Божхона тўловлари ундирилди
Бухоро вилояти божхона бошқармаси “Бухоро ТИФ” божхона пости ходимларининг сайъ-ҳаракати билан 104 миллион 277 минг сўм миқдорида қўшимча божхона тўловларининг давлат бюджетига ундирилиши таъминланди.
Унда Россия Федерациясидан мамлакатимиз ҳудудига олиб кирилаётган газни қайта ишлаш корхоналарида қўлланиладиган эҳтиёт қисмларни “Эркин муомалага чиқариш” божхона режимига жойлаштириш мақсадида тақдим этилган божхона юк декларацияси “Қизил йўлак”ка йўналтирилганлиги сабабли тегишли кўрикдан ўтказилди.

Натижада товарнинг ТИФ ТН коди ва декларацияда кўрсатилган маълумотларнинг ўзаро мос эмаслиги тасдиқланди. Қўшимча божхона тўловлари ундирилиши белгиланди.
Маълумот учун, биргина “Бухоро ташқи иқтисодий фаолият” божхона пости томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 9 миллиард 277 миллион сўм миқдорида қўшимча божхона тўловлари давлат бюджетига ундирилган.
Зариф Комилов, ЎзА