Божхонада озиқ-овқат хавфсизлиги назоратда
Тошкент вилоятидаги “Яллама” чегара божхона постида озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилиш жараёнлари ҳамда назорат тизими ўрганилди.
Божхона қўмитаси раиси маслаҳатчиси И.Мухторов бошчилигидаги ишчи гуруҳ таркибида Тошкент вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти, Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси раиси Азизбек Урунов, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Бобир Хамроев ҳамда Тошкент вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Фурқат Мухайминов иштирок этди.

Ташриф давомида чегара пости орқали мамлакатга олиб кирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш, фитосанитария ва озиқ-овқат хавфсизлиги назорати жараёнлари жойида кўздан кечирилди.
Шунингдек, юкларни расмийлаштириш амалиёти, чегара назорати самарадорлиги ҳамда идоралараро ҳамкорлик механизмлари таҳлил қилиниб, тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, назорат жараёнларини замонавий ёндашувлар асосида такомиллаштириш, божхона расмийлаштируви муддатларини қисқартириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли вазифалар белгиланди.

Таъкидланганидек, бундай ўрганишлар божхона органлари ва идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ташқи савдо жараёнларини соддалаштириш ҳамда аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида “Яллама” чегара божхона пости орқали умумий вазни 223,1 минг тонна, қиймати 129,3 миллион АҚШ долларига тенг озиқ-овқат маҳсулотлари экспортга расмийлаштирилган. Шу даврда вазни 650,3 минг тонна, қиймати 368,4 миллион АҚШ долларига тенг қийматидаги озиқ-овқат маҳсулотлари импорти амалга оширилган.
А.Мусаев, ЎзА