Бугун 12 январдан бошлаб юртимиздаги аномал совуқ ҳисобга олиниб, Навоий вилоятидаги 363 та мактабнинг 230 тасида ҳокимликларнинг тавсияси билан дарслар бошланди.
Хўш, қишки таътилнинг биринчи кунида дарслар бошланган мактаблардаги аҳвол қандай? Давомат қониқарли, синф хоналардаги ҳарорат талаб даражасидами? Шу ва бошқа бир қатор саволларга жавоб топиш мақсадида бир қатор таълим муассасаларидаги ҳолатни кузатдик.
Навбаҳор туманида 37 та умумтаълим мактаби мавжуд бўлиб, уларда 18295 нафар ўқувчи таълим олади. Бугун тумандаги барча мактабда дарслар бошланган.
Дастлаб 22-умумтаълим мактаби фаолияти билан танишдик. Мактабда 429 нафар ўқувчига 52 нафар ўқитувчи сабоқ беради. Дарслар 2 навбатда ташкил этилиб, бугун 1-навбатда 242 нафар ўқувчининг 60 нафари дарсларга келган. Гарчи ташқари совуқ бўлсада, синф хоналарида ҳарорат нормал ҳолатда. Сабаби:
– Мактабимиз асосан кўмир билан иситилади, – дейди мактаб директори Гулшан Нурбоева. – Куз-қиш мавсуми учун қарийиб 70,6 тонна кўмир олгандик. Ҳозирда 40 тоннадан зиёд захирамиз мавжуд. Бугун мактабимизда дарслар бошланишини эшитганимиздан тайёргарликни кўрдик. Синф хоналаримиз иссиқ. Лекин давоматимиз яхши эмас. Боиси куннинг совуқлигини ҳисобга олган ҳолда ота-оналарнинг ўзларига қўйиб бердик. Ким хоҳласа фарзандини мактабга юборсин, деб синф раҳбарларимиз ҳар бир ота-она билан телефонда гаплашиб чиқди.
[gallery-10253]
Синф хоналарини кўздан кечирамиз: ўқувчилар камлиги боиси 9 - “а” ва “б” синфлар битта синфда дарс ўтишмоқда. Бугунги дарс машғулотларига 9 - “а” дан 19 нафардан 13 нафар, 9 - “б” дан 19 нафардан 7 нафар, 10 синфдан 25 нафар ўқувчидан 13 нафари, 3-“а” синфидан 26 нафардан 6 нафар, 3-“б” синфидан эса 24 нафардан 16 нафар ўқувчи дарсда иштирок этмоқда.
Тумандаги 5-мактабда эса вазият умуман бошқача.
Мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Наргиза Мамараимованинг берган маълумотига кўра, таълим муассасасида 868 нафар ўқувчи, 80 нафар ўқитувчи бор. Дарслар икки навбатда олиб борилади. Биринчи навбатда 524 нафар ўқувчидан 175 нафари дарсларга келган. Синф хоналари совуқлиги боис дарслар қисқартирилган ҳолда ўтилган ва ўқувчиларга жавоб берилган. Ўқитувчилар қўшимча иситиш воситасидан фойдаланган ҳолда тўпланиб исинмоқда.
Мактаб иситиш тизими табиий газ билан иситилади. Мактабнинг хўжалик ишлари мудири Фаррух Фахриддинов ҳамроҳлигида қозонхонани кўздан кечирар эканмиз, газ босими жуда пастлиги эътиборимизни тортди. Албатта, газ босими паст бўлгандан кейин синфхоналар исимайди-да.
Мактаб ҳовлиси қордан тўлиқ тозаланмаган. Йўлаклар музлаган. Эҳтиёт бўлинмаса, йиқилиб тушиш ҳеч гапмас.
– Мактабимиз ҳовлисига Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари билан биргаликда ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш мақсадида майдонча ташкил қилган эдик. Йўлакларимиз музлагани боис, қилган меҳнатимиз бесамар кетмасин, дея музларни қўпора олмадик. Шунинг учун йўлакларнинг аксарият қисми қордан тозаланмаган, – дея изоҳ берди Ф.Фахриддинов.
Ўқувчилар музлаган йўлда йиқилишса майли-ю, лекин йўл белгилари чизилган майдонга зарар етмасин. Садағанг кетай. Давлатимиз томонидан ўқувчилар соғлигини ўйлаб, “бугун мактаб, эртага мактаб”, дея баҳс кетаётган бир пайтда...
Навбатдаги манзилимиз Кармана туманидаги 5-давлат ихтисослашган умумтаълим мактаби бўлди. Мазкур мактаб ҳам табиий газ билан иситилади. Таълим даргоҳи 1974 йилда қурилган. 1384 нафар ўқувчига 127 нафар ўқитувчи сабоқ беради. Мактаб директори Шокир Қурбоновнинг айтишича, бугунги дарс машғулотларига 452 нафар ўқувчи келган. Аммо синф хоналарининг совуқлиги боис ўқувчиларга жавоб бериб юборилган.
– Синф хоналари совуқ, газ босими пастлиги боис етарли даражада иситишнинг имкони бўлмаяпти. Ўқувчиларнинг соғлигини ўйлаб, 3-4-соатдан кейин уларга жавоб бериб юбордик. Чунки уларнинг соғлиги бугунги кунда биз учун биринчи ўринда, – дейди мактаб директори.
Бугун соҳага алоқадор барча даражадаги раҳбарлар таълим муассасалари фаолиятини назорат қилмоқда. Бориб у ердаги иситиш тизими, қозонхоналар ҳолатини ўрганмоқда. Юртимиздаги аномал совуқ эса барча тоифадаги ташкилотларда олиб борилган куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг асл ҳолатини кўрсатди, десак муболаға эмас.
Ўрганиш ишлари эса давом этади.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА