Божхоначилар “мато” операциясини фош этди
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Чуқурсой техник идора” темир йўл чегара божхона постига хориждан юк контейнерида ҳужжатларга кўра 51 минг м2 “текстил матолари” товарлари кириб келди.
Мазкур товарлар уларга тегишли юк ҳужжатлари билан ўзаро солиштирган ҳолда белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.
Натижада, юк контейнеридаги мато товарларининг ҳужжатларида қўшимча ўлчов бирлиги килограммда кўрсатилганлиги, ваҳоланки матолар кг.да эмас, балки квадрат метр ҳисобланиши аниқланди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қиймати 2 миллиард 321 миллион сўмни ташкил этувчи мазкур товарларга 173,3 миллион сўм миқдорда қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.
Навбатдаги шунга ўхшаш ҳолатда, хориждан 2 та юк контейнерида масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига келтирилган матолар божхона кўригидан ўтказилди.
Қарангки, юк ҳужжатларида салкам 2,5 тонна матолар қайд этилмаганлиги, шунингдек товарларнинг ўлчов бирлиги нотўғри кўрсатилганли фош бўлди.

Мазкур товарларнинг тахминий умумий қиймати 1,1 миллиард сўмни ташкил этиб, уларга нисбатан 126,2 миллион сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.
Ҳозирда товарлар вақтинча сақловга олиниб, юқоридаги ҳолатлар юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА