Брюсселда вазирлар учрашади. ЕИга кириш йўлида...
Россия –Украина
НАТОга аъзо давлатлар Мудофаа вазирлари 14-15 февраль кунлари Брюсселда учрашадилар, унда Украинага ҳарбий қурол-аслаҳа, шу жумладан, самолётлар етказиб бериш масалалари кўриб чиқилади. Унинг доирасида АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остиннинг украиналик ҳамкасби Алексей Резников билан учрашуви бўлиб ўтади.
НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергнинг берган маълумотига кўра, вазирлар, шунингдек, Ғарб ҳарбий-саноат мажмуасининг жанговар қуроллар ишлаб чиқиш ҳажмини ошириш масаласини муҳокама қиладилар.
Столтенберг “НАТО Украина зиддиятига 2014 йилдан бери тайёргарлик кўриб келаётган эди”, деб баёнот берди. “Ўша пайтдан бери Шимолий Альянс ўзининг ҳарбий кучлари қувватини жиддий оширишни бошлади, чунки зиддият ўтган йилнинг февраль ойида бошланмади, у 2014 йилда бошланган”, деди Столтенберг.
“Reuters” агентлиги ўз манбаларига таяниб, Ғарб мамлакатларида Киевга берилган ҳарбий ёрдам оқибатида ўзларининг бу хусусдаги захиралари кескин камайиб кетгани хабарини берди. Шунинг учун НАТО ҳарбий қурол-аслаҳа ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш таклифини бермоқда.
Агентликнинг хабарига кўра, мазкур масала НАТОнинг жорий йил июль ойида бўлиб ўтадиган саммит ишида кўриб чиқилади. Украина Президенти Владимир Зеленский Филиппин етакчиси Фердинанд Маркос билан икки томонлама муносабатлар давридан бери илк марта телефон орқали кўришди.
“Мен Маркосни мамлакатимнинг суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирдим”, деб ёзди Зеленский ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифасида.
Германия Бундесвери (Қуролли кучлари) кечадан бошлаб украиналик ҳарбийларни “Leopard 2” танкини бошқаришни ўргатишни бошлаб юборди. Бу ҳақда журналистларга Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати вакили хабар берди. “Мунстер шаҳрида бошланган ўқув курслари биринчи чоракнинг охиригача давом этади”, деди у.
Украина Мудофаа вазирлигининг хабарига кўра, Дания Киевга Қиролликдаги мавжуд барча “Caesar” ўзиюрар артиллерия ускуналарини етказиб берди. Дания Бош вазири Метте Фредериксен Украинага 19та ана шундай техникани юборилганини тасдиқлади.
АҚШ собиқ Мудофаа вазири Марк Эспер Қўшма Штатлар Украинага ҳаво ҳужумига қарши “Patriot” ускуналарини етказиб беришда кеч қарор қабул қилганини танқид қилиб чиқди.
Украина Бош вазирнинг Европа ва Евроатлантика интеграцияси масалалари бўйича ўринбосари Ольга Стефанишина “мамлакатининг ЕИга кириши тўғрисидаги музокаралар 2023 йилда бошланади, деб баёнот берди. Бу ҳақда у “Financial Times” газетасига берган суҳбатида айтиб ўтган. “Украина 2026 йилгача ЕИ аъзо бўлади”, деган.
Аброр ХОН,
ЎзА