Бу ютуқларга осонгина эришилгани йўқ...
Амалга оширилаётган ишларнинг кўлами унинг натижадорлиги, қамров даражасига қараб баҳоланади.
Бу ҳолатда аввалги ва ҳозирги кун билан натижаларни таққослаш орқали яна ҳам аниқроқ манзара ҳосил қилиш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Азимжон Назаров билан суҳбатимиз соҳада амалга оширилаётган ишлар, муаммолар ва режаларга бағишланди.
– Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини ошириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– 2021 йил бободеҳқонларимизнинг машаққатли меҳнатлари эвазига республикамиз бўйича 20 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот, 7,4 миллион тоннага яқин дон, 3,4 миллион тоннадан зиёд пахта хомашёси етиштирилди. Бу ютуқларга осонгина эришилгани йўқ, албатта. Сув ресурслари ҳар йилгидан 25-30 фоизга танқис бўлишига қарамасдан сувчиларимизнинг машаққатли меҳнатлари эвазига йил давомида 44 миллиард. м3, суғориш мавсумида 32,6 миллиард.м3 сув етказиб берилди.
Сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация-мелиорация ишлари, ерларни лазерли текислаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳисобидан йил давомида 10 миллиард. м3, шу жумладан, суғориш мавсумида 8 миллиард. м3 сув иқтисод қилинди. Маълумки, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида ирригация тармоғи энг ривожланган ва йирик сув хўжалиги инфраструктурасига эга давлат ҳисобланади. Мамлакатимиздаги мавжуд 4,3 миллион гектар суғориладиган экин майдонлари ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини сув билан барқарор таъминлашда жами 28 минг 570,0 км. узунликдаги ирригация тармоқлари, 38 минг 781 та гидротехника иншооти, 19 минг 752 та гидропост хизмат қилади.
Ўтган 2021 йилда сув хўжалиги эксплуатация ташкилотларига маҳаллий бюджетдан йўналтирилган 29 минг 800 миллион сўм маблағ ҳисобидан 5459,0 км. хўжаликлараро суғориш тармоқлари (каналлар) тозаланди. Сув истеъмолчилари уюшмалари ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги ички ариқларнинг 17 минг 342,0 км. қисми машина-механизмлар, 68,0 минг км. қисми қўл кучи ёрдамида тозаланди. 2021-2022 йиллар кузги-қишки мавсумда белгиланган чора-тадбирлар доирасида 4 минг 702,0 км. ирригация тармоқлари тозаланди. Жорий йилда 1,5 миллиард. м3 ҳажмда сув тежалиб, ирригация тизими ва суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти 2020 йилга нисбатан 1 фоиз оширилди.
– Вазирлик тизимидаги насос станцияларида энергия тежамкорлиги таъминоти қай даражада таъминланмоқда?
– Бугунги кунда республикамизда жами суғориладиган майдонлар 4,3 миллиондан ошиқ гектарни ташкил этиб, шундан 3 миллион гектарга яқини (55 фоизидан ортиқ) вазирлик тасарруфидаги 1 минг 688 та насос станцияси, 5 минг 231 дона насос агрегати, 8 минг 85 дона суғориш ва мелиоратив қудуқлари ёрдамида суғорилади.
Электр ёритишидаги энергия исрофлари ёритиш нормалари, замонавий ёруғлик манбалари, улардан самарали фойдаланиш ва кучланишни керакли меъёрда сақлаб туриш билан боғлиқдир. Бу борада ҳам соҳада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. 2021 йилда жами 7 миллиард 295 миллион. кВт. соат электр энергияси сарфланди. Охирги уч йилликда (2018-2020 йиллар) ўртача электр энергияси сарфи 7 миллиард. 525 миллион кВт. соатни ташкил этгани ҳисобга олинганида, 230 миллион. кВт. соат электр энергияси тежалди.
– Мелиорация объектлари бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан маълумот берсангиз?
– Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг долзарб масалалардан биридир. Негаки, фермер ва деҳқонларнинг даромади кўп жиҳатдан тупроқ унумдорлиги, экинлар ҳосилдорлиги, демакки, айнан ерларнинг мелиоратив ҳолатига боғлиқ. Шунинг учун ҳам, юртимизда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сизот сувлари сатҳини пасайтириш, ерларнинг шўрланиш даражасини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар кўлами йил сайин кенгайтирилмоқда.
2021 йилда мелиорация объектлари бўйича 85 та лойиҳа доирасида 299,1 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, 699,9 км. коллектор-дренаж тармоғи, 50 та гидротехника иншооти, 17 та дренаж қудуғи ҳамда 10 та кўприк қурилди ва реконструкция қилинди. Шунингдек, 220 та мелиорация лойиҳаси доирасида 365,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, 17,0 минг км.га яқин коллектор-дренаж тармоғи ва 319 та тик дренаж қудуғи таъмирланди ва тикланди. Натижада 200,0 минг гектардан ортиқ майдоннинг мелиоратив ҳолати тубдан яхшиланди. Кучли ва ўрта шўрланган майдонлар 20,0 минг гектарга камайди. Сизот сувлари сатҳи 2 метргача бўлган майдон 48,1 минг гектарга қисқарди. 16,1 минг гектар ернинг мелиоратив барқарорлиги таъминланди. 100 минг гектарга яқин ер майдони қайта фойдаланишга киритилди.
Республикамиздаги сув ва сел-сув омборлардаги иншоотларни таъмирлаш учун 9,4 миллиард сўм маблағ ҳисобига кўпгина ҳудудларда пьезометр, затвор, гидропост, гидротехник иншоот, назорат йўллари, кириш ва чиқиш каналлари ҳамда ёритиш тизимлари таъмирланди. Шунингдек, 272 км. узунликдаги каналлар ва дамбаларни таъмирлашга ва тозаланиш ишларига 24,4 миллиард сўм миқдорида маблағ йўлланган.
– Бу йилги режалар хусусида...
– Жорий йилда ўз олдимизга 5264,0 км. узунликдаги каналларни тозалаш, улардаги 4 минг 946 та гидротехника иншооти ва 5 минг 241 та гидропостни таъмирлашни режалаштирганмиз. Натижада 795,9 минг гектар суғориладиган экин майдонларининг сув таъминоти яхшиланади, ирригация тизими ҳамда суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти 0,65 дан 0,69 гача ошиши таъминланади. Энг муҳими эса йиллик электр энергияси сарфи 7 минг 300 миллион кВт. соатдан 7 минг 150 миллион кВт. соатга камайтирилиши режалаштирилган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Россия Федерациясининг Ташқи иқтисодий банки билан имзоланган умумий миқдори 146 миллион евро бўлган қарз битимига кўра «Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида 95 та насос станциясини модернизация қилиш» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа амалга ошириладиган насос станцияларида 455 та агрегат, электр ва ёрдамчи қурилмалар янгиланади. Бошқарув тўлиқ автоматлаштирилиб, SCADA тизими жорий қилинади.
Шунингдек, жорий йилда сув ва сел-сув омборлардаги иншоотларни таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан 32,2 миллиард сўм маблағлар ажратиш ва 432 та пьезометр, 86 та затвор, 118 та гидропост, 39 та гидротехник иншоот, 4 км. узунликдаги назорат йўллари, 41 км. узунликдаги кириш ва чиқиш каналлари, 23 км узунликдаги коллектор-дренаж тармоқлари ҳамда 2 минг 181 та ёритиш тизимларини амалга ошириш режалаштирилган.
Минтақамиз аҳолиси сони тобора ортиб боряпти. Бу эса озиқ-овқат экинларига бўлган эҳтиёжнинг янада ошишига, ўз навбатида, сувга талабнинг ортишига олиб келади. Шунинг учун ҳам, мавжуд сув ресурсларини самарали бошқариш, оқилона фойдаланиш, ресурс тежамкор суғориш усулларини кенг татбиқ этиш вазирлигимиз олдида энг муҳим ва устувор вазифа бўлиб турибди.
Муҳайё Тошқораева суҳбатлашди, ЎзА