Бу йил юртимизда Наврўз байрами қандай нишонланади?
Пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида 2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Президент Администрацияси маданият ва санъатни ривожлантириш шўъбаси мудири Нодирбек Сайфуллаев, маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов, маданият ва санъат, адабиёт намояндалари, пойтахт театрлари раҳбарлари, режиссёрлар, шунингдек, бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Наврўз – барча орзиқиб кутадиган, энг халқчил ва бетакрор миллий байрам. Баҳор айёмининг бу йилги тантаналари ҳам халқимиз дилига яқин, ўзига хос, такрорланмас руҳда ўтиши муҳим аҳамият касб этади.
Йиғилишда умумхалқ сайиллари шаклида ташкил этиладиган айём дастурларини тайёрлашда қадимий урф-одатларимиз ва халқ ўйинлари, миллий куй ва қўшиқлар, ўлан ва лапарларга кенг ўрин бериш масалалари хусусида батафсил сўз юритилди. Жойларда бўлиб ўтадиган сайилларга фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, дорбозлар ва бахшилар, шунингдек, истеъдодли анъанавий ижрочилар ва эстрада хонандаларини жалб этиш зарурлиги таъкидланди.

Мамлакатимизда юз бераётган ижобий ўзгаришларни Наврўзнинг азалий қадрият ва анъаналари билан мувофиқ тарзда, таъсирчан бадиий воситалар орқали акс эттириш каби масалалар муҳокама қилиниб, вазифалар белгилаб олинди, деб хабар қилмоқда Маданият вазирлиги ахборот хизмати.
Н.Усмонова, ЎзА