Божхоначилар огоҳлиги қўл келди
Бухоро вилояти божхона бошқармаси “Бухоро аэропорти” чегара божхона пости ходимлари томонидан учувчисиз учадиган аппаратни (дрон) ноқонуний сақлаб, ўзи билан хорижий давлатга олиб чиқишга уринган шахслар тўхтатиб қолинди.
Унда “Бухоро-Истамбул” йўналишида ҳаракатланаётган 2 нафар йўловчининг хатти-ҳаракатлари ҳамда қўл юкларининг рентген тасвирлари божхона ходимларида шубҳа уйғотганлиги сабабли тегишли тартибда божхона назоратидан ўтказилган.
Натижада мазкур фуқаролар ўзлари билан қиймати 16,7 миллион сўмлик ҳамда 11,1 миллион сўмлик учувчисиз учадиган аппаратларни олиб чиқишга ҳаракат қилганда тўхтатиб қолинди. Мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, “Бухоро аэропорти” чегара божхона пости ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 4 та ҳолатда худди шундай қонун бузарлик ҳолатига чек қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан, учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш, — уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Зариф Комилов,
ЎзА