Олий таълим тизимида талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласи узоқ йиллар давомида энг долзарб муаммолардан бири бўлиб келган. Айниқса, ўз ҳудудидан ташқаридаги олийгоҳларда таҳсил олишни бошлаган ёшлар учун ётоқхона жуда ҳам муҳим.
2017 йилда 228 та талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, уларнинг қуввати 59,5 минг ўринни ташкил этар, талабалар эҳтиёжининг атиги 28 фоизини қопларди, холос. Шу боис бу соҳада ислоҳотлар олиб бориш ҳаётий зарурат эди.
Бугун эса манзара тубдан ўзгарган. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузованинг ЎзАга берган маълумотларига кўра, 2025/2026 ўқув йили бошига келиб ётоқхоналар сони 386 тага етди, жойлар қуввати эса 156 минг ўриндан ошди. Талабаларнинг турар жой билан таъминланиш даражаси 55 фоизга етди. Бу, давлатимизнинг ёшларга қаратган алоҳида эътибори, олий таълим тизимидаги ислоҳотлар ва амалий ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.

Талабалар турар жойларига ёшларимизни жойлаштириш масаласига келадиган бўлсак, жараён рақамлаштирилиб, Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали амалга ошириладиган тизимга айланди. Бу ортиқча сарсонгарчилик ва қоғозбозликка чек қўйиб, талабалар турар жойларининг адолатли тақсимланишига имконият яратмоқда. Аввало, имтиёз ва устуворликка эга тоифадаги ёшлар: «Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум талабалар, ижтимоий ҳимоя тизимида қайд этилган оилалар фарзандлари, ногиронлиги бўлган ёшлар, хориждан келиб таҳсил олаётган талабалар ҳамда ўқишда ва жамоат ишларида фаол бўлган талабалар биринчи бўлиб жой билан таъминланади.
Шундан сўнг қолган ўринлар умумий рўйхатдаги талабалар учун белгиланган тартиб асосида тақсимланади. Бу жараёнда асосий эътибор биринчи курс талабаларига қаратилган бўлиб, уларнинг кўпчилиги ётоқхона билан таъминланиши назарда тутилган. Иккинчи ва юқори курслардаги талабалар эса қолган ўринлардан баҳраманд бўлади. Аризалар қабули ўқув йили якунига қадар давом этади. Яъни, талабалар турар жойида бўш ўринлар вужудга келса, навбатдаги талаба шу ўриндан фойдаланиши мумкин бўлади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузованинг сўзларига кўра, агар талабага ётоқхонадан турар жой топилмаса, давлат унинг ижара харажатларини қоплаб беради.
– Аслида, дунёда бундай тизим кўп учрамайди: талабалар ижара масаласини мустақил ҳал этиши табиий ҳол деб қаралади. Шу маънода, юртимиздаги ушбу тартиб ёшларнинг манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган ноёб тажрибадир, дейди Назокат Абдуқундузова. – Бу жараён ҳам тўлиқ рақамлаштирилган. Талаба аризани ҳар ойнинг еттинчи санасига қадар kontrakt.edu.uz ахборот тизими орқали тақдим этади ва компенсация миқдори шартномада кўрсатилган муддат давомида мунтазам равишда, ҳар ой шахсий картасига ўтказиб берилади. Биринчи курс талабалари сентябрь ва октябрь ойларида ижара шартномасисиз ҳам компенсация олиш ҳуқуқига эга. Ноябрдан бошлаб эса ижара шартномаси талаб этилади. Иккинчи ва ундан юқори курс талабалари учун эса шартнома тузилиши шарт. Агар бир турар жойда бир нечта талаба яшаса, барчасининг исми шартномада кўрсатилиши зарур. Шу билан бирга, доимий яшаш манзили таҳсил олаётган олийгоҳ жойлашган шаҳар ёки туманда бўлган талабалар компенсациядан фойдаланмайди. Компенсация миқдори ҳудудга қараб белгиланган: Тошкент шаҳрида таҳсил олувчилар ойига 1 БҲМда, бошқа шаҳар ва туманларда ўқиётганлар эса ойига ярим БҲМда компенсация олади. Маблағлар ҳар ойнинг 15-санасига қадар талабанинг шахсий пластик картасига ўтказиб берилади.
Хулоса қилиб айтганда, талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласи эндиликда анча енгиллашди. Ётоқхоналар сони ва ўринлари кўпайиб, кўплаб талабаларга қулай шароит яратилмоқда. Шунингдек, ётоқхонада жой етмаганлар учун ижара ҳақи давлат томонидан қоплаб берилиши ҳам талабаларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир. Бу билан ҳар бир талаба ўзини давлатимизнинг эътиборида эканини ҳис қилади ва бутун диққатини билим олишга қаратади.
Шуни ҳам алоҳида қайд этиш жоизки, агар мулкдор уйни бирор шахсга ижарага берса солиқ тўласа, уйини талабаларга ижарага берганда эса даромад солиғидан озод қилинади. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, Солиқ кодексининг 378-моддаси 19-бандига кўра, уй-жойни талабаларга ижарага беришдан келадиган даромад солиқдан озод қилинган.
Аслида, Солиқ кодексининг 375-моддасига кўра, мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромад мулкий даромадлар тоифасига киради ва жами даромад ҳисобига қўшилиб, даромад солиғи солиш объекти саналади. Шунингдек, Солиқ кодексининг 381-моддасига асосан, бу даромаддан 12 фоиз солиқ ундирилади.
Талабалар билан шартнома тузган ижарачиларга 40 млрд. сўмлик солиқ имтиёзи берилди. Солиқ органларида 515 мингдан ортиқ ижара шартномалари ҳисобга қўйилди. Ушбу шартномалар бўйича 600 млрд. сўмга яқин солиқлар ҳисобланган.
Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг 1 август ҳолатига, жисмоний шахслар ўртасида тузилган 356,1 мингта ижара шартномаси асосида 445 млрд. сўм даромад солиғи ҳисобланиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан ижара шартномалари сони 9,1 фоиз ва ҳисобланган даромад солиғи суммаси 46,6 фоизга ошди.
Юридик шахслар ўртасида тузилган 159,1 мингта ижара шартномаси асосида 154,5 млрд. сўм солиқ ҳисобланиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан ижара шартномалари сони 14,1 фоиз ва ҳисобланган солиқ суммаси 34,7 фоизга ошган.
Юқорида таъкидлаганимиздек, уй-жойларни талабаларга ижарага берган солиқ тўловчилар даромадлари солиқдан озод этилган. Январь-июль ойларида даромад солиғидан 40,7 млрд. сўм имтиёз қўлланилди. Талабалар билан 65,3 мингдан ортиқ ижара шартномаси тузилган. Ижарада турувчи талабалар сони 95 307 нафарни ташкил этди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА