САМАРҚАНДНИНГ ИЛМИЙ ВИЖДОНИ

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги, филология фанлари доктори, профессор Ботирхон Валихўжаев (1932 – 2005) ҳаёт бўлганида табаррук 90 ёшни қарши оларди. Шуни ишонч билан айта оламизки, устоз ўзининг ибратли ҳаёт йўли, баркамол инсоний қиёфаси, теран тафаккури, чуқур илмий тадқиқотлари билан қалбларда яшамоқда. 

Ботирхон Валихўжаев 1932 йил 1 апрелида Самарқанд шаҳрининг Қози Ғафур маҳалласида маориф равнақини таъмин этишга умрини бағишлаган фидоий инсон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, шоир Набирахўжа Валихўжаев – Хилъат (1894 – 1968) ва бадиий қалам шайдоси Ҳафизахон Тўрахўжа қизи (1897 – 1949) оиласида таваллуд топди. Оиладаги  маърифий суҳбатлар, ҳофизхонлигу навоийхонликлар, китобсеварлик бўлажак олимда адабиётга ўзгача меҳр уйғотгани – шубҳасиз. Ботирхон домла ана шу тарзда адабиётга муҳаббатни ота-онасидан юқтирди, улардан илк сабоқни олди. 

Адабиётга, сўзшуносликка бўлган муҳаббат, қизиқиш, тинимсиз ўрганиш ва изланишлар бўлажак олимнинг катта илмий даргоҳларда таҳсил олишига замин яратди. 1947 йил Самарқанд шаҳридаги тожик педагогика билим юртини имтиёзли диплом билан тугатган Ботирхон домла 1948 – 1953 йилларда Алишер Навоий номидаги Ўзбек давлат университети (ҳозирги СамДУ) Филология факультетида таълим олиб, бу қутлуғ даргоҳни ҳам имтиёзли диплом билан битирди. Бўлажак олим илмга ташналиги, қалбининг адабиётга  ошуфталиги боис 1953 – 1956 йилларда ЎзДУ аспирантурасида таҳсилни давом эттирди.

Ботирхон домла отасининг табаррук касби - шарафли ва машаққатли бўлган муаллимликни танлаб, умрининг охиригача улуғлади. 1956 йилда ЎзДУ ўзбек адабиёти тарихи кафедрасининг ўқитувчиси сифатида олий таълимда педагогликни бошлаган устоз умрининг охиригача шу даргоҳ(СамДУ)да турли лавозимларда фаолият юритди: СамДУ ўзбек адабиёти тарихи кафедраси доценти (1961), профессори (1971), ўзбек ва тожик филологияси факультети декани (1971 – 1973), тожик тили ва адабиёти кафедрасининг мудири (1974 – 1985), ўзбек ва тожик филологияси факультети декани (1986 – 1988), СамДУ филология маркази директори (1993 – 1996), СамДУнинг биринчи проректори (1997 – 1998) ҳамда ўзбек адабиёти тарихи кафедрасининг мудири (1985 – 2005).

Ўзининг фидойилиги, катта меҳнат ва сабру бардоши билан оддий талабаликдан масъулиятли, юксак чўққиларга кўтарилган Ботирхон Валихўжаев филология фанлари номзоди (1960), филология фанлари доктори (1968), профессор (1971), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1982), Шарқшунослар жамиятининг аъзоси (1983), Камол Хўжандий академиясининг аъзоси (1983), СамДУнинг фахрий профессори (1994), Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг мухбир аъзоси (1994), Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги (2000) каби даража ва унвонларга лойиқ топилди.

Олимнинг 1960 йилда академик В. Абдуллаев раҳбарлигида ҳимоя қилган «Ўзбекистонда адабий-танқидий қарашлар тараққиёти тарихи (XV – XIX асрлар)» мавзусидаги номзодлик диссертацияси ўзбек адабиётшуносигида катта аҳамият касб этди. Мазкур тадқиқот ўз муаллифини илмий-адабий жамоатчиликка янада яқинроқ таништирди, фаннинг чинакам фидойиси, эътирофга молик салоҳият эгаси эканлигини намойиш этди. Тадқиқот яхлит, якунланган, чуқур хулосаларга бойлиги билан диққатни тортади. Олим ушбу мавзудаги тадқиқотларини тўхтатиб қўймади, балки тинимсиз шуғулланиб борди, дилилу маълумотларни кенгайтирди. Рисола ҳолига келган ушбу тадқиқот «Ўзбек адабиётшунослиги тарихи» номида «Ўзбекистон» нашриётида  (Тошкент: 1993) босилиб чиқди. Ҳозирга қадар мазкур асар олий ўқув юртларининг филология факультети талабалари учун асосий қўлланма вазифасини бажариб келмоқда. Қўлланмада Давлатшоҳ Самарқандий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ҳасанхожа Нисорий, Мутрибий Самарқандий, Вола Доғистоний, Раҳматулло Возеҳ кабиларнинг адабий-танқидий қарашлари яхлит тарзда умумлаштирилган, хулосаланган. Ундаги илмий умумлашмаларнинг адабий парчалар билан етарлича далилланиши олимнинг юзлаб қўлёзма манбаларга мурожаат этганини, илм аҳлига ҳавола этилган фикрларнинг нақадар теран асосга эга эканлигини кўрсатади. 

Домла 1968 йилда «Ўзбек эпик поэзиянинг тараққиёти тарихидан» мавзуида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Мазкур тадқиқот ҳам академик В. Абдуллаевнинг илмий маслаҳатлари асосида ниҳоясига етказилди. Ўзбек адабиётшунослигида эпик шеъриятнинг яхлит ҳодиса сифатида кенг қамровда илк бора ўрганилиши  натижасида жанр ва услуб ранг-баранглиги, достоннависликнинг шаклланиши ва тараққиёт этаплари, анъана ва новаторлик, хусусан, бадиий таржима ва назира анъаналарининг қоришиб кетиши каби масалаларнинг илмий хулосалари, мантиқий асослари очиб берилди. «Юсуф ва Зулайхо» мавзусидаги асарлар ҳамда Олим Девонанинг «Равзаи асрор» достони, Хиромий таржималари, айниқса, Очилдимурод Мирий ва унинг «Раъно ва Зебо», «Қиссайи Салим Жавҳарий», «Мажидиддин ва Фахруннисо», «Рустам ва Суҳроб» асарларининг таҳлили илмий жамоатчиликка тақдим этилди. Олимнинг йиллар давомида олиб борган машаққатли илмий кузатишларининг ҳосиласи натижасида 1974 йил «Ўзбек эпик поэзияси тарихидан» (Тошкент, Фан), 1977 йил «Мирий ва унинг замондошлари» (ҳаммуаллиф – академик В. Абдуллаев, Тошкент, Фан) номли алоҳида нашрлар амалга ошди.

Домла йиллар давомида кенг миқёсдаги жамоатчилик ишлари, тадбирлар, навоийхонлик кечаларининг режаларини амалга ошириш, уларнинг фаол иштирокчиси бўлиш билан чегараланиб қолмади, балки асосий ўзанда – илмда Самарқанд навоийшунос олимларининг етакчиси сифатида  бир қатор тадқиқотларни амалга оширди.  Навоий абадияти, адабий мероси, ижодининг гултожи – «Хамса»нинг Шарқ халқлари адабиётида тутган ўрни, асарлари бадиияти, алломанинг Самарқанд билан боғлиқ фаолиятига доир янги-янги маълумотлар, асосли талқинларни илм аҳли учун мунтазам тортиқ қилиб борди. Жумладан, олимнинг «Хамсачилик традициясининг баъзи бир хусусиятлари ҳақида мулоҳазалар», «Навоий ва Самарқанд», «Самарқандда Навоий меросини ўрганиш ва навоийхонлик», «Улуғ шоирга муҳаббат», «Навоий ва Шайхимбек Суҳайлий», «Навоий ва Самарқанд адабий муҳити», «Навоий «Хамса»си», «XIX асрнинг иккинчи ярмидаги ўзбек поэмачилигида Алишер Навоий анъаналари», «Бу ерда Навоий ўқиган», «Алишер Навоийнинг шеърий миниатюрларалар яратишдаги маҳорати», «Қалбнинг нозик торларин чертиб», «Шоирга асрдош Суқрот», «Навоий-Фоний», «Алишер Навоийнинг мўътабар дастхат девони ҳақида», «Алишер Навоий ва Амир Шоҳий», «Алишер Навоий «Хамса»сининг қўлёзма нусхалари», «Алишер Навоийнинг Ҳиндистондаги анъаналарига доир», «Навоий ва Қосим Анвор», «Жаҳоний шуҳрат», «Алишер Навоий «Хамса»си замондошлари талқинида», «Шоирнинг ҳиндистонлик мухлислари», «Навоий «Хамса»си ва унинг Шарқ халқлари тараққиётида тутган мавқеи», «Эзгуликдай мангу барҳаёт», «Самарқандга мафтун эди», «Навоий шеъриятида ҳасби ҳол», «Алишер Навоийнинг Самарқанддаги қадамжолари», «Алишер Навоийнинг жаҳоний шуҳрати», «Алишер Навоий абадияти», «Алишер Навоийнинг адабиёт тарихига муносабати», «Самарқандда битилган ғазал», «Арбаин» ҳадис ва унинг таржималари», «Алишер Навоий талқинида Ҳиндистон ва Ҳиндистонда Навоий талқини», «Алишер Навоий ва Мавлоно Лутфий», «Алишер Навоий фахрияларининг адабий-эстетик аҳамияти» каби илмий, илмий-оммабоп мақолалари, «Навоий  ижоди - илҳом  манбаи» (ҳаммуаллиф Р.Воҳидов, 1981), «Алишер Навоий шеърияти» (2001) каби моноргафия ва қўлланмалари навоийшуносликда қўлга киритилаётган катта ютуқлар сифатида ўз давридаёқ эътироф этилди. 

Мазкур тадқиқотларнинг эътирофга лойиқ жиҳатларидан яна бири шундаки, улар замирида Фазлулллоҳ Абуллайсий, мавлоно Лутфий, Абдураҳмон Жомий, Ҳусайн Бойқаро, Шайҳимбек Суҳайлий каби ўз даврининг етук олиму фозиллари, ижодкорлари ҳақидаги қимматли маълумотлар ҳам мужассамдир. Бу тадқиқотларнинг йиллар сайин мазмуний бўлиқлашиб, янги-янги маълумотлар билан тўлишиб бориши натижасида «Эзгулик – умр мазмуни» (1992), «Рашҳайи қалам» (1993), «Малик ул калом Мавлоно Лутфий» (1999), «Султон Ҳусайн Бойқаро – Ҳусайний шеърияти» (2000), “Мирзо Улуғбек даври мадрасалари” (Самарқанд, 2001), “Самарқандда олий таълим – мадрасаи олия. Университет тарихидан лавҳалар” (Тошкент: 2001), «Мумтоз сиймолар» (Сайланма, 2 том, 2002), “Ўзбек адабиёти тарихи”. I, II қисм (Самарқанд, 2002), “Ўзбек адабиёти тарихи”. XVI аср (Самарқанд, 2002. Ҳаммуаллиф – Қ. Тоҳиров), “Улуғбек даври мадрасалари” (Турк тилида. Истанбул. Туркия, ISAR vakfi нашриёти, 2004), “Буюк маънавий муршид” (Тошкент: Фан, 2004)  каби китоблар нашр этилди. 

Олимнинг мустақилликдан кейин яратилган «Бобо Худододи Валий» (ҳаммуаллиф – Б. Ўринбоев, 1993) рисоласи, «Махдуми Аъзам Даҳбедий», «Мирзо Улуғбек даврида Самарқанд адабий муҳити», «Нақшбандия тариқатининг улуғ муршиди», «Соҳибқирон Амир Темур давридаги цивилизация намояндалари», «Миёнкол адабий муҳитида Сўфи Оллоёр мавқеи», «Давр қатағонига учраган шоир» (Ножий), «Абу Бакр Каффоли Шоший», «Сўфияни ўрганиш ҳақида», «Шайх Хованди Тоҳур», «Ҳадисларнинг бадиий шарҳи», «Ҳазрати азизон Шайх Худододи Валийнинг адабий мерослари ҳақида», «Самарқанд адабий муҳити ва Ориф Гулханий», «Шайх Қутбиддин Ургутий», «Мавлоно Залолиддин ва Самарқанд»  каби мақолалари ҳам адабиётшуносликдаги янги саҳифаларни ташкил этди. Мазкур тадқиқотлар ҳам «тарҳи тоза», холисона фикрларга бой. Гарчи юқорида тилга олинган мақолалар тариқат ва илоҳиёт олами алломалари ҳаёти ва илмий-маънавий мероси тадқиқига доир бўлса-да, улар бевосита Шарқ адабиётига, хусусан, ўзбек мумтоз адабиётига боғланади, унинг муаммоли жиҳатларини ойдинлаштиришда ёрдам беради. 

Ботурхон Валихўжаевнинг «Мирзо Улуғбек даври мадрасалари» (2001), «Самарқандда олий таълим - мадрасаи олия. Университет тарихидан лавҳалар» (2001) номли рисолаларининг мазмунида 1420 йилда таъсис этилган Мирзо Улуғбек мадрасаи олия мажмуаси олий таълимимиз тарихида алоҳида саҳифани ташкил этгани, Самарқанд давлат университети эса Улуғбек мадрасаи олиясининг бевосита вориси ва давомчиси эканлиги ўз аксини топгандир.

 Олим ўзининг бу соҳадаги туркум тадқиқотларида IX – X асрлардаёқ фақат биргина Самарқанднинг ўзида ўн етти мадраса бўлганлиги, улар орасида бир неча мадрасаи олиялар фаолият кўрсатганлигини ҳам қайд этади. Тарихий ва адабий манбалар асосида ўта зукколик билан Самарқанддаги олий таълим тизимининг сўнгги минг йилликдаги тарихи фақат Мовароуннаҳрда эмас, балки шарқу ғарб олимлари, илм аҳли томонидан ҳам эътироф этилганлигини уқтиради. 

Олим ўзининг йирик монография ва рисолалари билан, шунингдек, теран таҳлиллар ва хулосаларга бой мақолалари билан ҳам нозиктаъб жамоат аҳли ва кенг ўқувчилар назарига тушди. Афғонистон, Туркия, Эрон, ғарб мамлакатларидан Чехия, Италия ва АҚШ нашрларида олимнинг қатор мақолалари, рисола ва монографиялари чоп этилди. Жумладан, «Заҳириддин Муҳаммад Бобур» мақоласи Афғонистоннинг Қобул шаҳрида ўзбек тилида чоп этиладиган «Юлдуз» ҳафтаномасининг 1982-1983 йиллардаги  24 сонида алоҳида эътироф билан мунтазам нашр этилди. «Муҳаққиқи бузурги ду адабиёт» (Душанбе, Ирфон, 1978), «Чакидаҳои қалам» («Қалам қатралари») (Душанбе: Адиб, 1992), «Хоҷа Аҳрори Валӣ» (Теҳрон: 1997), “Улуғбек даври мадрасалари” (Турк тилида. Истанбул. Туркия, ISAR vakfi нашриёти, 2004) каби китобларнинг хорижий нашрларда чоп этилиши адабиётшунослигимиздаги катта ютуқлардан бўлди. Бу эса заҳматкаш олимнинг ватанимиз фани тараққиётини таъминлаш ва унинг довруғи сарҳадларини янада кенгайтириш соҳасига қўшган ҳиссасидир. 

Жорий йилнинг 20 май санасида Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида устоз таваллудининг 90 йиллигига бағишланган «Академик Ботирхон Валихўжаев ва мумтоз адабиётшунослик» мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилши белгиланган. Анжуман доирасида олим илмий меросини ўрганиш, “Сайланма” асарлар тўпламини нашрга тайёрлаш режалаштирилган.

Устознинг барҳаёт номи ҳамиша яқинлари, ҳамкасблари, шогирдлари, адабиёт мухлислари, келажак авлод қалбида мангу қолади.

Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ, 

филология фанлари доктори, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети профессори, 

Азамат ПАРДАЕВ, 

филология фанлари доктори, университет Филология факультети декани, 

Исроил СУЛАЙМОНОВ, 

филология фанлари доктори, университет Мумтоз адабиёт тарихи кафедраси мудири.

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун –  академик Ботирхон Валихўжаев туғилган кун