
“Ўзсувтаъминот” АЖ ва “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ ҳамкорлигида “Сув таъминоти: кеча, бугун, эртага” мавзусида “Бўзсув” иншоотига пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур давомида журналистлар иншоот фаолияти билан яқиндан танишди. “Бўзсув” мамлакатимиздаги дастлабки иншоотлардан бири. У 1932 йилда ишга туширилган. Шунда суткасига 3,8 минг м³ қувватда сув етказиб берган. Кейинчалик иншоот қуввати ошириб борилган. Айни кунда бу иншоот орқали қўшимча равишда талабга қараб бир суткада 10 минг м³ дан 30 минг м³ гача ичимлик суви етказиб берилмоқда.
Айни кунда пойтахт аҳолисининг асосий қисмини “Қодирия” бош сув иншооти ичимлик суви билан таъминлайди. Ушбу иншоот 1969 йилда суткасига 225 минг м³ ичимлик суви етказиб бериш қуввати билан ишга туширилган.
– Ҳозирги кунда “Бўзсув” иншооти бир суткада ўртача 1 миллион 700 минг метр куб атрофида сувни тозалаб, пойтахтимизнинг 6 та туманига узатиб бермоқда, – дейди “Бўзсув” иншооти бошлиғи Бекзод Юнусов. – Булардан ташқари Қибрай, Қорасув, Жанубий ерости суви иншоотлари ҳам талабга қараб қўшимча равишда сув етказиб беради. Ҳозирда пойтахт аҳолисига мавсумга қараб бир суткада 1 миллион 800 минг кубдан 2 миллион 300 минг кубгача ичимлик суви етказиб берилмоқда. Бундан ташқари Тошкент шаҳридан чиққан оқова сувлари (канализация) 3 та иншоот – “Бўзсув”, “Салар” ҳамда “Бектемир” оқова сув иншоотларида тозаланиб, табиатга қайтарилмоқда. Ушбу тозаланган оқова сувларидан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмоқда.
Мавжуд ичимлик ҳамда оқова сув иншоотларининг бир нечтаси сўнгги йилларда халқаро молия ташкилотларининг кредитлари ҳисобидан реконструкция қилинди.
[gallery-13595]
Айни кунда сув таъминоти тизимини рақамлаштиришга эътибор қаратилмоқда. Хусусан, сув тармоқлари гидродинамикаси, яъни, босимини назорат қилиш автоматлаштирилди. Бунинг учун Кореянинг “К-wатер” компанияси билан амалга оширилган қатор лойиҳалар доирасида Чилонзор тумани сув тақсимлаш бўлимида сув тармоқларини онлайн назорат қилиш диспетчерлик маркази ташкил этилди.
Бу ерда пойтахт бўйлаб тортилган тармоқлардаги сув босими доимий назорат қилиб борилади. Бунинг учун қарийб 700га яқин нуқтадан босим ҳақидаги маълумотлар марказга онлайн тарзда узатилади.
Сув ва кўрсатилган оқова сув хизматлари учун тўловлар ҳамда у билан боғлиқ биллинг маълумотлар базасида истеъмолчилар ўзларига тегишли бўлган қисмини кузатиб бориш имкониятига эга бўлдилар. Бунинг учун https://cabinet.uzsuv.uz/ шахсий кабинет платформаси яратилди.
Пресс-турда қайд этилишича, бугунги кунда ичимлик суви сифатини янада яхшилаш, рақамлаштириш билан боғлиқ лойиҳалар давом эттирилмоқда. Бунинг учун хорижий компаниялар билан яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда. Хусусан, Франциянинг “СУEЗ” компанияси билан бошланган ҳамкорлик алоқаларини таъкидлаш ўринли.
Ушбу ҳамкорлик доирасидаги лойиҳалар қамрови кенг бўлиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш 7 йил муддатга мўлжалланган. Хусусан, истеъмолчилар сув тармоқларига ақлли ҳисоблагичлар ўрнатиш, ходимларнинг малакасини ошириш, сув сифатини яхшилаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш шулар жумласидан.
Шаҳноза Маматуропова, Муродхон Хўжаев (сурат), ЎзА