Москва НАТОни ўтган аср 90-йилларидаги ҳолатига қайтармоқчи, дея баёнот берди Германия Разведка хизмати бошлиғи Бруно Каль.
– Ғарб давлатлари Россиянинг яширин ниятларига алданмасликлари керак, чунки Москва учун Украина билан можаро Ғарб сари юриш йўлидаги бир қадам, – деган мулозим. – Москвада НАТО шартномасининг ўзаро мудофаани назарда тутувчи 5-моддаси ишлаётганига ишонмайдиганлар бор. Улар шуни текшириб кўрмоқчи. Руслар Шимолий Атлантика альянсини 1990-йиллар охиридаги даражасига қайтариш ниятида. Режа – Американи Европадан ҳайдаб чиқариш. Мақсадга эришиш учун ҳар қандай воситадан фойдаланиляпти. Бунинг учун Россия кенг миқёсда бомбалаши ёки танк бўлинмаларини киритиши шарт эмас. Масалан, Эстониядаги, гўёки, мазлум рус озчилигини ҳимоя қилиш учун бузғунчиларни юбориш кифоя. Ва шундан кейин Москва АҚШ Президенти ҳақиқатан бунга жавобан америкалик аскарларни Атлантика океани орқали жўнатадими ёки йўқ, шуни кўриб чиқади.
Аввал ҳам Бруно Каль РФ 2030 йилгача НАТОга қарши ҳаракатлар амалга ошириши мумкинлигини бир неча бор тахмин қилган эди.
ГФР ташқи разведка хизмати раҳбари Россия ва Ғарб ўртасидаги музокаранинг яқин келажакдаги истиқболи кўринмаётганини таъкидлаган. Бундан ташқари РФ Украинада тинчлик ўрнатишга интилаётганига ишонмаслигини айтган.
К.Бекжонов, ЎзА