2024 йил 1 май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Товар ва молия бозорларида монополияга қарши тартибга солишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Хўш, мазкур қарорнинг зарур жиҳатлари нимада?
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Бош мутахассиси Авазбек Юсупов ЎзА мухбири билан суҳбат жараёнида бунга батафсил тўхталиб ўтди.
— Мазкур қарорга асосан 7 та низом тасдиқланган бўлиб, шуларнинг асосийларидан бири Товар ёки молия бозорида устун мавқе ёки устун музокара кучини аниқлаш ва эътироф этиш тартиби тўғрисидаги Низом ҳисобланади. Ушбу Низомнинг эски таҳрирдаги Низомдан асосий фарқлари ҳақида гапирсак. Аввалги Низомда товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳини устун мавқега эга деб эътироф этишда бозор улушини аниқлаш 35-50 фоиз бўлган бўлса, янги тартибдаги Низомда мезонлар кенгайтирилмоқда. Жумладан, товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг рақобатчилари мавжуд бўлмаса, бозордаги улуши 40 фоиз ва ундан ортиқни ташкил этса, табиий монополия субъекти деб эътироф этилса, муайян товарларни ишлаб чиқариш ёки реализация қилиш ёхуд олиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда мутлақ ва (ёки) эксклюзив ҳуқуқ берилган бўлса, устун мавқега эга деб эътироф этилади.
Шунингдек, охирги календарь йилида товарларни реализация қилишдан олинган тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз минг бараваридан камроқни ташкил этувчи хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг (табиий монополия субъектлари, товарларининг нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган хўжалик юритувчи субъектлар бундан мустасно) товар ёки молия бозоридаги ҳолати устун мавқе деб эътироф этилмайди.
Шу билан бирга, мазкур Низом билан устун мавқега эга бўлмаган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан битим шартларини, товарлар реализация қилинадиган ҳудудни ва нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятининг мавжудлиги устун музокара кучи деб эътироф этилиши белгиланмоқда.
— Биз бугун бозор иқтисодиёти даврида монополист деган терминни жуда кўп ишлатяпмиз. Монополистлар кимлар, улар юртимизда қанча?
— Бугунги кунда юртимизда 94 та корхона 105 та товар хизматлари бўйича устун мавқега эга, яъни монополист деб эътироф этилган.
Бозорда рақобатчиларга нисбатан нотенг шароит яратиш, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан шартнома шартларига камситувчи моддаларни қўшмаслик ҳамда уларни жиловлаб туриш мақсадида устун мавқега эга деб эътироф этилади.
— Бугун ҳаётимизда электрон хизматлар кучайди. Деярли барча хизмат турлари рақамлаштирилди. Рақамли платформанинг тасдиқланиш сабаблари ва унинг қулайлик тарафлари нимада?
—Рақамли платформа рақамли маҳсулотлардан Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ҳақ эвазига ёки бепул фойдаланишни таъминловчи ахборот тизими ҳисобланади. Рақамли платформаларнинг қуйидаги шакллари бор. Мисол учун, электрон савдо майдончалари, давлат харидлари ва хизматлари платформалари, янгиликлар агрегаторлари, онлайн хариталар, онлайн тўлов тизимлари, криптоактивларни айирбошлаш платформалари ижтимоий тармоқлар таркибига киради.
— Рақамли платформани қандай қилиб устун мавқега эга деб айтиш мумкин?
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/AnrNLHxKAOU?si=av1yNzIz5FuR4Ctt" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
— Низомда тасдиқландики, рақамли платформа операторининг рақамли макон чегаралари доирасида сўнгги календарь йилда, агар рақамли платформа операторининг ўз фаолиятини бошланганига бир йил тўлмаган бўлса, у ҳолда таҳлил ўтказиш вақтига қадар бўлган даврдаги тушуми миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 минг бараварига тенг ёки ундан юқори бўлса, рақамли платформанинг фаол якуний фойдаланувчиларининг умумий ўртача сони ҳар ойда камида 50 мингни ёки фаол тадбиркор фойдаланувчиларнинг ўртача сони ҳар ойда камида 3 мингни ташкил этса устун мавқега эга деб эътироф этилади.
Н.Раҳмонова,
А.Содиқов, А.Аҳмедов (видео), ЎзА