Божхоначилар тарғибот ишларини олиб бормоқда
Жойларда божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимининг қулайлик ва имкониятларини тадбиркорлар ўртасида кенг тарғиб қилишга қаратилган сайёр учрашувлар ташкил қилинмоқда.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси масъул ходимлари Гулистон шаҳрида жойлашган “Chelebi Textile” корхонасида бўлиб, режимдан фойдаланишнинг кенг имконият ва афзалликлари бўйича зарур тушунтириш ва тавсиялар берди.


Бугунги кунда корхонада 350 нафар иш ўрни яратилган. Корхона томонидан аёллар, болалар ва эркаклар учун тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Келгусида ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириб, қўшимча 800 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.


Жорий йилнинг март ойида Туркия давлатидан синов тариқасида 500 кг трикотаж матолар олиб келиниб, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимига расмийлаштирилиб, маҳсулотлар экспорт учун тайёрланмоқда.

Маълумот учун: корхона томонидан 2024 йилнинг шу кунига қадар қиймати 4,6 миллион АҚШ долларига тенг 1,6 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлар хорижга экспорт қилинган.
Ш.Суяров, ЎзА мухбири