Рио-де-Жанейро шаҳрида БРИКСга аъзо давлатлар 17-саммити бўлиб ўтмоқда. Анжуманда сўзга чиққан Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва доимий аъзо сифатида Осиё, Африка ва Лотин Америкаси давлатларини киритиш орқали БМТ Хавфсизлик кенгашини кенгайтиришга чақирди:
– Юзага чиққан ишонч инқирозини енгиш учун ХКни тубдан ўзгартиришимиз керак. Тузилмани янада қонуний, ваколатли, самарали ва демократик қилиш учун Осиё, Африка, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасидан янги доимий аъзоларни киритинг! БМТ омон қолиши учун бундай ислоҳот жуда зарур. Жараённи кечиктириш дунё барқарорлиги ва хавфсизлигига путур етказади.
Шунингдек, Бразилия етакчиси кўп томонлама, иқтисодий ва молиявий масалалар муҳокамасига бағишланган сессияда ҳам сўзга чиқиб, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ва Жаҳон банки (ЖБ)ни танқид қилиб, ушбу халқаро молия тузилмасини ривожланган мамлакатлар фойдасига ишлаётганликда, тенгсизликнинг кучайтираётганликда айблади:
– ЖБ ва ХВЖ тескари Маршалл режасини қўллаб-қувватламоқда. Яъни, ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиёти ривожланган дунёни молиялаштирмоқда. Халқаро ёрдам оқими камайди. Энг камбағал мамлакатлар қарзи ошяпти. Ҳамон амалдаги неолиберал модел дунёда тенгсизликни кучайтирмоқда. 2015 йилдан буён 3000 нафар миллиардер 6,5 триллион доллар жамғарган.
Саммитда 1994 йил июль ойида ташкил этилган, ХВЖ ва ЖБни бирлаштирган Бреттон-Вудс институтларини зудлик билан ислоҳ қилишга чақирилди. БРИКС қабул қилган якуний декларация матнида бу ҳақда, жумладан, шундай дейилган:
– Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллиги муносабати билан янада сезгир, самарали, ишончли, инклюзив, мақсадга мувофиқ, холис, масъулиятли, ваколатли ва қонуний фаолият юритишини таъминлаш мақсадида Бреттон-Вудс институтлари ислоҳ қилиниши зарурлигини яна бир бор таъкидлаймиз. Биринчи навбатда мазкур тузилмалар ташкил этилгандан буён жаҳон иқтисодиётида юз берган ўзгаришларни таҳлил этиш учун бошқарув тизимини ислоҳ қилиш керак. Ривожланаётган бозор ва иқтисодиётларнинг Бреттон-Вудс доирасидаги овози ва вакиллиги шу давлатларрнинг жаҳон иқтисодиётида ортиб бораётган салмоғини акс эттириши лозим.
БРИКС етакчилари ушбу ташкилотларда бошқарув тартиб-қоидасини, жумладан, минтақавий хилма-хиллик, ривожланаётган мамлакатларнинг ХВЖ ва ЖБ раҳбариятидаги вакиллиги, шунингдек бошқарув даражасида аёллар ўрни ва улушини оширишга хизмат қиладиган “савобга асосланган, инклюзив танлов жараёни” орқали такомиллаштиришга чақирди.
БРИКС (BRICS – Brazil, Russia, India, China, South Africa) иқтисодиёти жадал ривожланаётган мамлакатлар – Россия, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка Республикасининг норасмий ҳукуматлараро бирлашмаси ҳисобланади.
Сиёсат, иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳасидаги манфаатлари бир-бирига мос келадиган давлатлар ҳамкорлигини назарда тутувчи ушбу тузилма доирасидаги муносабатлар аралашмаслик, тенглик, молиявий муносабатлар кўп қутблилиги ва ўзаро манфаатдорлик тамойили асосига қурилган. Ҳар йили БРИКС вакиллари юздан ортиқ тадбир ўтказади. Энг асосий анжуман – ҳар йили ўтказиладиган саммитда давлат раҳбарлари учрашади.
Таркибга 2024 йилдан бошлаб таъсисчи давлатлардан ташқари Миср, БАА, Эфиопия, Эрон, 2025 йил январдан Индонезия қўшилган. Беларусь, Боливия, Куба, Қозоғистон, Малайзия, Нигерия, Таиланд, Уганда, Ўзбекистон ва Вьетнам блок билан ҳамкор сифатида алоқани йўлга қўйган.
Саидмурод Раҳимов,
ЎзА шарҳловчиси