Халқнинг фаровонлигини ошириш юзасидан олиб борилаётган изчил ислоҳотларда фермерларнинг ўрни беқиёс. Айниқса, ер эгаларининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича илгари сураётган янги ташаббус ва ғоялари бозорларимиз арзонлиги ва дастурхонларимиз тўкинлигига хизмат қилмоқда.
Ердан фойдаланишда бозорга хос бўлган ёндашувларни Бухоро вилояти Пешку туманидаги “Лимончилик равнақи” фермер хўжалигининг иш тажрибасида ҳам кўриш мумкин. Бу ерда серҳосил, экспортбоп мева навлари парвариши билан уйғун равишда боғ қатор ораларида сервитамин озиқ-овқат маҳсулотлар ҳам етиштирилмоқда.
Фермер Нусрат Сайидов қишлоқ хўжалиги илмини пухта ўзлаштириб, ўз фаолиятида янги инновацияларни йўлга қўймоқда. Сир эмаски, бугун аграр соҳада эскилик ўрнини янгилик эгалламоқда. Изланиш ва астойдил интилиш орқали давр билан ҳамнафас иш юритиб, ердан оқилона фойдаланиб келаётган Нусрат фермернинг режалари улкан.
Нусрат Сайидовнинг дала майдонида ўтказилган семинарда ҳудудда иш олиб бораётган ер эгалари ва соҳага дахлдор мутахассислар иштирок этиб, ўзлари учун етарли хулосаларга эга бўлди дейиш мумкин.
– Мазкур фермер хўжалиги иш усулларини мамлакатимиз бўйича кенг татбиқ этсак, арзийди. Кенгаш томонидан ҳудудларда ишчи гуруҳ ташкил этиб, токзорлар қатор ораларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экиш бўйича ўрганишларни олиб боряпмиз. Вилоятнинг Вобкент, Пешку туманларида бўлганимизда ердан самарали фойдаланганлигини гувоҳи бўлдик. Пешку туманида дастурларнинг амалда ижросини ҳам кўрдик. Боғларнинг қатор орасида полиз экинлари парвариш қилинаётганини кўрдик. Бу тажрибаларни ўрганиб бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этса ўзини оқлайди, – дейди республика Фермерлар кенгаши бўлими бошлиғи Собитжон Рўзибоев.
– Ҳар йили боғлар орасига ошқовоқ, тарвуз, қовун экамиз, – дейди фермер Нусрат Сайидов. – Тажрибаларимизни умумлаштирган ҳолда бу йил тўлиқ қовоқ экишга келишдик. Уларни парваришлаш жараёнида минерал ва маҳаллий ўғитлардан фойдаланамиз. Бу ўз навбатида боғдаги мевали ниҳолларга ҳам озуқа бўлади. Бир жойдан бир вақтнинг ўзида икки бор ҳосил олишга эришамиз. Даромад ҳам шунга яраша бўлади.
Пешку туманида иссиқхона хўжаликлари ҳам анча ривожланган. “Авез бобо замини” фермер хўжалигида олиб борилаётган хайрли ишлар бунинг далилидир. Ҳозирги кунда “Орзу” навли бодрингдан юқори даромад олинаётганлигини айтиш мумкин. Албатта, имконият осмондан тушмайди. Фермернинг иккинчи иссиқхонасида етиштираётган помидор маҳсулоти ҳам бугун-эрта бозор пештахталаридан жой олади. Буларнинг барчасини замирида, машаққатли меҳнат ётгани ҳам бор гап.
– Хўжалигимизда 20 гектар ғалла, 28 гектар пахта майдони мавжуд, –дейди фермер Меҳриддин Авезов. – Қўшимча иссиқхона ҳам ташкил қилганмиз. Иссиқхонамиздан йилига 300-400 миллион даромад оламиз. Халқимиз дастурхонига помидор, бодринг маҳсулотларини етказиб бериш билан бирга янги иш ўрни яратишни мақсад қилганмиз.
[gallery-23103]
Когон туманидаги Туткунда маҳалласига қарашли Каптархона қишлоғида яшовчи Раҳим Чориев боғдорчилик ва сабзавотчиликда катта тажриба тўплаган. Унинг боғида меванинг деярли барча турлари мавжуд. Бундан ташқари боғ қатор ораларидан ҳар йили 30-35 миллион сўм даромад қилишга эришмоқда. Ҳозирда бу ерда картошка экинидан юқори ҳосил олиш учун меҳнат қилинмоқда. Шунингдек, қулупнай, саримсоқпиёз ва турли кўкатлар ҳам парвариш қилинмоқда.
Ўрганишлар борасида боғбоннинг тажрибаси ва эришаётган улкан ютуқлари ҳақида атрофлича сўз юритилди. Боғ ва унинг қатор орасидан олинаётган даромад таҳлил қилинди. Шунингдек, республика Фермерларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Бухоро ҳудудий вакиллиги томонидан ер эгаларига кўрсатилаётган қулайлик ва имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди.
Ромитан туманда боғ ва токзорлар 1939 гектардан иборат бўлиб, ҳар йили юқори ҳосил олинмоқда. Тизим тараққиёти йўлида иш олиб бораётган фермерлар сони эса 135 тани ташкил этади. Республика Фермерлар кенгаши томонидан тузилган ишчи гуруҳ туманда бўлиб, боғ ва токзорлар қатор орасидан фойдаланиш ҳолати ўрганилди.
Тумандаги “Эркин Азамат боғлари” фермер хўжалиги мисолида ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, масъулиятни чуқур ҳис этган, қолаверса, даромадга эришишни мақсад қилган ер эгалари боғ қатор ораларига озиқ-овқат экинларини экиш ишларини жадаллик билан олиб бормоқда. Шу куни ишчи гуруҳ фермерлар ва соҳага дахлдор корхона вакилларига зарур тавсия ва аниқ кўрсатмалар бериб, бугунги имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади.
– Фермер барча тармоқларни шакллантирса баракага эришади. Кўп тармоқли фермернинг ташвиши ҳам кўп бўлади, – дейди Ромитаннинг Чилонғу ҳудудидаги Қорахони қишлоғида иш юритаётган фермер Сафо Ҳакимов.
У фарзанди Азамат Ҳакимов билан фермерчиликни ташкил этгандан кейин ўтган 25 йил давомида чорвачилик соҳасида юздан ортиқ наслли қорамоллар парваришини йўлга қўйди. Бундан ташқари асаларичиликка ҳам қўл урди. Бу борада ҳам изланишлари бесамар кетмади. У шифобахш асал етиштириб, бозорлар арзонлигига ҳисса қўшмоқда. Шунингдек, паррандачиликни ҳам ривожлантирмоқда. Асосий тармоқлар саналган, ғаллачилик ва пахтачилик соҳаларида ҳам қўяётган қадамлари ўрнак бўларлик.
Аграр тизимда ишонч билан қўйилган қадам, албатта, қутлуғ бўлади. Бунга мисоллар кўп. Масалан, Бухоро туманидаги Шергирон ҳудудида иш олиб бораётган фермер Рустам Тоҳиров сервитамин, ҳар томонлама шифобахш бўлган браколли карамдан 200 миллион сўмдан ортиқ даромад қилишга эришди. Айни кунда эса фермер полиз экинларидан ҳам мўл ва сифатли ҳосил олишни режа қилган.
Тўкинликка муносиб ҳисса қўшиш мақсадида ички имкониятлардан самарали фойдаланаётган бундай фермерлар туманда кўпчиликни ташкил этади. Туман фермерлар кенгаши томонидан айни пайтда ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ер эгаларининг ютуқ ва муаммоларини ўрганиш ишлари жойларда давом этмоқда. Мақсад ерга муносабатни тубдан яхшилаб, эл дастурхонини тўкин қилишга эришишдир.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.