Пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманидаги заводлардан бирида давлат божхона хизмати органлари томонидан ноқонуний муомаладан олиб қўйилган тамаки маҳсулотларини кенг жамоатчилик иштирокида йўқ қилиш бўйича навбатдаги тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Давлат божхона қўмитаси ва Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг масъул раҳбар ва ходимлари, Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Санитария эпидемиологик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, Мажбурий ижро бўлими ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Дастлаб Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти божхона бошқармаларининг тезкор тузилмалари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда жорий йилда аниқланган 4 та ҳолатда ноқонуний муомаладан олиб қўйилган ва суд ҳукмига кўра йўқ қилиши белгиланган, қиймати 297,4 млн. сўмлик 34,2 минг қути тамаки маҳсулотлари жамоатчилик гувоҳлигида ёқиб юборилди.
2022 йил 30 март куни олдиндан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги юк автотранспорт воситаси Зангиота тумани ҳудудида тўхтатилиб кўздан кечирилганида, юкхонада хорижда ишлаб чиқарилган ва рақамли маркировка кодларига эга бўлмаган, қиймати 63 млн. сўмлик 7 минг қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди.
2022 йил 20- ва 27-апрель кунлари пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбирларда аввалдан кузатувга олинган шахслардан бири муқаддам ноқонуний йўллар билан олиб кирилган ва сифати кафолатланмаган, қиймати 82,1 млн сўмлик 8600 қути, яна бир шахс эса 61,3 млн. сўмлик 5600 қути тамаки маҳсулотларини юк машиналарига ортаётган вақтида тўхтатиб қолинди.
2022 йил 21 июль куни Тошкент вилояти божхоначилари томонидан аниқланган навбатдаги ҳолатда эса божхона ходимларини чалғитиш мақсадида қиймати 91 млн. сўмлик 4 турдаги 13 минг қути тамаки маҳсулотлари юк машинасидаги ёғоч эшик ромлари орасига моҳирлик билан яширилгани фош қилинди.
Тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш тадбири доирасида журналистлар ва блогерлар учун брифинг ҳам ташкил қилинди.
Брифингда Давлат божхона қўмитасининг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси бошлиғи Акрамжон Ахлимирзаев, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи Толибжон Саидов ва бошқалар иштирок этиб, оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоб беришди.
Брифингда маълум қилинишича, 2022 йил 22 ноябрь ҳолатига кўра республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи турли идоралар билан ҳамкорликда аниқланган 314 та (2021 йилнинг шу даврида 128 та ҳолат) ҳуқуқбузарлик ҳолатларида қиймати салкам 19,2 млрд. сўмлик (2021 йилнинг шу даврида 17,5 млрд. сўм) 1 578 346 қути (2021 йилнинг шу даврида 1 449 305 қути) тамаки маҳсулотлари ушлаб қолинган.
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан солиштирилганда, ушлаб қолинган тамаки маҳсулотлари 9 фоизга кўпайган.
Аниқланган ҳолатларининг 71 таси бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 25 июлдаги “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги 200-сон қарорига мувофиқ тамаки маҳсулотлари мажбурий тарзда йўқ қилиб ташланиши белгиланган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/UIfg6U254zc" title="Божхоначилар томонидан ушлаб қолинган 34,2 минг қути тамаки маҳсулотлари йўқ қилинди." frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА