Фармон ва ижро
Тошкент вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти томонидан тадбиркорлик субъектларининг кундалик фаолиятида юзага келаётган муаммоларни ўрганиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда божхона соҳасида қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, ушбу фаолият Президентимизнинг 2025 йил 25 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона соҳасини замон талаблари асосида сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлашга қаратилган.

Навбатдаги учрашув Ангрен шаҳрида жойлашган ишлаб чиқариш жойларида ўтказилди. Хусусан, “National Ceramics” керамика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона ҳозирга қадар 16 минг 525 тонна оғирликдаги ва 1,5 миллион доллар қийматидаги керамика маҳсулотларини экспорт қилишга муваффақ бўлди.
Шунингдек, “TEPLOIZOLYATSIONNAYA KOMPANIYA” корхонаси эса бу йил бошидан бери 358 минг доллар қийматидаги 130 тонна оғирликдаги полимер асосидаги қурилиш ва декоратив материалларни хориж бозорларига сотди. Мазкур жараёнларда вилоят божхона бошқармаси масъуллари томонидан яқиндан амалий ёрдам кўрсатилди.

Жумладан, “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими, кейинчалик хорижий мамлакатларга сотиш мақсадида “божхона омбори”, “эркин омбор” ва “эркин божхона зонаси” каби режимлар доирасида товарларни “импорт” шартномалари асосида расмийлаштириш имконияти яратилди. Божхона мутахассислари томонидан тадбиркорлар билан мулоқотлар давомида мавжуд муаммо ва таклифлар ўрганилиб, уларга ижобий ечим топилмоқда.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Умаровнинг таъкидлашича, жорий йил ўтган даврида бошқарма томонидан жами 3,3 триллион сўмлик божхона тўловлари ҳисобланиб, шундан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларидан 1,5 триллион сўм имтиёзлар берилган.
Имтиёз қўлланилган асосий товарлар таркибини транспорт воситалари ва унинг эҳтиёт қисмлари, технологик асбоб-ускуналар, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда металл хомашёлар ташкил этади. Шу даврда 445,6 миллион доллардан ортиқ бўлган товарлар хорижий мамлакатлар бозорларига йўналтирилди.
А.Мусаев, ЎзА.