Бозорларимиз тўкинлиги йўлида (+видео)
Бугунги кунда юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини ва ички бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш, иссиқхона хўжаликлари томонидан маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада “ZARAFSHAN GOLDEN GROUP” компанияси томонидан олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ.
“ZARAFSHAN GOLDEN GROUP” компанияси томонидан 2019 йилда лойиҳа қиймати 6 миллион АҚШ доллари бўлган 3 гектар иссиқхона ва 1 гектар кўчат етиштириш мажмуаси фаолият бошлаган бўлса, 2021 йилда эса 6 гектар ер майдонида лойиҳа қиймати 9 миллион АҚШ долларлик шишали, энерготежамкор иссиқхона ишга туширилди.
Бугунги кунда мажмуа фаолияти кенгайтирилиб, 2 гектар ер майдонида Нидерландия технологиялари, 2 гектар ер майдонида Корея технологиялари асосида гидропоника усулидаги иссиқхонада маҳсулот етиштирилмоқда.
Компаниянинг бир гектар майдондаги қулупнай етиштирувчи иссиқхонасида гидропоника усулида кунига 300 килограмм атрофида ҳосил йиғиштириб олинмоқда.
– Иссиқхонамизда 3 хил қулупнай нави экилиб, парваришланмоқда, – дейди иш бошқарувчи Жонибек Усмонов. – Бу кўчатларни ҳар икки йилда алмаштирамиз. Йиғиб олинган маҳсулотни ички бозорга етказиб бермоқдамиз. Ҳозир кўчатларимиз сони 150 мингтани ташкил этмоқда. Қўшимча кўчатлар экиб, иссиқхонани кенгайтириш ниятидамиз. Келгусида Европа давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган.
[gallery-17413]
Ҳозир иссиқхонада 10 та доимий иш ўрни яратилган бўлиб, қулупнайларни териб олиш жараёнида 25 тага етади.
– Ҳар бир ишчи-ходим гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда ишлайди, – дейди назоратчи Дилнавоз Бозорова. – Ҳар биримиз иш вақтида келиб, дезинфекция қилиниб, иш бошлаймиз. Бу кўчатларни турли касалликлардан сақлаш учун амалга ошириладиган чора-тадбирлардан биридир.
Албатта, етиштирилган қулупнайнинг сершарбат, нозик меваларини ўз вақтида ва сифатли нобуд қилмай териб олиш керак. Бунда ишчилардан алоҳида ҳаракат талаб этилади.
– Экилган ниҳолларни чақалоқни парваришлагандай парваришлаймиз, уларга меҳримизни берамиз, – дейди Муқаддам Шукурова. – Қулупнайларнинг шу даражада серсув ва мазали даражага етиб келгунича кўп меҳнат қиламиз. Ҳосилни кўрганимизда чарчоқларимиз унутилади. Мўл ҳосил олганимизда шунақанги хурсанд бўламиз. Ишимиздан миннатдормиз.
Албатта, аҳоли ва бозорларимизга сифатли, хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш давр талаби. Иссиқхонада эса йил – ўн икки ой давомида ҳосил олиш имконияти мавжуд. Айни пайтда уни кенгайтириш ҳисобига кунига бир тонна ҳосил олиш устида иш олиб борилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/iV1kWJTNQJY" title="Bozorlarimiz toʻkinligi yoʻlida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, С.Аслонов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари