Божхоначилар ўрганишлар ўтказмоқда
Жорий йилнинг 16 январь куни Президентимиз раислигида инвестицияларни кенг жалб этиш ва экспортни ошириш борасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги асосий вазифалар юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мутасаддилар зиммасига бир қатор кечиктириб бўлмайдиган топшириқлар юклатилган эди.
Ана шу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилоят божхона бошқармаси мутасаддилари тадбиркорлар билан учрашиб, унда соҳавий масалаларни жойида ҳал қилиш борасида зарур чора-тадбирларни белгилаб олишди.
Айни пайтда божхона омборлари ва корхоналарнинг ўз омборларида божхона назорати остида сақланаётган ускуналарни ўрганиш мақсадида Жиззах вилояти божхона бошқармасида ташкил этилган ишчи гуруҳ аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг вилоят масъуллари билан биргаликда Фориш туманида жойлашган “Eco cement’’ МЧЖда бўлишди.
Корхона томонидан 2024 йилда импорт қилинган товарлардан 11 дона қиймати 4 миллион 800 минг АҚШ долларига тенг ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун фильтрлаш ускунаси ва центрафуга ишлаб чиқарилганлиги аниқланди. Корхона ҳудудларида сақланаётган ушбу товарлардан кутилаётган божхона тўловлари 1 миллиард 100 миллион сўмни ташкил этади.
Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг вилоят масъуллари Дўстлик туманида жойлашган “Innovation engineering” МЧЖдаги вазиятни ҳам ўрганди.
[gallery-21355]
Ушбу ўрганишлар жараёнида корхона томонидан 2024 йилда импорт қилинган қиймати 953 минг 500 АҚШ долларига тенг томчилатиб суғориш ускуналарининг бугунги кунга қадар ишга туширилмаганлиги сабаблари таҳлилий ўрганиб чиқилди.
Ҳар икки корхона масъуллари билан ўтказилган ўзаро суҳбатлардан сўнг ускуналарни қисқа муддатларда ишга тушириш ва эркин муомалага чиқариш бўйича амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари