Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б.Қутлимуратов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро шаҳри ва Шофиркон туманида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан сайёр учрашувлар ўтказди.
Божхоначилар “BUXARA AGROKLASTER DZZ” ва “BUKHARА AZTEKS” МЧЖ каби йирик корхоналарда бўлишди. Мутасаддилар томонидан корхоналардаги ишлаб чиқариш жараёни, чет элдан импорт қилинаётган хом-ашёлар, импорт ўрнини босувчи тайёр маҳсулотлар, хорижга экспортга чиқарилиши кўзда тутилаётган товарлар ўрганилди.
Божхоначилар “BUXARA AGROKLASTER DZZ” МЧЖда сут маҳсулотларини қайта ишлаш, сут, сметана, қаймоқ, кефир, пишлоқ каби маҳсулотларни тайёрланиш жараёнлари билан яқиндан танишишди. Корхона йил бошидан ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаган бўлиб, жорий йилнинг шу даврига қадар 2 миллиард 700 миллион сўмлик маҳсулотлар ички бозорга етказиб берилган. Шунингдек, корхонага 40 миллион сўмга яқин божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган. Ҳозирги вақтда чет эллик фирмалар билан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни экспорт қилиш борасида келишувларга эришилмоқда. Корхонада жами 85 нафар фуқаролар иш билан таъминланган. Келгусида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш натижасида қўшимча тарзда 55 та иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Шофиркон туманидаги "BUKHARА AZTEKS" МЧЖ корхонасининг асосий фаолияти тайёр кийим бош маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан иборат. Ҳозирда Туркия давлатидан асбоб-ускуналар олиб келиниб ўрнатилган бўлиб, 4,3 миллиард сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган. Корхонада 620 киши иш билан таъминланган. Келгусида қўшимча тарзда 580 та ишчи ўрни яратиш режалаштирилган.
Юзма-юз ўтказилаётган мулоқотлар тадбиркорларнинг мурожаатларига ўз вақтида ечим топиш, ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, қолаверса соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА