Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллигига
Халқимиз азалдан меҳмондўст, бағрикенглиги билан танилган. Бу юртда яшаётган миллат вакилларининг ҳеч бири бу ерда ўзини бегона ҳис қилмайди. Шунинг учун қай бир ҳудудда бўлманг, барча миллат вакиллари бир оила вакиллари сингари тинч-тотувликда яшаб, меҳнат қилаётганлигига гувоҳ бўласиз.

Навбаҳор туманининг Бешработ қишлоғида туғилган Анвар Исмоилов Навоий давлат кончилик институти (ҳозирга Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети)ни битириб, 3-гидрометаллургия комбинатига ишга келганида ўз оиласини кўргандек бўлди. Сабаби бу ерда ҳам турли миллатлар вакиллари аҳил ва иноқ, бир жамоа бўлиб ишлайди. Улар билан тил топишиш эса Анварга қийинчилик туғдирмади. Чунки у 4 амакисининг аёлидан, 6 аммасининг турмуш ўртоғидан ўзбек, тожик, татар, араб, рус тилларини ва уларнинг урф-одатларини ўрганиб, вояга етганди.

Бобоси Зефар бобо асли татаристонлик бошқирд, ҳарбий хизматдаги севги сабаб қишлоққа келин бўлиб тушган момоси – Наталья Михайловна олис Россиядан. Зефар бобонинг 11 нафар фарзанди турли миллат вакилларини ўзларига жуфти ҳалол қилиб танлашди. Қаҳрамонимиз Анварнинг отаси татар, онаси эса қорақалпоқ. Турмуш ўртоғи Маҳлиё эса тожик қизи.
– Мен оиламиз шажараси ҳақида бирор кишига гапириб берсам, улар ажабланишади, – дейди Анвар Исмоилов . – Бобом раҳматли доим “Ҳар бир миллат урф-одат ва қадриятларини асраб-авайлаш керак. Бироқ ўзи яшаётган Ватанининг қадрияти ҳамма нарсадан улуғ”, дерди. Шунинг учун бўлса керак, барчамиз бобомизнинг насиҳатига амал қиламиз, яъни ҳаммамиз “ўзбеклашган”миз. Тўйларимиз, яхши-ёмон кунларимиз шу халқ билан ўтади. Ҳар бир байрамни биз қариндошлар билан ўзгача нишонлаймиз. Тўғрироғи, миллий байрамларимиз ҳаммамизнинг байрамимизга айланиб кетади. Русларнинг “Масленица”дан тортиб, болгарларнинг “Мартиница”сигача, арманларнинг гуллар байрами – “Вардавар”идан, татар ва бошқирдларнинг “Сабантуй”игача. Биз бувим сабаб оилада рус тилида мулоқот қилсак-да, ҳаммамиз ўзбек тилида таълим олдик. Ватанни севгандек, ўзбек тилини севамиз.

Ҳозир Анвар Исмоилов Шимолий кон бошқармасига қарашли 3-ГМЗ Кадрлар бўлимида мутахассис бўлиб ишлайди. Турмуш ўртоғи Маҳлиё Рўзиқулова эса Учқудуқ туманидаги таълим рус тилида олиб бориладиган 3-мактабда ўқитувчи. Улар нафақат туманда, балки Навоий вилоятида ҳам танилган. Улар “Китобхон оила” танлови ғолиби. Энди эса “Заковат” турнирининг республика босқичида иштирок этиш учун тайёргарлик кўришмоқда.
Анвар ва Маҳлиёнинг жажжи қизалоғи Албина эндигина 3 ёшда. Унинг миллати ўзбек. Муҳими, унда ҳеч нимадан хавотир йўқ. На ундан миллати, на ирқи сўралади. Фақатгина унга шу она тупроқ унинг Ватани эканлиги уқтирилади, холос.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири