“Янги Ўзбекистон” “Шукуҳ” рукни билан бошланади. “Биринчи қўнғироқ”нинг жарангдор овози” саҳифаси янги ўқув йили бошланиши билан мактабларимизда ҳукмрон бўладиган унитилмас он, лаҳзалар ҳақида. Бу йил юртимизда 700 мингдан ортиқ болажонлар илк бор мактабга қадам қўйди. Саҳифада уларнинг қувончи, ҳаяжонлари акс этган. Шунингдек, газетада озиқ-овқат хавфсизлиги, кластер – қишлоқ хўжалигининг замонавий ва самарадор қуввати, янги мегалойиҳа, хотиржамлик, енгиллик бағишловчи неъмат, Риштонга сайёҳ келса, хижолат бўлардик каби мақолаларда инсон ва жамият, ўзгараётган замон ва юртдошларимиз қиёфаси акс этган. “Қизилқум инвесторларни нимаси билан жалб қилмоқда?”, “Масофавий таълимнинг афзаллиги нимада? Камчилиги-чи?” каби мақолалар чуқар таҳлил ва мушоҳадаларга бойлиги билан эътиборли.
“Халқ сўзи”да ҳам янги ўқув йили кенг ёритилган. “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” саҳифасида мамлакатимиздаги барча умумтатаълим мактабларида “Биринчи қўнғироқ” садолари жаранглаб, 2023/2024 ўқув йили бошлангани билан боғлиқ лаҳзалар акс этган. “Дунё нигоҳи” рукнида “Российская газета”сида Россия Ҳукумати ҳузуридаги Молия университетининг Халқаро иқтисодий муносабатлар тадқиқот институти директори Виктория Перскаянинг “Ўзбекистон Марказий Осиё минтақаси тараққиёти ва фаровонлигининг асосий иштирокчиси” сарлавҳали мақоласи эълон қилингани ҳақида сўз боради. “Хитой яқин қўшни, дўст ва ишончли ҳамкор сифатида Ўзбекистоннинг ютуқларидан мамнун” саҳифасида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь “Дунё” АА мухбири саволларига жавоб берган. “Ўтмиши мунгли, бугуни нурафшон” саҳифаси Марказий Осиёнинг йирик саноат марказларидан бири – Навоий шаҳридаги ўзгаришлар ҳақида...
“Ishonch”нинг бугунги сони “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” саҳифаси билан бошланади. Ўзбекистон халқ шоири Сиржиддин Саййид “Ватан бағрида бўл бедор” шеъри билан дилларга хитоб қилади. “Янги ўқув йилининг илк сабоқлари” мақоласи ҳам эътиборли. Сиёсатшунос, “Билим карвони” нодавлат илмий муассасаси директори Фарҳод Толиповнинг “Марказий Осиё минтақавий интеграцияси. Унинг концепцияси, модели ва динамикаси қандай бўлиши керак?” номли мақоласи ўқувчи эътиборидан четда қолмайди. Унда шундай сўзлар бор: “...Мазкур давлатларнинг минтақавий ҳамкорлиги бугунга келиб, (деярли ўн йиллик танаффусдан сўнг, шахсан Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан) тикланган бўлса-да, бу борада ҳал қилувчи учта савол ҳанузгача ечилмаган ва ҳатто чуқур ўрганилмагандек туюлади, менга. Бу, интеграциянинг концепцияси, модели ва динамикаси масаласидир”. Мақолани, албатта, ўқинг. Таниқли шоира Зулфия Мўминованинг “Ўзбекистон десам, бошим осмонларга етади” ифтихорномаси мароқ билан ўқилади.
Бугунги газеталарни ўқинг.
ЎзА