Британия ва Франциянинг Украина бўйича режаси
Брюсселда Буюк Британия ва Германия раислигида Украина бўйича алоқа гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Бирлашган Қироллик мудофаа вазири Жон Хили “Times” газетаси ижтимоий тармоқда намойиш қилган матбуот анжуманида Киевга яна 21 миллиард евродан кўпроқ ҳарбий ёрдам ваъда қилинганини айтди. Масалан, Киевга 350 миллион фунт стерлинг қийматга эга радар тизими, танкка қарши мина ва юз минглаб дрон берилади. Шунингдек, ҳарбий техника таъмири хизмати учун ҳам маблағ ажратилади. Британия ҳукумати веб-сайтида таъкидланишича, бу 2025 йил учун ваъда қилинган тўрт ярим миллиард фунт стерлинг ёрдамнинг бир қисми.
Британия ва Франция расмийлари Украина бўйича келишувга ҳисса қўшишга тайёр “хоҳловчилар коалицияси” ёзма баёнотини баҳолаб, Трампга хавфсизлик кучларини жойлаштириш режасини тақдим этади. Айни масалага оид баёнотлар кейинги ҳафта охиригача тайёр бўлиши керак. Ой охирида Лондон ва Парижда якуний тўхтамга келинади.
Президент Эммануэль Макрон 27 март куни бўлиб ўтган Париж саммити якунида коалициянинг қатор вакиллари томонидан Украинага тийиб турувчи кучлар юборилиши режалаштирилаётганини айтди. Таъкидланганидек, икки давлат ташаббуси Украина қўшини ўрнини боса олмайди, “тийиб турувчи куч” тинчликпарвар мақом касб эта олмайди. Асосий мақсад Россияни тўсиб қўйиш ва украиналиклар билан бирга олдиндан белгиланган стратегик жойларга ўрнашиш. Фаранг етакчиси айни ташаббусга ҳамма рози эмаслигини билдираркан, аслида бунга зарурат ҳам йўқлигини таъкидлаган.
“Bloomberg” ёзишича, Пентагон раҳбари Пит Хегсет Киевни қўллаб-қувватлаш бўйича алоқа гуруҳи йиғилишида Европа томонидан Киевга ёрдам кучайтирилишини олқишлаган. Шу билан бирга АҚШ маъмуриятининг хавфсизлик кафолати масаласига ёндашуви ўзгармаганини қўшимча қилган.
С.Раҳимов, ЎзА