбайжон Республикаси судлари)га бўлиниши принсипига асосланади.
Мамлакат ҳудудий жиҳатдан 66 вилоят, 11 шаҳар ва 1 автоном республика – Нахичеван Автоном Республикасига бўлинган. Пойтахти 2.5 миллиондан зиёд аҳолига эга Боку шаҳри. Боку Кавказдаги энг йирик шаҳар бўлиши билан бирга, Закавказнинг энг йирик иқтисодий, саноат, илмий ва техник маркази ва Каспий денгизидаги энг йирик порт.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги икки томонлама муносабатни алоҳида эътироф этиш жоиз. Диёримизда озарбайжон миллатига мансуб 40 минг нафарга яқин юртдошларимиз истиқомат қилмоқда. 2003 йилда Озарбайжон маданият марказлари уюшмаси ташкил этилган. 2010 йилда Озарбайжон элчихонаси қошида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказининг янги биноси очилган.
Биз бу халқ маданияти, миллий байрамларини илиқ қарши оламиз. Мамлакатимизда ҳар йили, жумладан, Озарбайжон миллий байрами – Мустақиллик куни кенг нишонланади. Қувонарлиси, ўзаро манфаатли муносабат жадал ривожланмоқда. Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноатда янги кооперация лойиҳаларини йўлга қўйиш, транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларини илгари суриш мақсадида ҳамкорликнинг институционал механизми фаоллашмоқда.
Кўп йиллик тарихга эга биродар Ўзбекистон ва Озарбайжон дўстлиги маданият, урф-одат ва анъаналардаги яқинлик, муштаракликка асосланган.
Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.
ЎзА