Нукус шаҳрида музқаймоқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳаси билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларидан бири яратилган шароитлардан самарали фойдаланиб, қиймати 963 минг еврони ташкил қилувчи янги лойиҳани ишга тушириб, унда йигирма турдаги музқаймоқ ишлаб чиқариш ва 30 дан ортиқ янги иш ўрни яратишни режалаштирган.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси масъул вакиллари лойиҳанинг амалга ошириш жараёнларини жойига чиққан ҳолда ўрганди. Тадбиркорга Польша давлатидан олиб кирилаётган технологик асбоб-ускуналарнинг ТИФТН кодини аниқлаштирилишида амалий кўмак кўрсатилди.
Таъкидлаш жоизки, музқаймоқ ишлаб чиқариш линияси бўйича технологик асбоб ускуналар импортида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 июндаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган янги технологик асбоб-ускуналар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори талаблари асосида, тадбиркорлик субъектига божхона тўловларидан 1

миллиард 723 миллион сўм миқдорида имтиёз қўлланилган.
Учрашувда май ойидан ишга туширилиши режалаштирилаётган корхона раҳбарларига келгусида ўз маҳсулотларини экспортга йўналтириш шунингдек, “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими афзалликлари ҳақида ҳам батафсил тушунтирилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.