Бугун туғилган кун
Самарқанд давлат университети профессори Муслиҳиддин Муҳиддинов 1945 йил 5 майда Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган.
5 май
Филология фанлари доктори, Самарқанд давлат университети профессори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Муслиҳиддин Муҳиддинов 1945 йил 5 майда Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган.
Муслиҳиддин Муҳиддинов 1967 йили Қарши давлат педагогика институтининг Ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Шундан сўнг бир йил Самарқанд давлат педагогика институти Ўзбек адабиёти кафедраси ишлади. 1968 ‒ 1971 йиллари Тошкент давлат университети Ўзбек филологияси факультетининг кундузги аспирантурасида таълим олди.
1971 ‒ 1983 йиллари Самарқанд давлат педагогика институти Ўзбек адабиёти кафедрасига ишга қайтиб, ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, кафедра мудири вазифасини бажарувчи бўлиб меҳнат қилди. 1983 ‒ 1985 йиллари шу Институт ўқув-тарбиявий ишлар бўйича проректори, сиртқи ва кечки бўлим проректори бўлди. 1985 ‒ 1992 йиллари мазкур олий таълим муассасасининг Ўзбек адабиёти кафедраси доценти, профессор вазифасини бажарувчи лавозимларида ишлади. 1992 ‒ 1998 йиллари Самарқанд давлат университети Ўзбек мумтоз адабиёти кафедраси профессори, 1998 ‒ 2011 йиллари шу Университети маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректори, бир муддат ректори вазифасини бажарувчи бўлди. 2011 ‒ 2015 йиллари шу таълим муассасаси Ўзбек адабиёти тарихи, 2015 ‒ 2017 йиллари Ўзбек тили ва адабиёти, 2017 йилдан эса Мумтоз адабиёт тарихи кафедраси профессори бўлиб ишлаяпти.
“Ўзбек классик адабиётида “Баҳром ва Дилором” ҳамда “Баҳром ва Гуландом” циклидаги достонлар (“Ўзбек классик адабиётида “Баҳром Гўр” сюжетининг эволюцияси”) мавзусида номзодлик (1972 йил, илмий раҳбар ‒Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби Ғулом Каримов), “Алишер Навоий ва унинг салафлари ижодида инсон концепцияси (“Хамса"ларнинг биринчи достонлари асосида)” мавзусида докторлик (1995 йил, илмий маслаҳатчи ‒ академик Ботирхон Валихўжаев) диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилган.
Узоқ йиллар “Самарқанд университети” газетасига муҳаррирлик қилди, СамДУ қошидаги номзодлик диссертациялари ҳимоя этиладиган ихтисослашган кенгашнинг аввал илмий котиби, кейинчалик раиси сифатида фаолият кўрсатди. 2017 йилдан буён СамДУ ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.27.06.2017. Fil.02.03 рақамли илмий кенгаш раиси.
Қатор монография, ўқув-услубий қўлланма, илмий-назарий мақолалари эълон қилган. Кўплаб илмий ва илмий-оммабоп нашрларга масъул муҳаррирлик қилган ёки тақризчи бўлган. Кўплаб шогирдлар етиштирган.
***
PS: Сайтимизда ташкил этилган “Бугун туғилган кун” лойиҳасида турли соҳаларда мамлакатимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшган, қўшаётган инсонлар, давлат ва жамоат арбоблари, академиклар, эл севган ижодкорлар ҳамда касби, танлаган йўлида юқори натижаларга эришаётган ватандошларимизнинг туғилган кунлари эсга олинади.
Мазкур рукнга оид фикр-мулоҳазаларингиз, таклиф ёки қўшимчаларингиз бўлса, қуйидаги манзилларга мурожаат қилишингиз мумкин.
Телеграм: @UzA_pochta, Ikrom_Avvalboyev
E-mail: pochta@uza.uz, uzauz@yandex.ru
Телефон: 71) 233-42-84, (71) 233-21-37
Сайтимизни кузатиб боринг!