Божхона тўловларидан қочишга уриниш фош этилди
Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида хориждан олиб келинган “лентали конвейер” товарлари божхона кўригидан ўтказилди.
Кўрик жараёнида мазкур юклар тайёр маҳсулот сифатида расмийлаштирилаётгани божхона ходимларида шубҳа уйғотди ва товарлар қўшимча текширувга йўналтирилди.

Марказий божхона лабораториясида ўтказилган экспертиза натижаларига кўра, мазкур товарлар аслида тайёр маҳсулот эмас, балки эҳтиёт қисмлар экани аниқланди. Бу эса товарларни нотўғри декларация қилиш орқали божхона тўловларини камайтиришга уриниш бўлганини кўрсатади.

Аниқланишича, юк эгалари шу йўл билан қарийб 80 миллион сўм миқдоридаги божхона тўловларидан қочишга ҳаракат қилган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан умумий қиймати 684 миллион сўмлик товарлар вақтинча сақловга олинган бўлиб, божхона органлари томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Божхона қўмитаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини товарларни расмийлаштиришда қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга чақирмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА