-
“Янги Ўзбекистон”да куннинг муҳим сиёсий воқеа-ҳодисалари тафсилотларини ёритишга алоҳида эътибор қаратилган. Давлат раҳбарининг 7 июль куни Наманган ва Жиззах вилоятларида ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудлардаги ишларнинг бориши ва лойиҳалар ижроси юзасидан тақдим этилган ҳисоботлар билан танишганига оид шарҳлар, Қатар Давлати Амири шайх бин Ҳамад Ол Соний билан телефон орқали мулоқоти тўғрисида хабар берилган. “Ўзбекистон “яшил водород” ишлаб чиқарадиган етакчи давлатлардан бири” мақоласида Ўзбекистон дунёда “яшил энергия” ишлаб чиқарадиган олтинчи давлатга айлангани, мамлакатимиз янги саноат маҳсулоти – “яшил водород” ҳамда яшил аммиак, яшил минерал ўғитлар ишлаб чиқара оладиган саноқли давлатлар қаторидан жой олгани ҳақида сўз боради. “Шерикчиликдан иттифоқчилик муносабатларигача бўлган ишонч йўли” саҳифасида Ўзбекистон – Озарбайжон ўртасидаги дўстлик истиқболлари таҳлил қилинган. “Яримўтказгичлар саноати”, Буюк мақсад сари элтувчи машъал”, “Тиббиёт туризми”, “Қизилқумнинг яширин хазинаси” каби мақолаларда юқори технологик маҳсулотларимизнинг сифат ва нарх жиҳатидан афзалликлари, мактабгача таълим соҳасидаги ўзгаришлар самараси, экология, жаҳон туризм саноатининг етакчи йўналишларидан бири тиббиёт туризми истиқболлари – инсон, унинг интилишлари, имкониятлари акс этган.
“Халқ сўзи”да ҳам ўқувчи эътиборини тортиши мумкин бўлган бир қатор саҳифа, мақолалар эълон қилинган. Ўзбек – озар дўстлигига бағишланган “Азалий ришталар янада мустаҳкамланмоқда” саҳифаси шулар жумласидан. Албатта, ўқинг. “Жамият тараққиётини таъминловчи куч” саҳифасида берилган ушбу факт ва рақамлар эътиборли: Ўзбекистон БМТ “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторига киради. Бу йил камида 50 минг нафар қиз “Рақамли авлод қизлари” лойиҳаси билан қамраб олинади. “Топ – 3000”талик олийгоҳга кирган ёшларга 20 минг долларгача имтиёзли кредит берилади. Сўнгги етти йилда 40 ёшгача бўлган раҳбарлар улуши 37 фоиздан 65 фоизгача ошди. “Ғаллачилик – озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг устувор йўналиши”, “Қишлоқ тиббиёти қачон ўнгланади?”, Сунъий интеллект: инсон измидаги мўъжиза” каби мақолаларда бугунги кун ташвишлари, ислоҳотлар ва ютуқлар акс этган.
“Ishonch” “Суғурта тизими нега замон нафасини ҳис қилмаяпти?” деган савол билан Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигига мурожаат қилади. Ҳамкасбларимизнинг саволи минглаб газетхонларнинг ҳам қалбидаги оғриқ ўлароқ янграйди. Автотранспорт воситасини суғурта қилиш мажбурият сифатида белгилаб қўйилган. Қоидага биноан йўл-трапнспорт ҳодисаси содир бўлса, етказилган суғурта компанияси қоплаб бериши керак. Аммо бу иш хамирдан қил суғургандек осонлик билан битмайди, дея бошлайди муаллиф саволини. Кўрамиз, Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги нима деб жавоб беради. “Билимдон”да болаликнинг беғубор дамлари, “Назорат бор жойда тартиб бўлади”, “Ҳақиқат ўз сўзини айтди”, “Ёшлар ва экологик хавф: келажак кимнинг қўлида?”, “Глобализациядан кейинги дунё: эҳтиёжлар хавотирлар, йўналишлар”, ”Болага китоб беринг”, “Блогер ҳамма соҳанинг пири(ми?)”, “Ҳаётимнинг устунисиз, ота!” каби мақолаларда бугунги кун нафасини ҳис қиласиз, инсон ва жамият, тараққиёт йўлидаги ютуқ ва муаммолар таҳлили, ечимига қаратилган муҳим мушоҳада ва қарашларга дуч келасиз...
Бугунги газеталарни ўқинг.
А.Нарзуллаев, ЎзА