Бугун Мисрда миллий байрам – Инқилоб куни нишонланмоқда
Дунёнинг етти мўъжизасидан бири – эҳромлар (пирамидалар) жойлашган Африка шимолий-шарқидаги давлат – Миср Араб Республикасининг пойтахти Қоҳира шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 27 вилоятга бўлинган. Исроил, Фаластин, Судан ва Ливия билан чегарадош. Пул бирлиги Миср фунти. Давлат тили – араб тили. Амалдаги конституцияси 1971 йил 11 сентябрдаги референдумда маъқулланган, кейинчалик ҳужжатга ўзгаришлар киритилган.
Давлат бошлиғи – президент (2014 йилдан Абдулфаттоҳ Ас-Сисий). Ваколат муддати – 6 йил. Қайтасайланиш сони чекланмаган. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни президент бошқаради. У Бош вазир ва ҳукумат аъзоларини тайинлайди ҳамда лавозимидан озод қилади.

Миср 1945 йилдан БМТаъзоси. Миллий байрами – 23 июль, Инқилоб куни.
Маориф ҳақида гап кетганда X асрда Ал-Азҳар университетга асос солинганини қайд этиш лозим. Дастлабки дунёвий ўқув юртлари XIX аср иккинчи ярмида пайдо бўлди. Хорижий ва маҳаллий хусусий мактаблар барпо этилди. 4 йиллик бошланғич мактаб энг кўп тарқалган ўқув юрти эди. 1952 йилдан кейин бошланғич ва ўрта мактаб ислоҳ қилинди. 1956 йил барча болаларга 6 ёшдан мажбурий бепул бошланғич таълим бериш ҳақида қонун қабул қилинди. 1962 йилги декрет мактабгача тарбиядан то олий ўқув юртигача, барча давлат ўқув юртларида бепул таълим жорий этди. Эндиликда болалар учун 6 ёшдан бошлаб 6 йиллик бошланғич таълим, сўнгра 3 йиллик тўлиқсиз тайёрлов ва 3 йиллик тўлиқ ўрта мактаб мавжуд. Барча босқичларни жамлаган хусусий мактаблар бор. Ҳунар-техника тайёргарлиги ҳунар билим юртлари, ҳунар марказлари, ўрта махсус ўқув юртлари, шунингдек, 5 йиллик техника мактабларида олиб борилади. Олий таълим тизимига университет, институт ва 4 йиллик коллежлар киради. Тўлиқсиз олий маълумот берадиган 2 йиллик техника институтлари ҳам бор. Мамлакатдаги 14 университетнинг энг йириклари: Қоҳира, Айн Аш-Шамс, Искандария университетлари, Ал-Мансура ва Қоҳирадаги политехника ҳамда Асвондаги индустриал институтлар талабалар талпинадиган энг машҳур масканлардир.
Машҳур музейлари – Ислом санъати музейи (1882 йил очилган), Геология музейи (1899й), Миср музейи, Замонавий санъат музейи (1920), Пахта музейи (1923), Транспорт йўли музейи (1933), Ҳарбий музей – ҳаммаси Қохирада, Искандариядаги Юнон-рим осори атиқалари музейи (1892) каби дил тортар даргоҳлар ҳамиша сайёҳлар билан гавжум.
Миср медиа саноати ҳам ранг-баранглиги билан ажралиб туради.
Вақтли нашрлар сони 300 дан ошади. Энг йириклари – “Ал-Иҳром“ (1875 йилдан фаолият кўрсатади), “Ал-Ахбор“ (1944), “Ал-Жумҳурия“ (1953), “Ал-Аҳоли“ (1978), “Ахбор Ал-Явм“ (Кун янгиликлари, 1944), “Ал-Вафд“ (1984) каби кундалик газеталар, шунингдек “Ахир саъа“ (Сўнгги соатда, 1934), “Ал-Кавокиб“ (Юлдузлар, 1952) журналлар араб тилида нашр этилади.
Француз тилида чиқадиган кундалик хусусий “Миср газетаси“ (1936), инглиз тилида чиқадиган кундалик “Миср почтаси” газетаси ва қатор электрон нашрлар бор.
Миср радиоэшиттириш ва телекўрсатув уюшмаси 1928 йил ташкил этилган.
“Масперо” расмий равишда Миллий Медиа қўмитаси – Миср ҳукумати органи, Ахборот вазирлиги ўрнига тузилган. Яқин Шарқдаги энг қадимги ва энг йирик медиа ташкилотларидан бири. Араб тилидаги медиа-контент ва ижодий мероснинг асосий қисмига эгалик қилади. Бош қароргоҳи Қоҳирада жойлашган. Давлат аудио ва визуал оммавий ахборот воситалари (давлат телевидениеси ва радиоси) фаолиятини бошқариш, тартибга солиш учун жавобгар.
Миср ҳукумати ахборот хизмати ўзига хос расмий оммавий ахборот воситаси ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими сифатида хизмат қилувчи давлат органидир. 2012 йил 6 сентябрдаги қарор билан ушбу хизмат Ахборот вазирлиги тизимидан Республика Президенти тасарруфига ўтказилди. 1954 йил ташкил этилгандан буён иқтисодиёт, сиёсат, маданий-ижтимоий муносабат бўйича ички ва ташқи даражадаги давлат сиёсатини тарғиб қилиб келмоқда. Агентлик сиёсий фаоллик, саводхонлик, оилани режалаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича аҳоли хабардорлигини оширишга ҳам кўмаклашади. Қароргоҳи Наср шаҳрида жойлашган, 64 маҳаллий, 32 халқаро матбуот бюросига эга. Номинал тўлов эвазига агентлик жисмоний шахсларга интернетга киришни таъминлайди. Шунингдек, намойиш ва конференция заллари тқдим этади. Чет эл матбуоти ва журналистлари билан ишлаш учун ҳам жавобгар.

Эслатиб ўтамиз, Миср Араб Республикаси Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини 1991 йил 26 декабрда тан олган ва 1992 йил 23 январда икки мамлакат ўртасида дипломатия муносабати ўрнатилган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА