“Бремен мусиқачилари”нинг муз устидаги шоуси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимиздаги “Humo Arena” муз саройида “Бремен мусиқачилари”нинг муз устидаги шоуси бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 2 февралдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, аҳолига маданий дам олиш хизматлари кўрсатиш даражасини ошириш Янги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири саналади.
[gallery-10218]
“Бремен мусиқачилари”нинг муз устидаги шоуси айнан оилавий маданий ҳордиқ учун ҳамда ўқувчиларининг таътил кунларини мазмунли ташкил этишга хизмат қилувчи яхши таклиф бўла олди.
Кўпчилик учун севимли бўлган эртак қаҳрамонлари образидаги ижодкорлар ўзларининг жозибадор саҳна манзараси ва фигурали учиш бўйича ғаройиб чиқишларини намойиш этди. Томошабинлар ҳалқалар ёрдамида жонглёрлик қилаётган ит, муз майдони узра учиб, акробатлик маҳоратини кўрсатаётган хўроз, фокусчи мушук, маликани ўғирлаб, у билан парвозга кўтариладиган айғоқчи каби қаҳрамонлар билан танишди. Ушбу образларни Ирина Слуцкая, россиялик фигурали учувчи, Россия ва Европа чемпиони Aлена Косторная каби муз майдонининг машҳур усталари ижро этди.
Саҳна манзараси безакларидан ташқари, шоуда ноёб 3D мэппинг технологиясидан фойдаланилди. Бу видеолойиҳа муз майдонини турли саҳна кўринишга, хоҳ қирол саройига, хоҳ бепоён гулзорга айлантира олиши билан аҳамиятли. Эртакдаги муҳит турғун саҳнадаги томоша доирасидан чиқиб, том маънода жонланди.
Шоуда ижро этилган қўшиқлар учун мусиқаларни машҳур скрипкачи, Эмми мукофоти совриндори, “Евровидение-2008” танлови ғолиби, Россия жамоаси аъзоси, бастакор Эдвин Мартон ёзган.
Камола Юсупова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат) ЎзА