Маълумки, 20 июндан 2022/2023-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш бошланди.
Давлат тест маркази ходимлари билан “Абитуриентлар учун бу йилги тест синовларидаги янгиликлар ва муаммоли ҳолатлар» юзасидан 21 июнь куни овозли чат ўтказилди. Овозли чатни эшитиш имконига эга бўлмаган абитуриентлар унинг матн шаклини ўқишлари, аудио ҳавола орқали кўришлари мумкин.
Суҳбатдошларимиз Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Жавлон Нурматов ҳамда бош мутахассис Жамшидбек Одилов.
— Ўтган йили тест очиқ майдонларда бўлган эди. Бу йил қаерда ўтказилади?
— Бу йилги тест агар давлат комиссиясининг ёки махсус комиссиянинг таклифлари, чекловлари бўлмаса, албатта ёпиқ биноларда ўтказилади.
Бу йил ҳам абитуриентлар сув ва ручкалар билан таъминланади. Ҳисоб-китоб талаб этиладиган фанлар учун саволларнинг оралиғида ёзишга жой қолдирилади.
— Кимё, биология фанлари бўйича имтиҳон топширувчи талабаларга Менделеев даврий жадвали берилади. Аммо бу жадвал билан бутун сонларни бўлиш қийин. Айрим давлатларда жадвалга қўшиб калькулятор ҳам берилар экан. Бизда ҳам калькулятор берилиши йўлга қўйиладими?
— Давлат тест маркази томонидан тузиладиган тест топшириқлари кимё, биология ёки математика бўладими, ҳеч қайсига калькулятор талаб этилмайди. Абитуриентлар бемалол саволларни ўзлари ишлашлари мумкин. Экспертлар шуни ҳисобга олган ҳолда тест саволларини тузишган. Тест синовларида Менделеев даврий жадвали берилади, лекин калькулятор берилмайди.
— Вилоятларда пойтахтга қараганда кириш баллари пастроқ бўлади, деган гаплар қанчалик асосли?
— Бундай гаплар ҳақиқатдан йироқ. Бу абитуриентларнинг кўламига боғлиқ. Дейлик, пойтахтда олий ўқув юртларининг кўплиги бошқа вилоятларда камлиги билан изоҳланиши мумкин. Айрим ҳолатларда ижтимоий соҳада ҳам, ҳуқуқ соҳасида ҳам талаб кўп бўладиган университетлар бор. Мисол учун, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига бошқа давлат университетларига қараганда абитуриентлар кўп топширади. Шундан келиб чиққан ҳолда бу фикрга келган бўлишлари мумкин. Аслида бундай эмас, олий ўқув юртига топшираётган талабгорларнинг кўламига боғлиқ. Бир сўз билан айтганда, баллар кескин фарқ қилмайди.
— IELTSдан беш ярим балл олган абитуриентга қанча тестдан балл қўшиб берилиши мумкин?
— Вазирлар Маҳкамасининг қарорида барча тиллар учун тегишли бўлган сертификатлар рўйхати кўрсатиб ўтилган. Беш ярим ва ундан юқори бўлган сертификатга эга бўлган абитуриентларга топширадиган имтиҳонида чет тили фани бўлса, максимал балл берилади. Ўша фандан тест синовини ечишдан озод қилинади.
— Ўтган йили ТошМИ ва кимё технология соҳасига топширганлар учун кимё ёки биология биринчи ўринда турадими, фарқи бўлмаган. Бу йил ҳам шу қоида сақланиб қолганми?
— Давлат комиссиясининг баёнига кўра, жорий йилда 1- ва 2- фанларга бериладиган баллар фарқли тарзда бўлади. Мисол учун, 2021 йилда биринчи ва иккинчи фанга ҳам бир хил балл берилган. Фанларнинг кетма-кетлиги аҳамиятсиз бўлган. Жорий йилдан 1-фан учун 3,1 балл, 2-фан учун 2,1 балл берилиши кўзда тутилган. Фанлар кетма-кетлиги аҳамиятга эга. Масалан, ТошМИда биология биринчи фан ҳисобланади 3,1 балл берилади, кимё иккинчи фан бўлгани учун 2,1 балл берилади. Бу ҳақда Давлат тест марказининг сайтида батафсил маълумотлар бор.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Xydi_pAV7Gc" title="БУ ЙИЛГИ ТЕСТ СИНОВЛАРИ ҚАЕРДА ЎТКАЗИЛИШИ ОЧИҚЛАНДИ" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Нигора Раҳмонова, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА