
Қаҳрамонлар номи барҳаёт
“Ғалаба боғи” ҳудудидаги “Миллат фидойилари” хиёбони. Ушбу ёдгорлик мустақиллик йилларида мамлакатимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган юрт ҳимоячилари хотирасини абадийлаштириш мақсадида амалга оширилган эзгу ишлардан бири бўлди.

Келажак авлодлар ўз қаҳрамонлари хотирасини ҳеч қачон унутмайди. Бу маскан нафақат хотира хиёбони, балки минглаб, миллионлаб ҳамюртларимизнинг зиёратгоҳ манзили бўлиб қолади. “Миллат фидойилари” хиёбонида жами 196 нафар қаҳрамон номи тарихга муҳрланди. Худди ана шундай қаҳрамонлардан бири катта сержант Маъруф Ражабовдир.

Тошкентдан Қашқадарёга келишда Самарқанд вилоятининг Булунғур туманига тегишли кўчалардан бирига кираверишда йўл четида ўрнатилган пештахтада ёзилган битиклар доим хаёлимни оларди. “Бу кўча юртимиз сарҳадлари дахлсизлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлаш йўлида жонини фидо қилган мард ва жасур Ватан ҳимоячиси, “Жасорат” медали соҳиби катта сержант Маъруф Ражабов номи билан аталади”.

Бу сўзлар юраги бор ҳар қандай инсоннинг кўнглида, Ватан озодлиги, тинчлиги қанчалар қимматли эканини англашга ундайди. Бу сафар пештахта олдидан шунчаки ўтиб кетолмадим. Суръатда муҳрланиб қолган ўткир нигоҳлар нималардир сўзларди. Бус-бутун жасоратдан иборат бўлган бу йигитнинг тақдири, ҳаёти мени жудаям қизиқтирди. Юрагимни тимдалаб турган тушнуксиз туйғуларга, балки шу йўсин таскин берарман, деган хаёлда қаҳрамонимиз яшаган хонадонга йўл олдим. Остонада тупроқдек хокисор бир онахон кутиб олди.
– Келинг, болам, сизга қандай ёрдамим тегади. Ўғлим уйда йўқ эди.
Келишимнинг муддаосини тушинтирдим. Кўзларимга синиқ нигоҳда термулди-да, уйига таклиф қилди.
Онаизор шундай ҳикоя қилди:
– Маъруфжонни бошқача яхши кўрар эдим, кўзлари тип-тиниқ, табассумидан кўнглим ёришарди. Аслида бир фарзандни иккинчисидан ажратиб бўлмайди, лекин у бошқача эди. Бошқа болаларга ўхшамас, гўё ҳаётни эртароқ тушиниб етган-у бизнинг кўнглимизга қараб яшаётгандек эди. Табиатни севар, борлиқ билан тиллашарди. Бир неча бор кузатганман, япроқларга қулоқ тутганча уларга нималардир пичирлаётганини. “Ҳой бола, кимга гапиряпсан?” десам, чўчиб кетарди. “Жим” деб имо қиларди. “Ҳар майса, ҳар япроқ бир ҳикмат сўзларкан, она, уларнинг тили, вазифалари бор экан, китобда ўқидим. Катта бўлсам, ҳаммасининг тилини ўрганаман. Уларнинг дардларига қулоқ соламан. Кейин гуллар сўлиб қолмайди, дарахтлар қуриб қолмайди она”, деган эди бир сафар. Унинг балоғат билан сўзлашидан ҳамма ҳайратда қоларди. На ёшлик кезлари, йигитлик чоғлари бўлсин ортидан ёмон гап эшитмадим. Мактабдан ҳам доим менга мақтов олиб келарди. Қўни-қўшнилар ҳам оғзидан бол томиб мақтарди. Кўз тегдими, билмадим...
Бир куни уйимизга бир қаноти ярадор қирғий боласини кўтариб келди. Аввали бошида қўрқдим, қушнинг касали бор бўлса-чи, деб ўйлаб, урушиб бердим:
Қаердан топган бўлсанг, ўша ерга ташлаб кел.
Йиғлаб юборди.
– Ўлиб қолади, она, бунинг ҳам жони бор, онаси бор, даволаб кейин учириб юбораман. Даланинг дайди итлари унга ташланиб емоқчи бўлаётган экан, улардан қутқариб уйга олиб келдим, – деди.
Кўзларига чўкиб қолган илтижодан нима дейишимни билмай қолдим. Маъруфжоннинг талабини рад қилишнинг имкони йўқ эди. Болагинамнинг бир қушнинг ҳимоячиси бўлганини кўриб, эртага юртининг, тупроғининг ҳам қўриқчиси бўлиши кўз олдимда гавдаланди. (Адашмаган эканман). Кўнглини синдириб қўйишдан қўрқардим. Хуллас, қушни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб улғайтирди, ўзи емаган овқатлар бериб боқди. Елкасидан ерга қўймасди. Мактабидан келиши билан қуш жон-жаҳди билан учиб Маъруфжоннинг қўлларига қўнарди. “Ҳой бола, бу бир қуш бўлса, бир куни кўзингни ўйиб олмасин” деб койирдим. “Онажон, бу оддий қуш эмас, бу Маъруфнинг қуши” дея жилмаярди.
Бир сафар ўғлим мактабга кетгач, қуш ҳам учиб кетди. Шу бўйи қайтмади, изламаган ери қолмади боламнинг, касал ҳам бўлиб қолди. Ўрганиб қолган экан. Роса қийналди болам бечора. Сўнг тақирига тан берди, лекин кап-катта йигит бўлиб қолган кезлар ҳам ўша қушини кутарди.
Маъруфжонда ҳарбийликдан кўра, ижодкорликка муҳаббати кучлироқ деб ўйлаганман, аввали бошда. Катта ўғлим ҳарбий билим юртига ўқишга кирганидан сўнг қизиқиб кетди, чамамда. Акаси уйга келди дегунча кийимларини катта қилиб кийиб оларди, қўлларини бошига қўйиб, "Ватанимга хизмат қиламан, Ватанимга хизмат қиламан" дея завққа тўлиб югуриб юрарди. Ҳеч кун йўқки мендан кейин уйғонган бўлса, саҳарлаб туриб мактабимизнинг стадионига югуриб келиб, акасидан ўрганган машқларини такрорларди.
Анави кўриниб турган турник ҳам Маъруфжондан эсдалик.
Болам мактабни аъло баҳоларга тугатгандан сўнг, Самарқанддаги Педагогика ва жисмоний тарбия билим юртига ўқишга кирди. У даргоҳда ҳам устозлар эътиборида бўлди, бир неча бор ташаккурномалар олган олийгоҳ маъмуриятидан.
Уфқнинг кўзлари қизариб, қуёшнинг тафти сўниб, кун ботар маҳаллар сўрига жой ташлаб отасига чой дамлаб тургандим Маъруфжон келиб қолди. “Онанг ўргилсин, кел, болам” деб қош кўзларидан ўпдим. Қарасам, сочлари олинган, ҳа болам аскарлардек бўлиб олибсан?” “Мен кетяпман”. “Қаёққа, болам”, деб сўрасам юрагим дукиллаб, ҳарбий хизматга эканлигини айтди. Ўқишинг бор-ку, болам, десам, қайтиб келиб битираман дейди. Кейин билсам, ўзи даъвогар бўлиб Ватанимга хизмат қилай деб, ариза ёзиб кетган экан. Тонгда уйғониб отасидан, мендан дуо олди, кузатгани чиқайлик десам, унамади.
Куним қурсин шу кетишда қайтиб келмади.
Онахон жим қолади шу ерда. На мен қолган тафсилотлар ҳақида сўрай оламан, на онахоннинг ўзи айтиб беради, кўзларидан оқаётган ёшлари Маъруфжоннинг суратига чаккиллаб томиб турибди. Суръатни бағрига босганча "Қаҳрамон болам", деб оҳ-у фиғонидан ер-у само ларзага келади. Бошқа гапиролмайди.
Ҳеч одамга бундай жудолик ўтида куйиш насиб қилмасин. “Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин”, деб дуо қилардилар отам. Энди англагандек бўляпман халқимиз ичида дуога айланиб кетган бу иборани. Бугунги дориломон кунларни орзу қилган ота-боболаримиз бошидан не-не мусибатлар ўтмаган дейсиз. Иккинчи жаҳон уришида ҳам қанчадан-қанча оналарнинг оҳ-у фарёди кўкни титратган. Бугунги ёруғ кунларга келгунча қанча қаҳрамон йигитларимиз душманлар ўқига кўксини қалқон қилмади, дейсиз.
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг бир шеърида шундай мисралар бор.
Бир куни
бир алвон
замон бўлади
Замин узра
омон-омон бўлади
Ўн йилми
Юз йилми ўтиб орадан
урушлар низолар кетиб орадан
Тўплар адирларда буғдой ўради
Танклар далаларда пахта теради.
Шеърда айтилган дориломон кунларга етиб кўксимизга эндигина тегиб турган шамолнинг тафтидан бахтиёр чоғларда Ватанимиз тинчлигига дахл қилмоқчи бўлган бир гуруҳ террорчи ғаламислар юртимиз сарҳадларини бузиб кирмоқчи бўлади. Бундан хабар топган миллий армиямиз побонлари муқаддас тупроғимизга террорчи тўдалари кириб келишининг олдини олиш учун ўз кўксини қалқон қилади. Ана шундай мард, жасур ўғлонлар орасида Маъруф Ражабов ҳам бор эди. У жанговор ҳаракатларда юксак ватанпарварлик ва жасорат кўрсатиб, душманларга қарши мардонавор курашди. Аммо жангда оғир яраланиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Бугунимизни шу мўжазгина шеърга жойлаб қўйган шоиримизнинг орзулари бус-бутунлигича рўёбга чиқди, десак, муболаға бўлмайди. Бу орзуларнинг рўёби йўлида Маъруф Ражабовдек қаҳрамонларнинг хизмати ҳеч қачон унутилмайди.
Онахон билан хайрлашиб, йўлга тушаман. Кўз олдимда жанг майдони, Ватан тинчлиги йўлида жон фидо қилган посбонларимиз қад ростлайди. Уларнинг кўзларидаги олов ҳануз барҳаёт, ҳануз Ватанимиз чегараларида бошини баланд кўтариб мардона турибди.
Муҳаммадали ҒОФФОРОВ, журналист.
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА