Давлатимиз раҳбарининг 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Фармони имзоланди.
Эътиборли жиҳати шуки, Давлат дастури жами 273 банддан иборат бўлиб, биринчи – давлат бошқаруви йўналиши – 19 та, иккинчи – суд-ҳуқуқ йўналиши – 18 та, учинчи – иқтисодиёт йўналиши 113 та, тўртинчи – ижтимоий соҳа йўналиши 93 та, бешинчи – ташқи сиёсат ва хавфсизлик йўналиши 30 та бандни ташкил этади.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Давлат дастурининг 69 бандида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, 14 бандда аниқ қонун лойиҳалари, 13 бандда – Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари, 3 бандда эса, Президент фармонлари лойиҳалари, шунингдек,
14 бандда – Вазирлар Маҳкамаси қарорлари лойиҳалари тайёрлаш белгиланган. Умуман олганда, Давлат дастури доирасида 113 та қонунчилик ҳужжатларини тайёрлаш кўзда тутилмоқда.
МАЗКУР ҲУЖЖАТНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?
Қайд этиш керакки, мамлакатимизнинг истиқболини белгилаб берувчи Давлат дастурини ҳар йили қабул қилиш сиёсий ва ҳуқуқий анъанага айланди, десак тўғри бўлади. Зеро, бугунги кунда мамлакатимиз ривожида Ҳаракатлар стратегиясининг таркибий қисми бўлган ушбу ҳужжат ҳаётий муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Шунингдек, у Конституциямиз муқаддимасида белгиланган мақсадлар, яъни инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлик,ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаш,ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниш,демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиш, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олиш, фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлаш, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Биринчидан, Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасидан, таъбир жоиз бўлса, «элак»дан ўтди. Унинг лойиҳаси жорий йилнинг 18-28 январь кунлари 2021.strategy.uz, jamoatchilik.uz ва regulation.gov.uz веб-порталлари, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали олимлар, эксперт ва мутахассислар, аҳоли ва кенг жамоатчиликнинг диққат марказида бўлди. Муҳокамалар доирасида маҳаллий оммавий ахборот воситалари, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқларда 700 га яқин материал эълон қилинди, телерадиоканалларда қарийб 400 та чиқиш ва эшиттириш эфирга узатилди.
Иккинчидан, мазкур дастур том маънода сиёсий-юридик аҳамият касб этган ҳолда, халқчил маъно-мазмунга бой бўлди. Зеро, унинг тузилиши, ундаги меъёрларнинг равон ва оддий тильда ифодаланганлиги, ҳуқуқни қўлловчилар учун, умуман, оддий фуқаролар учун тушунарли қилиб ёзилганлиги алоҳида аҳамият касб этади.
Учинчидан, давлат дастури ҳаётий аҳамиятга эга бўлган ҳужжат сифатида мамлакатимиздаги бугунги реал воқеликни акс эттирди. Буни биргина рақамларнинг ўзи тасдиқлайди. Масалан, давлат дастури лойиҳаси бўйича жами 4 мингга яқин таклиф келиб тушган бўлиб, давлат бошқаруви йўналиши бўйича – 1 239 та, суд-ҳуқуқ йўналишида – 479 та, иқтисодиёт соҳасида – 901 та, ижтимоий соҳада – 1 018 та, ташқи сиёсат ва хавфсизлик йўналишида– 146 та таклифлар билдирилди.
Кенг жамоатчилик ва экспертлар томонидан берилган таклифларни ҳар томонлама кўриб чиқиш якунига кўра, Давлат дастури лойиҳасига жами 50 га яқин концептуал ҳамда 100 дан ортиқ аниқлаштирувчи таҳририй ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Тўртинчидан, давлат дастурида белгиланган тадбирлар ва вазифаларнинг моҳияти «Янги Ўзбекистон» шароитида ва «Учинчи Ренессанс» учун мустаҳкам пойдевор сифатида мамлакатимизнинг демократик ислоҳотлар йўлидан изчил бораётганлигининг яққол тасдиқлайди.
Бешинчидан, Давлат дастури2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш билан ҳамоҳангдир.
Хусусан, 1-мақсад. Барча жойларда аҳолининг кам таъминланганлик даражасини пасайтириш; 2-мақсад. Озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, овқатланиш рационини яхшилаш ҳамда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш; 3-мақсад. Соғлом турмуш тарзини таъминлаш ва барча ёшдаги кишиларнинг фаровонлигига кўмаклашиш; 4-мақсад. Умум қамровли ва адолатли сифатли таълимни таъминлаш ҳамда барчага бутун умри давомида таълим олиш имкониятини рағбатлантириш; 5-мақсад. Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш; 6-мақсад. Барча учун сув ресурслари ва санитариянинг мавжудлиги ҳамда улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш; 7-мақсад. Арзон, ишончли, барқарор ва замонавий энергия манбаларидан барча учун умум фойдаланиш имкониятини таъминлаш; 8-мақсад.
Самарали бандликни ошириш ҳамда эркаклар ва хотин-қизларни муносиб иш билан таъминлаш асосида барқарор ва умумқамровли иқтисодий ўсишга кўмаклашиш; 9-мақсад. Барқарор инфратузилмани яратиш, умумқамровли ва барқарор саноатлашув ва инновацияларга кўмаклашиш; 16-мақсад.
Барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида тинчликсевар ва очиқ жамиятлар барпо этилишига кўмаклашиш, барча учун одил судлов имкониятидан фойдаланишни таъминлаш ва барча даражаларда самарали, ҳисобдор ва кенг иштирокка асосланган муассасаларни ташкил этиш каби мақсадларни амалга оширишга ҳам хизмат қилади.
Албатта, дастурда белгиланган вазифалар ўз-ўзидан ижро этилиб қолмайди. Бу, энг аввало, ушбу чора-тадбирларни молиялаштириш билан узвий боғлиқдир. Давлат дастурида режалаштирилаётган тадбирларни молиялаштиришга умумий қиймати 29 492,7 миллиард сўм, 2 600,4 миллион АҚШ доллари ва 57,5 миллион евро миқдоридаги маблағлар кўзда тутилмоқда. Мазкур рақамлар ҳам ушбу тадбирларнинг долзарб ва айни пайтда ҳаётий зарурат эканлигидан далолат беради.
ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ САМАРАДОРЛИГИ ЯНАДА ОШАДИ
Давлат дастурининг биринчи – Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга қаратилган вазифалар халқимиз фаровонлигини ошириш, жойларда аҳоли билан ишлаш тизимини тубдан яхшилашга хизмат қилади.
Давлат дастурининг 1-бандида қонун ижодкорлиги ва қонунлар ижросини таъминлаш соҳасида Олий Мажлис палаталари ҳамда давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган масалалар жой олган. Эндиликда уларнинг Олий Мажлис палаталари билан ўзаро ҳамкорлик учун масъул бўлган раҳбар ўринбосарлари аниқ қилиб белгиланмоқда. Бу эса, қонун ижодкорлиги ва қонунлар ижросини самарали ташкил этиш имконини беради.
Яна бир муҳим масала. Бугунги кунда маҳаллий кенгашлар фаолияти жонланмоқда. Бу борада Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан маҳаллий кенгашларнинг котибиятлари ташкил этилди. Давлат дастурида белгиланганидек, галдаги вазифа эса, уларда фаолият кўрсатувчи ходимларнинг малакасини ошириш, улар учун махсус ўқув курсларини тизимли равишда жорий этишдир. Натижа аниқ – маҳаллий кенгашларнинг ҳудуддаги ижро органлари устидан таъсирчан назорати ўрнатилади.
Айтиш керакки, Давлат дастурида мамлакатимиздаги ноёб ижтимоий институт – маҳалланинг ободлиги, пировард мақсад маҳалла аҳлини рози қилишга ҳам жиддий эътибор берилган. Масалан, дастурга кўра, ҳар бир ҳудуддан биттадан туман бюджетини шакллантиришда харажатларнинг камида 5 фоизини бевосита аҳолининг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиб, маҳалладаги муаммоларни ҳал этишга йўналтириш тартиби тажриба сифатида жорий этилиши белгиланган.
Қолаверса, энг муҳим чора-тадбирлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқларини масъулларга етказиш, тушунтириш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва назорат қилиш бўйича Адлия вазирлигининг ваколатларини кенгайтириш назарда тутилмоқда. Бу эса, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва натижаларини аҳолига етказиб боришга қаратилган «Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда» деган олижаноб ғояни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади.
Яна бир жиҳат. Эндиликда вилоят, туман, шаҳар ва маҳалла бошқаруви самарадорлигини ошириш учун ходимлар сони ва маоши бевосита ҳудуднинг ўзига хослиги ва иш ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади ва бу энг адолатли қарордир. Сабаби, айрим ҳудудларда битта маҳаллада 10-13 минг, айримларда эса атиги 4-5 минг фуқаро яшайди ва иш ҳажми ҳам шунга яраша. Аҳоли сони кўп ҳудудларда барча билан бирдек ишлаш имкони йўқ ва бу турли муаммолар келиб чиқаряпти. Давлат дастурида эса бунга энг самарали ечими кўрсатилган бўлиб, бу амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Мухтасар қилиб айтганда, Давлат дастурида давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга қаратилган тизимли, самарали ва энг асосийси, халқимизни рози қилишга қаратилган яна кўплаб ташаббуслар замиридан ташкил топганлигини қайд этиш жоиз.
ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДАГИ МУҲИМ ҚАДАМЛАР
Иккинчи – Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари бўйича эса Давлат дастурида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини бериш тартибини такомиллаштириш борасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, юридик шахсларнинг молиявий жавобгарлиги институтини қайта кўриб чиқиш, транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини соддалаштириш, жазони ижро этиш ва пробация хизматини янада такомиллаштириш каби муҳим чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланмоқда.
Хусусан, инсон ҳуқуқлари соҳасида давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурматни шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўсини янада оширишга, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинглар ва индекслардаги мавқеини яхшилашга хизмат қиладиган инсонпарварлик тамойили жорий қилинмоқда.
Жумладан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига «мониторинг ташрифлари» тизими йўлга қўйилмоқда.
Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларидан жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисидаги тақдимномани киритиш ваколати янги ташкил этилаётган инсонпарварлик комиссияларига ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, 2021 йилда 6 тагача манзил-колонияларнинг қисқартирилиши ҳам айнан Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларининг тўлиқ бажарилишини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини мониторинг қилиш механизмларини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий ва бошқа комплекс чоралар тизимини яратиш, қонунчиликка ва давлат органлари, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг амалий фаолиятига инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида халқаро стандартларни имплементация қилиш механизмлари ва тартиби самарадорлигини ошириш йўналишида қўйилган муҳим қадамлардан бири бўлиб ҳисобланади.
ИҚТИСОДИЁТНИ ЛИБEРАЛЛАШТИРИШ ТОБОРА КУЧАЙМОҚДА
Давлат дастурининг учинчи устувор йўналиши – иқтисодиётни ривожлантириш бўйича белгиланаётган энг муҳим чоралар сифатида, биринчидан, мамлакатимиздаги ишсиз фуқароларга, ўзини ўзи банд қилмоқчи бўлган фуқароларга тегишли имкониятлар яратиш, хусусан, ер майдонларини ажратиш, иш фаолиятларини бошлашлари учун субсидиялар бериш кўзда тутилмоқда. Иккинчидан, энергетика бозорларини монополиядан чиқариш, табиий газ ва электр энергиясини бозор тамойилларига асосан сотишни жорий қилиш белгиланмоқда. Учинчидан, иқтисодиётдаги давлат иштирокини камайтириш, йирик корхоналар ва банкларни трансформация қилиш, уларни стратегик инвесторга сотиш каби кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлаётган муаммолар ечимига қаратилган вазифалар ҳам белгилаб берилган.
Яна бир муҳим жиҳат. Ушбу йўналишда бугунги кунда аҳоли ва кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлаётган бюджет маблағларининг сарфланиши ҳамда давлат қарзи харажатларини шаффофлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Эндиликда, вазирлик ва идораларга бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромад ва харажатлари, давлат улушига эга бўлган ташкилотлар харидлари, давлат субсидия ва грантларига оид маълумотларни ўз веб-сайтларида эълон қилиб бориш мажбурияти юклатилмоқда. Бу каби ишлар самарадорлигини ўз вақтида таъминлаш учун эса маълумот бермаган ташкилотлар Ҳисоб палатаси томонидан жаримага тортилиш механизми амалиётга жорий қилинади.
Давлат қарзи тўғрисидаги маълумотлар эса ҳар чорак якуни бўйича Олий Мажлис палаталарига киритилиб, Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади. Натижада кенг жамоатчилик орасида бюджет маблағларининг сарфланишига оид салбий фикрлар туғилишининг олди олиниб, фуқароларнинг ислоҳотларга бўлган ишончи ортишига эришилади.
Шунингдек, «Солиқчи-кўмакчи» тамойили асосида солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш борасида ҳам алоҳида вазифалар белгиланмоқда. Жумладан, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатишнинг ягона стандартларини ишлаб чиқиш ва кўрсатиладиган хизмат турларини кенгайтириш, солиқ органлари ва солиқ тўловчилар ўртасидаги бизнес-процессларни такомиллаштириш, солиққа оид ҳуқуқбузарликка чора кўришни босқичма-босқич автоматлаштириш орқали соддалаштириш, «Солиқ юки калькулятори» интерактив хизмат турини яратиш ҳамда “Soliq” мобил иловасида ўзини ўзи банд қилган шахслар учун умумреспублика банклараро процессинг маркази (Uzcard) билан ҳамкорликда қўшимча имконият ва хизматлар яратиш каби чора-тадбирлар кўзда тутилмоқда. Бу каби вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида яширин иқтисодиётнинг олди олиниб, солиқ тушумларининг ўз вақтида бюджетга тушишига эришилади.
ИЖТИМОИЙ СОҲАНИ РИВОЖЛАНТИРИШ АСОСИЙ ВАЗИФА
Шунингдек, Давлат дастурида 2021 йилга берилган номдан келиб чиқиб, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, ёш авлоднинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, бандлиги таъминланиши, тадбиркорлигини рағбатлантириш, илғор ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар назарда тутилган. Бу жиҳатлар, айниқса, Давлат дастурининг тўртинчи –ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларида аниқ намоён бўлмоқда.
Хусусан, жорий йилдаги Давлат дастурида 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий этилади. Олий таълим муассасасида икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга таълим кредити бериш ва талаба томонидан ушбу кредитни ўқиш даври тугагандан сўнг қайтариш амалиёти йўлга қўйилади.
Яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, Давлат дастурида олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сонини 25 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сонини 2 бараварга ошириш кўзда тутилмоқда, шунингдек, ёшларимизнинг тенг ҳуқуқли таълим олишларини таъминлаш мақсадида хусусий олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашга ҳам давлат гранти бериш тизими жорий этилмоқда.
Шу билан бирга, бу йилги Давлат дастурида илмий унвон ва илмий даражаларни бериш ваколати 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб республиканинг нуфузли олий таълим муассасаларининг илмий кенгашларига босқичма-босқич ўтказилиши, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб эса, «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали нуфузли хорижий олийгоҳларнинг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сонини 5 баробарга ошириш, мазкур жамғарма ҳисобидан хорижда бакалавриат таълим дастурлари бўйича ўқитиш тизимини жорий этиб, 2021 йилда 100 нафар ёшларнинг хорижга таълим олиш учун юборилиши каби чора-тадбирлар ҳам белгилаб берилган.
Барчамизга маълум, ўтган 2020 йил бутун дунёда бўлгани каби, Ўзбекистон учун ҳам оғир машаққатларга тўла синов йили бўлди. Коронавирус пандемияси соғлиқни сақлаш тизимида янада кенг кўламли ўзгариш ва ислоҳотларни амалга ошириш зарурлигини яна бир бор кўрсатди.
Шулардан келиб чиқиб, жорий йилдаги Давлат дастурида халқимиз саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш ҳамда аҳолимизнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг таълим олиши ва касб эгаллашига кўмаклашиш, оғир касалликка чалинган болаларни даволаш мақсадида Болаларни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилади ва унинг мақсадларини амалга оширишга Давлат бюджетидан 100 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор амалий чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида бу йил мамлакатда тиббий-ижтимоий хизматнинг мутлақо янги моделини шакллантириш чораларини кўриш устувор вазифа сифатида белгилаб берилган.
ТАШҚИ МУНОСАБАТЛАР ЯНГИ ПОҒОНАГА КЎТАРИЛМОҚДА
Давлат дастурининг бешинчи – Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, вазмин, ўзаро фойдали ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасидаги устувор йўналишлар бўйича эса Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепциясини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқиладиган қонун лойиҳасида мамлакатимизнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсатини изчил амалга ошириш ҳамда белгиланган стратегик режаларнинг жадал ижросини таъминлаш мақсадлари кўзда тутилмоқда.
Шу билан бирга, бешинчи йўналишда Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) билан ҳамкорликни кенгайтириш, Орол денгизи ҳалокати оқибатида юзага келган экологик фожиалар таъсирини юмшатишга қаратилган амалий ҳаракатларни қатъий давом эттириш, Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва мазкур мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш йўлидаги глобал саъй-ҳаракатларни фаол қўллаб-қувватлаш, жумладан, Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Транс-афғон транспорт йўлагини барпо этиш борасида аниқ манзилли тадбирларни амалга ошириш каби аниқ вазифалар кўзда тутилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсатида иқтисодий дипломатияни фаол илгари суриш, айниқса, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан яқин қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича тадбирларни амалга ошириш бешинчи йўналишнинг муҳим устувор вазифаларидан саналади.
Хулоса қилиб айтганда, 2021 йилги Давлат дастурида амалга оширилиши режалаштирилаётган барча соҳалардаги чора-тадбирлар дастурнинг, энг аввало, мамлакат ривожи ва халқ фаровонлигига хизмат қиладиган муҳим ҳужжат эканлигини яққол кўрсатиб турибди.
Фозилжон Отахонов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори