Ҳиротнинг Боғи давлатхона мавзейида, темурийлар хонадонига яқин бўлган давлат хизматчиси Ғиёсиддин Баҳодир оиласида таваллуд топган Низомиддин Мир Алишер феноменал ҳофиза қувватига эга шахс бўлиб, 7 ёшида Фаридиддин Атторнинг «Мантиқут-тайр» асарини ҳамда буюк муҳаддисимиз Имом Исмоил Бухорий ҳазратларининг мингдан зиёд ҳадиси шарифларини ёд билган. 7-8 ёшларидан бошлаб ғазаллар ёза бошлаган.

Бадиий адабиётнинг бош вазифаси – инсоншунослик, инсоннинг мўъжизавий қудратини очиб беришдир. Бу борада тасаввуф илмининг имконияти чексиз, деб ўйлаймиз. Шарқ халқлари маънавияти тарихида чуқур из қолдирган диний-фалсафий таълимот – тасаввуфнинг пайдо бўлиши, тадрижий ривожи, асосий жиҳатларини билмай туриб, ҳазрат Алишер Навоий (1441-1501)нинг ижодига баҳо бериш мушкул. Тасаввуф – инсон камолоти, ахлоқий покланиш ҳақидаги илм бўлган, мазкур тушунча комил инсон концепциясида муҳим нуқта саналган. Инсоннинг ботиний олами, ички зиддиятлари, руҳ ва жисм орасидаги кураш сўфийларни кўп қизиқтирган. Комил инсон – бир идеал, барча дунёвий ва илоҳий билимларни эгаллаган, қалби эзгу туйғуларга лиммо-лим покиза зот, Навоий тили билан айтганда:

Фонийвашеки, ҳам сўзидур пок, ҳам ўзи.

Хуш давлат ул кишигаки, тушгай анинг кўзи.

Тасаввуф аҳли сиғинган идеал – Комил Инсон аслида халқ идеали, адабиёт идеали эди. Бу ҳаётбахш таълимотнинг пешволари ёзиб қолдирган асарлар, сўфиёна руҳдаги шеъру достонларни мутолаа қилар эканмиз, ёруғликнинг зулмга, файзу камолнинг ноқислик, калтафаҳмлик ва нодонликка қарши омонсиз жангига гувоҳ бўламиз, дейди устозимиз Нажмиддин Комилов.»Маърифат – жаҳл-нодонликка қарши жанг» (Тустарий)да сўфийлар Каъба деб кўнгилни тан оладилар, кўнгил раъйига юрадиган, дунёни кўнгил орқали биладиган ва кўнгилга сиғинадиган одамларни Аллоҳнинг севгани, деб биладилар. Навоий ана шу ажойиб анъананинг муносиб давомчиси ва яловбардори бўлган. Дарвоқе, Комил инсон инсонлар жамияти ичидан етишиб чиқадиган мўътабар зотдир. У азалдан мартабаси аниқ бўлган руҳ эмас, балки ахлоқий-маънавий покланиш жараёнида камолга эришгандир. Комилликнинг олий белгиси Ҳақ йўлидан бориб халққа фойда келтиришдир. Киши ўз сўзи, амалий ишлари, нияти билан қанчалик одамларга наф келтирса, ёмонларни туз йўлга солса, Ҳақ йўлида фидо бўлса, у шунча комилдир. Алишер Навоийнинг ўзлари ҳам комиллик мақомига етишган зот эдилар.

Навоий 1498 йилда «Лисон ут-тайр» («Қуш тили»), 1499 йилда «Муҳокамат ул-луғатайн», 1500 йили «Маҳбуб ул-қулуб» асарларини ёзиб битиради. Бу уч асар буюк шоир ва мутафаккир ижодининг авж нуқталари эди. «Муҳокамат ул-луғатайн» («Икки тил муҳокамаси»)да ўзининг бутун ижодий йўлини сарҳисоб қилиб, туркий тильдаги шеъриятнинг қудратини таъкидлаган. Жумладан, унда қуйидаги маълумот бор: «Чун «Лисон ут-тайр» илҳоми била тараннум тузуп­мен, қуш тили ишорати била ҳақиқат асрорини мажоз суратида кўргузупмен». Алишер Навоий гўдаклик чоғларидан тасаввуф шеърияти йирик намояндаси Фаридид­дин Аттор яратган «Мантиқ ут-тайр» асарига меҳр қўйган эди. Умрининг охирида ушбу асарга татаббу – жавоб ёзар экан, ўзининг шунгача ёзган барча асарларига фалсафий якун ясайди. Аттор асари Борлиқнинг ягона моҳияти, Ҳақ асрори ва инсон учун уни англаб етиш имкони даражаси ҳақида эди. «Лисон ут-тайр» мазмуни «Мантиқ ут-тайр»га зид ёки ундаги фикрларнинг такрори ҳам эмас, балки янги тарихий-маънавий босқичдаги шарҳи, талқинидир.

Алишер Навоий ХV асрнинг охирги ўн йиллигида ўзининг «Мажолис ун-нафоис» ва ислом маънавиятининг буюк сиймолари, хусусан, турк, форс, ҳинд машойихлари тарихига оид «Насойим ул-муҳаббат» («Муҳаббат шаббодаси»)ни ёзади. Бу асарларда маънавиятнинг жонли сиймоларидан мингга яқин киши ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган. Навоий тасаввуфий фаолиятида Баҳоуддин Нақшбанд ғояларини шу сулукнинг иккинчи бир йирик намояндаси – Хожа Аҳрор Валий билан яқин муносабатда бўлган ҳолда ривожлантирган. Ҳатто ул зотнинг устози, хассос шоир Абдураҳмон Жомий, забардаст шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурлар ҳам Хожа Аҳрорни ўзларининг маънавий пири муршидлари сифатида эҳтиром қилганлар, унга атаб асарлар битганлар. «Шайхлар шайхи» деб ном олган зотнинг гапини бирор ҳукмдор, ҳоким, шаҳзода икки қилмаган экан. Буюк шоир Абдураҳмон Жомий Хожа Аҳрорни «Каъбаи мақсуд» деса, ҳазрат Алишер Навоий «Тариқат қутби», деб улуғлаган.

НАВОИЙ – САЛТАНАТНИНГ УСТУНИ, АДОЛАТНИНГ ТИМСОЛИ

Низомиддин Мир Алишер Хуросон салтанатида буюк шоиргина эмас, етук шахс ва адолатнинг тимсоли дея эътироф этилган. Ҳазрат Навоийнинг адолати унинг катта-кичик барча ишлари, нозик таъб асарлари, жамият ва эл-улусга бўлган муносабатларида тўла акс этган. Навоий яшаган давр ва унинг номи билан боғлиқ асару мактубларни ўрганган А.Ҳайитметов, А.Қаюмов, А.Ўринбоев, Н.Комилов, С.Ғаниева, И.Ҳаққул, Ю. Турсунов, М. Ҳасанов сингари олимларнинг қимматли тадқиқотлари яратилган. Темурийлар замонида маданият, илм-фан юксак даражада гуллаб-яшнаган эди. Хусусан, Навоийнинг мактублари у, чиндан ҳам «салтанатнинг устуни, ҳоқонликнинг кифти» бўлганлигини кўрсатади. Навоий шаҳзодалар ва кўпроқ Бадиуззамон Мирзога ёзилган мактубларида уларни мамлакатни қандай бошқариш санъатига ўргатиб боради. Темурийлар учун алоҳида аҳамият ва моҳият касб этган ота ва ўғил муносабатларига муттасил диққатни жалб этади. Шаҳзодаларда қадим туркий ва исломий маданият асосида юксак ахлоқий сифатларни тарбиялашга жидду-жаҳд қилади. Шу билан бирга, ўзи ва бошқа айрим замондошлари тўғрисида нозик маълумотларни қайд этиб боради…

Навоий ўзбек мумтоз адабиётида «Муншаот» деб аталадиган янги бир жанрни бошлаб берган. Мактублар бир одамнинг иккинчи киши билан бевосита суҳбати ва мулоқоти бўлганлиги учун расмий тил жимжималаридан холи бўлади. Биргина мисол: Алишер Навоийнинг бетоб эканини эшитган дўсти Ҳусайн Бойқаро унга махсус мактуб юбориб, аҳвол сўраган бўлса керак, Навоий унга ушбу жавобни ёзади: «Иноят қилиб сўрдира йиборилган иншонгким, етти, айтса бўлғайким, баданда ҳарорат шуъласидин шараре ва кўнгулда изтироб шиддатидин асаре қолмади. Битикингдинки, саводини кўриб жон топдим».

Алишер Навоий «муқарраби ҳазрати султоний» («султон ҳазратларининг энг яқин кишиси») деган унвонни олган эди. Унвон Навоийга давлатнинг барча ишларига аралашиш ҳуқуқини берарди. Унинг кичик замондоши Зайниддин Восифий «Бадоэъ ул-вақое» асарида шундай бир ҳаётий лавҳани келтиради.

Бир куни у намоз вақтида Ҳусайн Бойқаронинг ҳузурига келади. Намоз пайти подшоҳ ҳузурига кириб арз қилиш ҳуқуқи фақат Алишер Навоийга берилган экан. Ҳусайн Бойқаро нима ҳодиса бўлганини сўраганда, Мирҳожи Пир деган золим амир бойлик ва мартабадан қутуриб, ўзини подшодан ҳам баланд олаётганини, кўчалардан тахтиравонда улуғ султонлар муяссар бўлмаган нашъу намо ва тантана билан ўтганини шундай бўрттириб тасвирлайдики, Ҳусайн Бойқаро ҳовлиқиб кетган бу амирнинг ҳаром йўл билан орттирган молу мулкини мусодара қилишни буюради. Бундай ибратли мисоллар жуда кўп (Манба: Алишер Навоийнинг «Муншаот» китоби).

Бахил кучлар Ҳусайн Бойқаро билан унинг катта ўғли Бадиуззамон Мирзо орасига низо уруғини сочадилар. Шунда табаррук зотнинг бир неча мактублари ота билан ўғилнинг орасида пайдо бўлган низони бартараф қилишга йўналтирилади. Навоийнинг гувоҳлик беришича, бу низо кўпроқ ўғилнинг кибру ҳавога берилганлигидан келиб чиққан эди. Астрободга ҳоким қилиб тайинланган Бадиуззамон Мирзо отасининг хазинасига вилоятдан юборилиши керак бўлган мол-маблағни юбормайди. Навоий ёзади: «Яна битибсизким, «Астрободга киши юбормангким, бермагумдур»… Бу мазмунни ҳам мулойимроқ бита олур эрдингиз...». Навоий ҳовлиқиб кетган шаҳзоданинг хатоларини аниқ далиллар билан исботлаб беради. Мактублар самимият ва жонкуярлик билан ёзилгани унинг ҳар бир сатридан сезилиб туради. 37 рақам қўйилган иккинчи мактубда Навоий Бадиуззамон Мирзога «мажлис қуриб чоғир ичарга кўп ҳирс кўрсатилмаса, кутубхона аҳли билан машғуллик қилилса, таворих ўқумоқ буюрилса… батахсис (хусусан) «Зафарнома».Шу насиҳатлар орасида Навоий Амир Темурнинг Ҳусайн Бойқарога тўртинчи насаб эканини, шу сабабли ҳар ҳафта жума намозида Темурбекнинг номини хутбага қўшиб ўқитишини ибрат қилиб кўрсатади.

«Сиз эса иншонгиз туғросидан Мирзонинг муборак отин чиқарибсиз», деб Навоий шаҳзоданинг яна бир хатоси отасига ҳурматсизлик қилгани эканини айтади. Ҳадиси шарифдан пайғамбаримиз айтган қуйидаги сўзларни келтиради: «Тенгри таоло ризоси ота ризосига вобастадир. Тенгри таоло ғазаби ҳам ота ғазабига вобастадир. Машойихлар «валедука раббука», яъни «отанг парвардигорингдур» деганлар».

НАВОИЙ – МАЪНАВИЙ ПИРИМИЗ

Биз Навоийни асарларини англашни бошласак, миллий уйғониш жараёни тезлашади, учинчи ренессансни қуришимиз енгиллашади. Албатта, ренессанс асосларини яратишда Навоий маънавий пир, Амир Темур моддий мададкор миссиясини бажаради. Бу ҳаққоний гап. Ҳазрат Алишер Навоийга келсак, маънавий-руҳий дунёсининг кўпроқ икки жиҳатини: жаҳон маънавият оламига қўшган улушини ҳамда шоир олдидаги маънавий қарзимиз миқдорини чуқур ҳис этиш фурсати етиб келди.

Хамсанавислик, гуманизмни ёқлаш, адолатли подшоликка чорлаш, комил инсонни улуғлаш, тасаввуф илмини юксакликка кўтариш, оилада тарбияга урғу бериш, устоз-шогирдликни тиклаш, байналмилаллик, тилни камолотга етказиш Ҳазратнинг беназир хизматлари бўлса, «Хамса», «Хазойин-ул маоний» ва барча асарларига жойланган маънавий хазинани тушуниш, комил инсон бўлиш, адолатли жамият қуриш, жамиятда маърифатли инсонларни қадрлаш каби сиёсий тадбирлар пир олдидаги қарзларимиздир.

Бизга маълумки, демократия, сўз эркинлигини кўпинча Ғарб мамлакатларининг меваси, деб тақдим этадилар. Ҳаққоний, холис ахборотнинг салтанатни бошқаришдаги аҳамияти ҳақида «Сен шоҳсен – агар огоҳсен, агар огоҳсен шоҳсен сен», деб бундан беш юз йил олдин хитоб қилган Алишер Навоий чин маънода демократ эди.

Шоирнинг фикрича, инсоннинг қадр-қиммати унинг мол-мулки билан эмас, балки маънавий қиёфаси, ахлоқий сифатлари билан ўлчанади. Навоий фалсафасида сиёсий назария (идеал давлат қуриш) ва ахлоқий назария (комил инсон таълимоти) узвий боғлиқликда ифодаланади. Ижтимоий-сиёсий масалада шоир гуманистик таълимотни яратди: шоҳни боғбонга, мамлакатни боғга қиёслади, унга кўра, боғбон оқил, меҳнатсевар бўлса, боғи гуллаб яшнайди, подшоҳ маърифатли, билимдон, адолатпарвар бўлса, халқини севса, мамлакати обод бўлади!

Навоий халқлар ўртасидаги буюк дўстликни ўз асарларида тараннум этган. Қарангки, шоир достонларининг қаҳрамонлари турли халқ вакиллари: Ширин – арман қизи, Фарҳод – хитой ўғлони, Шопур – эронлик, Маъсуд – ҳинд, Лайли ва Мажнун – араб, Искандар ва унинг маслаҳатчилари Арасту, Буқрот, Суқрот – юнонлик бўлишган.

Мир Алишер Навоий маънавий пиримиз, биз учун идеал, доимо интиладиган етук сиймо, феноменал шахс! Буюк шоирнинг маънавиятимиз учун қўшган оламшумул ҳиссаси жасорат намунаси эди. Шул боис, Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Туркий тил била то шеър айтибдурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўб айтқон эмас», деб эътироф этади.

Қила олғунча ул бўлсин шиоринг,

Ки яхши от қолғай ёдгоринг.

Алишер Навоий бутун умрини нафақат ижодга, балки халқ фаровонлиги йўлида бунёдкорлик ҳамда эзгулик ва хайр-саховат ишларига бағишлаган. Ҳа, Навоий умри бўйи миллат қайғусида яшаган,ўз жамғармаси ҳисобидан Ҳиротда ва бутун Хуросон мамлакатида 300 дан ортиқ иншоотлар қурдирган...

АЙРИМ КАМЧИЛИКЛАР...

Юртимизда Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги юксак даражада нишонланмоқда. Унинг назмий асарлари 120 минг байтдан ортиқ. 51230 мисрадан ташкил топган «Хамса» эса шоирнинг шоҳ асаридир. «Хазойин ул-маоний» (Маънолар хазинаси) девони қарийб 45 минг мисрадан иборат. Назаримда, ҳазрат Навоийга маънан яқинлашиш, асарларида жо бўлган тасаввуфий маъноларни яхши тушуниш борасида тан олиш керакки, айрим камчилигимиз мавжуд. Президентимизнинг 2021 йил 4 февралда “Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида»ги қабул қилган қарори ана шу ишларни якунига етказиш борасида катта қадам бўлди. Фонднинг фаолияти Алишер Навоий ҳаёти, юксак инсонпарварлик ғоялари ва илмий-адабий меросини юртимизда ва халқаро миқёсда кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш, асарларини хорижий тилларга таржима қилишмукаммал илмий нашрларини яратиш, уларни республикада ва чет элларда нашр этишга қаратилган. Алишер Навоий халқаро фонди бу борада сезиларли ишларни амалга оширишига ишонамиз. Хорижий элларда ҳам шоир, мутафаккир номини ва асарларини яхши билишади.

Масалан, АҚШнинг Индиана штатида бир аёл диссертация ёқлаган, Туркияда ўнлаб тадқиқотлар чоп этилган. Мамлакатимизда эса Навоий бобомиз номлари билан юритилувчи боғлар, илм-фан, маданият масканлари ва битта вилоятимизга мутафаккирнинг номлари берилиши давлатимизнинг, халқимизнинг шоир сиймосига бўлган эҳтиромининг ёрқин намунасидир.

Аммо қайд этиш жоизки, ҳозирга қадар мактабларда, институтларда Навоий ижодига бағишланган махсус курслар ўтилмайди, мумтоз адабиётни, тасаввуфни билгувчи педагоглар етишмайди. Таклифимиз шуки, мактабларда «Тасаввуф», «Алишер Навоий асарларига кириш» фанларини навбатма-навбат киритиш, нашриётларда «Хамса» достонлари насрий баёнини, Навоий асарлари изоҳли луғатини қайта чоп этиш, шунингдек, янги тузилган фонд орқали «Навоийшунослик» номли қисқа курсларни ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Мактаб ўқувчилари учун Алишер Навоий гуманизм ғояларини тушунтирадиган содда, равон табдиллар (насрий баён)ни мобиль иловаларда, телеграм каналларда бериб боравериш лозим.

Бир кичик мақолада Навоийнинг адабиёт ва миллат олдидаги хизматларини очиб бериш қийин ишдир. Буюк бобокалонимиз ўзидан бебаҳо адабий мерос қолдириб, улкан жасорат кўрсатган нурли сиймо эди.

Навоийни англаш – миллий уйғониш йўли ва учинчи ренессанснинг боши! Зеро, Навоий инсон қалби ва эътиқодини юксалтириш, дунё миқёсида фикрлашга даъват қилади! Бу масала ечимида, албатта, Навоий бобомизнинг ўлмас асарлари илмга ташна ёшларимиз учун идеал, маънавий маёқ вазифасини ўтайди.

Бахтиёр ОМОН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

сиёсий фанлар доктори 

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун мумтоз адабиётни, тасаввуфни билувчи педагоглар етишмайди ёхуд Алишер Навоий чин маънода демократ эди