Шарҳ: Brexit муваффақиятми ёки таназзул?
Дастлаб Brexit (Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши) га мамлакатдаги консерватив мухолифат ва айрим гуруҳларнинг бош мақсади сифатида қаралди.
Дастлаб Brexit (Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши) га мамлакатдаги консерватив мухолифат ва айрим гуруҳларнинг бош мақсади сифатида қаралди. 2016 йил 23 июндаги референдум натижаларига кўра, мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқишини ёқлаб 51,9 фоиз сайловчи овоз берган, 48,1 фоизи эса бунга қарши бўлган. Бирлашган Қиролликнинг алоҳида субъектларида овоз бериш натижалари ҳар хил тус олган: Шотландия ва Шимолий Ирландиянинг аксар аҳолиси Brexitга қарши овоз берган бўлса, Англия (Лондон мустасно) ва Уэльс мамлакатнинг ЕИдан чиқишини ёқлаб овоз берган. Референдумнинг кутилмаган натижаси жаҳон ҳамжамиятини лол қолдирди, айримлар ҳатто шок ҳолатига ҳам тушиб қолишди, чунки кўплаб сиёсатшунослар бунинг акси бўлишини тахмин қилишган эди.
Европа Иттифоқи жорий йил 10 апрель куни кечки пайт ўтказган фавқулодда саммитида Иттифоқдан чиқиш борасида боши берк кўчага кириб қолган Буюк Британияга 31 октябргача Brexitни якунлашга муҳлат берган. Сабаби Brexit жараёни чўзилиб кетганидир. Лондон ва Брюсселнинг бу борадаги музокараларни 2017 йилнинг ёзида бошланганди. Brexit 2019 йил 29 март куни бўлиб ўтиши, кейин ўтиш даври бошланиши керак эди. Аммо Британия парламентининг ЕИ билан келишувни ратификация қилмагани жараённи чўзиб юборди.
ЕИ расмий Лондонга 31 октябргача муҳлат беришининг бир сабаби бор. Май ойининг охирида Европада парламент сайловлари ўтказилди. Шу асосда 2019 йилнинг 1 ноябридан янги парламент ва янги Еврокомиссия иш бошлайди. ЕИ Лондоннинг шу муддатгача ягона тўхтамга келишини истайди. Аслида ушбу муддат Бирлашган Қироллик сиёсий партиялари, парламент ва ҳукуматнинг бир тўхтамга келиши учун етарли муддат.
Мамлакат Бош вазири Тереза Мэй на ҳукуматни, на халқни Буюк Британия Евроиттифоқ таркибидан чиқиб кетса ҳозиргидан яхшироқ бўлишига ишонтира олмагани учун истеъфога чиқишга мажбур бўлди. Бир пайтлар, бундан уч йил олдин Буюк Британиянинг Евроиттифоқдан чиқариш тарафдори бўлиб ўртага чиққан ва ҳатто референдум ўтказиб, ўша ўтказилган умумхалқ референдумда ўзига керакли натижани қўлга киритган ҳам айнан Мэйнинг партияси бўлган.
Brexit Бирлашган Қиролликни ушлаб турган устунлар муайян муддат дарз кетаётганлигини яққол намойиш этди. Айрим вақтларда қироллик сунъий нафас олдирилаётган касал кимсага ўхшаб, Европа Иттифоқидан чиқиш борасидаги кўз қарашлар туфайли Англия, Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландия иттифоқи бевосита хавф остида қолди.
Уч йил аввалги референдум натижалари эълон қилингач, Британия фуқаролари орасида Европа Иттифоқидан яшаш учун фуқаролик сўраш ҳолатлари авжга чиқди. Ёз ойларида ЕИнинг Лондондаги 16 та дипломатик корпуси вакиллари аҳоли ўртасида бошқа аъзо мамлакатлар паспортини олишга талаб кучайиб кетганлигини қайд этишди. Талабнинг ошишига сабаб эса британияликларнинг ЕИ мамлакатлари бўйлаб референдумдан аввалги каби эркин саёҳат қилишни исташлари эди.
Референдумдан сўнг бир ой ичида Британиядаги сайёҳлар сони 18 фоиз ошди. Туризм бозори тадқиқотлари шуни кўрсатдики, фунт стерлинг қийматининг пасайиб кетиши британияликлар орасида ички ва ташқи туризмни ривожлантирди.
Британиялик харидорлар Brexitдан кейинги шок ҳолатдан тез чиқиб олишди: 2016 йил июль ойида чакана савдо кўрсаткичи тахмин қилинганидан ҳам кўпроқ ошди. Илиқ ҳаво кийим-кечак савдоси ошишига хизмат қилди, фунтнинг тушиб кетиши эса қиммат соатлар ва заргарлик буюмларини харид қилиш учун келган хорижликларнинг сони ошишини таъминлади. Чакана савдолар ҳажми аввалгига нисбатан 1,4 фоиз ошди (тахмин 0,2 % эди). Соатлар ва заргарлик буюмлари савдоси эса 16,6 фоиз ўсди, бу охирги икки йил ичидаги энг юқори кўрсаткич эди. Аҳоли даромадларининг пасайиши йилига 3,7 фоизни этиши тахмин қилинмоқда.
МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИ
Жаҳоннинг қудратли давлатларидан бири бўлган Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиш режасини эълон қилиши бутун дунёни ҳайратга солди. Негаки, Иттифоқ таркибига кириш орзусида юрган давлатлар оз эмас... Британия нимани кўзлаб ташкилотни тарк этмоқчи? Бунинг остида кимларнинг манфаати ётибди?
Ушбу сиёсий жараённинг амалга ошиши нафақат бутун мамлакат, балки Европа ва унга қўшни қитъаларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётига ўзгача тус бериши мумкин. Дунё мамлакатлари бир-бирига кўринмас ип билан боғланган экан, муайян ҳудудда содир бўлган воқеа барчага ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Хўш, нима учун расмий Лондон Иттифоқ тақдим этган имкониятлардан очиқчасига воз кечяпти?
Анча йиллар аввал – ўтган асрнинг ўрталарида ўша пайтдаги Британия Бош вазири, зукко сиёсатчи Уинстон Черчилл томонидан айтилган фикр бугунга келиб ҳам ўз долзарблигини йўқотмади: “Биз Европанинг оддий бўлаги эмасмиз, балки унинг тенг ҳуқуқли аъзосимиз”. У юртининг қитъа ҳукмрони бўлиши учун ҳаракат қилган. Юксалиш эса ташқи иқтисодий алоқалар ёрдамида амалга ошишини Черчилл жуда яхши билган. Шу мақсадда бутун Европани бирлаштирадиган ягона тузилма – Европа Иттифоқи тузиш лозимлигини таъкидлаган.
Ташкил топганидан сўнг Британия ҳам унинг аъзоси бўлишга ҳаракат қилди. Илк уриниш ўтган асрнинг 60-йилларида бошланди. Орадан вақт ўтиб, 1975 йилда Британия Европа Иттифоқи таркибига кирди. Шундан сўнг мамлакат иқтисодий жиҳатдан ўзини ривожлантириши учун четдан инвестиция олиб киришга эришди. Аъзолик бир қанча соҳаларнинг жадаллашувида қўл келган бўлса-да, ортидан бундан ҳам катта муаммоларни етаклаб келди.
Иммигрантлар сиёсатининг оқсаётганлиги ҳукуматнинг ЕИдан чиқиб кетиши учун энг асосий сабаб сифатида қаралади. Евроҳудудда чегара тўсиқларининг йўқлиги туфайли иммигрантлар оқими кучайди. Париж ва Брюсселда содир бўлган терактда муҳожирларнинг “қўли борлиги” аниқланди. Шу воқеа Британияни сергакликка чорлади ва жараённи тезлаштиришга ундади. Марказий бошқарув органи бунгача ҳам ЕИнинг иммигрантлар масалалари бўйича дастурларига қўшилмаган. Масалан, Британия ташкилотнинг 2015 йилдаги Ўрта Шарқ ва Африкадан келган муҳожирларни қайта жойлаштириш лойиҳасида қатнашмаган. Сабаби, бу кўп маблағни талаб қилган. Шунинг учун таклиф рад этилган.
Brexitга ҳар ким турлича ёндашган. 2013 йилдаги нутқида Бош вазир Дэвид Кемерон Иттифоқ фаолиятини танқид қилган. 2015 йил умуммиллий референдум ўтказилишидан олдин ЕИ Британияга қўйган талабларини қайтадан кўриб чиқиши ва бир қанча жабҳаларда (миллий суверенитет, иммиграция сиёсати, молиявий ва иқтисодий бошқарув) ислоҳот ўтказиши кераклигини талаб қилган. Орадан бир йил ўтиб, ЕИ раҳбарлари бунга рози бўлишди, лекин мавжуд вазият юмшамади. Мамлакатда иммигрантлар ошиб кетаверди. Уларнинг кўпчилигини Польша, Болгария, Руминия фуқаролари ташкил этади. ЕИнинг 3 мингдан ортиқ иммигранти Сурия урушига кетди ва бу хавфсизлик чораларини янада кучайтириш чораларини ишлаб чиқиш заруратини вужудга келтирди.
ТАХМИН, ТАҲЛИЛ ВА БАШОРАТЛАР
Brexit натижасида 2018 йилдан 2030 йилгача Буюк Британияда ЯИМ ўсиш суръати 0,17 фоиз пасайиши тахмин қилинмоқда. 2030 йилгача мамлакат ЯИМ ҳажмининг 2,2 фоизини йўқотиши мумкин. Бирлашган Қироллик фискал тадқиқотлар институтининг маълумотларига кўра, Евроиттифоқдан чиққанидан сўнг Британиядаги ҳар бир оила йилига ўртача 1250 фунт стерлинг йўқотади. Brexitдан кейинги ўн йил давомида мамлакат аҳолисининг реал даромади пасайиши кутилмоқда.
Brexit Британия молия секторига узоқ давом этадиган зарар етказиши мумкин. Бунинг асосий сабаби эса мамлакатни ақлли ва салоҳиятли инсонлар тарк этиши жараёни бошланиши эҳтимолидир. Лондонда ҳам худди Силикон водийсидаги каби жаҳон миқёсидаги истеъдодли шахслар тўпланган бўлиб, хорижлик ишчилар учун виза беришдаги мавҳумлик, ишдан ажралиш эҳтимоли кабилар уларнинг мамлакатни тарк этишларига олиб келиши мумкин.
Британиянинг easyJet авиакомпанияси бизнесининг бир қисмини ЕИга кўчиришга қарор қилган биринчи йирик корпорация бўлди. Европа ичидаги йўналишларда авиаташувларни амалга ошириш ҳуқуқидан айрилиб қолмаслик учун у Австрияда ўзининг easyJet Europe деб номланган шўъба компаниясини ташкил қилди. Европа банк бошқармаси ва Европа дори воситалари агентлиги Лондонни тарк этишга қарор қилди, уларда мингга яқин ходим фаолият кўрсатарди. 2018 йил сентябрда Япониянинг Panasonic корпорацияси ўзининг Европадаги бош қароргоҳини Лондондан Нидерландияга кўчиришини эълон қилди.
Қироллик фуқаролик паспортидаги “European Union” ёзуви кўплаб британияликларни ўйлантириб қўйди: улар паспортни алмаштириш керакми-йўқлиги борасида савол беришмоқда. Буюк Британия ЕИ таркибидан бутунлай чиқиб кетмагани боис паспорт алмаштирилмайди. Икки йилдан сўнг паспортлар босқичма-босқич алмаштирилиши мумкин.
Британия ЕИдан тўлиқ ажралиб чиққунича миграция қонунчилигида кескин ўзгаришлар юз бермайди. Икки йилдан кейин ҳам ЕИдан келадиган мигрантлар сони камайиши сўроқ остида қолади. Биринчидан, Британияда хорижлик мутахассислар учун жиддий лобби мавжуд – йирик ва кичик бизнес вакиллари ишчи кучи етишмаслигидан ташвишланишади. Иккинчидан, бу борада ЕИ қатъий позицияда бўлиши мумкин: эркин савдо эвазига чегаранинг очиқлиги. Учинчидан, мамлакатда кўплаб соҳаларда малакали мутахассислар етишмовчилиги мавжуд.
Евроиттифоқдан чиқиш туфайли иқтисодиётга етаётган кунлик, ойлик, йиллик зарарлар қанча миқдорда бўлаётгани ҳақидаги ҳар бир хабар ОАВда ёритилиши ортидан бироз олдин Евроиттифоқдан чиқишни ёқлаб овоз берган аҳолининг ва унинг ташаббускори бўлган амалдорларнинг фикрини ўзгариб бораверди. Оқибатда Мэйга ўхшаб: “Буюк Британия Евроиттифоқдан чиқиши керак ва бу учун охиригача туриб бераман”, деганлар сони анча сийраклашиб қолди. Энди вазият ўзгариб, Евроиттифоқдан чиқишга қарши бўлганларга уларнинг гапи ўтмай қолди.
Бош вазирликка бўлажак номзодлар сифатида собиқ ташқи ишлар вазири Борис Жонсон, парламент умумпалаталари собиқ бошлиғи Андреа Лидс, ташқи ишлар вазири Жереми Хант, шунингдек, ички ишлар вазири Саждид Жавид кўрилмоқда. Воқеалар ривожи шунга етиб келдики, Европа Иттифоқи раҳбарлари Буюк Британиянинг янги Бош вазири билан Brexitнинг шартлари бўйича музокара қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Мамлакат ташқи ишлар вазири Жереми Хант куни кеча бундай фикр билдирган: “Мен мунтазам алоқада бўладиган Европа етакчилари муаммони бартараф этиш тарафдори. Британия Бош вазири агар Шимолий Ирландия чегараси масаласи ечими акс этган лойиҳани тақдим эта олса, улар музокараларга тайёр. Лекин 31 октябрь куни шартномасиз Brexitнинг амалга оширилиши Британия манфаатларига зид. Биз келишиб олишимиз мумкин”.
Мухтасар айтганда, Буюк Британия ЕИдан чиқишига расман старт берилди. 2020 йилнинг 31 декабригача давом этадиган ўтиш даврида Буюк Британия ЕИ ва Божхона иттифоқи аъзоси бўлиб қолади, бу Ирландия билан чегараси очиқ қолдириши эвазига бўлади. Агар томонлар шу давр ичида янги савдо келишувига эриша олишмаса, ўтиш даври муддати узайтирилади.
Н. ҚОБИЛЖОНОВ
манба: "Биржа" газетаси, 18 июнь, 69-сон