Бу йилги қабул жараёнларида ўзгаришлар бор
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 2025-2026 ўқув йили учун қабул жараёнига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда институт ректори Қувондиқ Қодиров оммавий ахборот воситалари вакиллари – журналист ва блогерларга жорий йилги қабул жараёнидаги муҳим янгиликлар ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб давлат олий ва касбий таълим муассасаларига (касб-ҳунар мактаби бундан мустасно) қабул бўйича имтиҳонлар “аввал тест, сўнг танлов” тамойили асосида бир вақтда ўтказилиши белгиланди.
Абитуриентлар ўз танловига кўра, тест синови натижасида тўплаган балидан келиб чиқиб, дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига, сўнгра касбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун танловда иштирок этишади.
Институт ректори жорий йилда давлат олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул жараёни 2 босқичда амалга оширилиши, алоҳида иқтидор талаб этиладиган бакалавриат таълим йўналишларига қабул учун касбий (ижодий) имтиҳонлар институтнинг ўзида, шунингдек, бошқа таълим йўналишлари бўйича тест синовлари Билимни баҳолаш агентлиги томонидан ажратилган жойларда ўтказилиши белгиланганлиги, уларни ташкил этиш бўйича юқори даражада тайёргарликлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.
Шунингдек, қабул жараёнини юқори даражада ташкил этиш, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига муҳим маслаҳатлар, ҳуқуқий йўл-йўриқлар, соҳадаги янгиликлар ва ўзгаришлар ҳақида тўлиқ маълумот бериш мақсадида институтда қабул комиссияси ва унинг таркибида маслаҳат ҳамда колл-марказлар фаолияти йўлга қўйилганлиги, ушбу марказлар ҳар куни соат 09:00 дан 18:00 гача доимий фаолият юритиб келаётганлиги бўйича маълумот берилди.
Тадбирда қабул жараёнидаги янгиликлар ва ўзгаришлар ҳақида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
Ректор Қувондиқ Қодиров барча иштирокчи журналист ва блогерларни 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрами билан табриклади ва ижодий ишларида муваффақиятлар тилади.
[gallery-24064]
Байрам тадбирида мамлакатимизда олий таълим соҳасида, жумладан, институтда амалга оширилаётган ишлар, ислоҳотлар натижаларини халқимизга юксак ижодий маҳорат билан етказишда фидокорона хизмат қилаётган журналистлар, техник ходимлар, блогерларга байрам совғалари ва фахрий ёрлиқлар топширилди.
Ўз навбатида журналистлар байрам арафасида кўрсатилаётган бундай эътибор учун институт жамоасига ўз миннатдорликларини билдиришди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари