Бозордаги нархлар мувозанатни таъминлашда Фьючерс савдоларининг аҳамияти
Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштириш шароитида биржа савдосини янада ривожлантиришнинг зарур босқичларидан бири дериватив молиявий воситалар, шу жумладан фьючерс шартномаларини жорий этиш ҳисобланади.
Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштириш шароитида биржа савдосини янада ривожлантиришнинг зарур босқичларидан бири дериватив молиявий воситалар, шу жумладан фьючерс шартномаларини жорий этиш ҳисобланади. Бу нархларнинг кескин ўзгаришига мойил бўлган товар бозорлари учун алоҳида аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрда қабул қилинган “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда тадбиркорларни, айниқса, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларини бозор нархларининг ноқулай ўзгариши оқибатларидан муҳофаза қилиш имконини берувчи товар деривативалари, яъни фьючерс шартномаларини жорий этиш бўйича вазифалар белгиланган.
Мазкур вазифаларни бажариш мақсадида ЎзРТХБ товар деривативлари бозорини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ҳар томонлама ўрганиш бўйича изчил ишларни олиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг февраль ойида ЎзРТХБ Фьючерс бозорлари уюшмасининг тўла ҳуқуқли аъзосига айланди.
Бу эса биржа учун фьючерс савдолари йўналишида янги имкониятларни очиб берди. Хусусан, уюшманинг барча аъзолари ва ҳамкорлари билан, шу жумладан фьючерс шартномалари бўйича дунёдаги энг йирик биржа – Чикаго товар биржаси (CME Group) билан ишбилармонлик алоқалари йўлга қўйилди.
Бу ҳақида маҳаллий мутахассисларга фьючерс савдолари юзасидан маслаҳат бериш ва ЎзРТХБ да муддатли шартномаларни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича тавсияларни ишлаб чиқишга бағишланган анжуманда алоҳида қайд этилди.
"Ҳар бир мамлакатда фьючерс савдосини муваффақиятли йўлга қўйишнинг энг муҳим шартлардан бири бу бозор иқтисодиёти тамойилларини давлат қўллаб-қувватлаши ҳисобланади. Ўзбекистонда эркин бозор иқтисодиёти механизмларини жорий этиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширилаётганлигини инобатга олсак, мамлакат бошланғич позицияга эга. Агарда биржа фьючерсларига келсак, бозорининг асосий иқтисодий функциялари мавжуд. Бозорнинг асосий иштирокчилари – ҳар бири ўз мақсадларини кўзлайдиган хежерлар, спекулянтлар ва арбитражёрлар ҳисобланади. Агар хежерлар (фермерлар) ушбу механизмдан нархларнинг ўзгаришдан суғурта қилиш учун фойдаланса, спекулянтлар (тадбиркорлар) фойда олиш мақсадида ушбу хавфларни ўз зиммаларига оладилар. Бундай ҳолатда тадбиркор биржада нархларнинг ўсиши ёки пасайтириш учун савдода қатнашиш мумкин" дейди халқаро эксперт Александр Белозерцев.
Шундай қилиб, фьючерслар орқали хавфларни муваффақиятли бошқариш ва иқтисодиётга кўпроқ бўш маблағларни жалб қилиш, бозордаги нархлар мувозанатни таъминлаш мумкин экан. Яна бир муҳим жиҳат – биржа битимлар бажарилишини кафолатлайди. Натижада, компаниялар ўз фаолиятини тўғри режалаштириш ва янги маҳсулот турларини ишлаб чиқаришга кўпроқ маблағ сарфлаш орқали умуман иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатади.