Божхона ходимлари томонидан аниқланаётган ҳуқуқбузарлик ҳолатларини процессуал тўғри расмийлаштириш, қонун нормаларига оғишмай амал қилиш, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, қолаверса давлатимиз иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишда тергов, суд ва прокуратура органлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида “Аниқланаётган божхона қоидабузарлик ҳолатларини расмийлаштиришда божхона ходимлари томонидан йўл қўйилаётган хатоликлар ва уларни бартараф этиш масалалари ҳамда божхона ходимлари ўртасида коррупция ҳолатларига қарши курашиш” мавзуида ўқув амалий семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди.
“Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплексида ўтган ушбу ўқув амалий семинарда Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумун суди раиси Бахтиёр Алимов, туман судьяси Шерзод Юлдашев, "Тошкент-АЭРО" ИБК бошлиғи ўринбосари А.Мухаммадиев, Тошкент авиация транспорт прокурори Шерзод Мамаджанов, Тошкент шаҳар ИИВ ТХТББ ТБ терговчиси Отабек Машрапов, суриштирув ва маъмурий амалиёт, Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити, Шахсий хавфсизлик бўлимлари ҳамда божхона постлари ходимлари иштирок этишди.
Семинарда Комплекс томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида, 1145 та ҳолатда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланганлиги, улар бўйича 42,1 млрд. сўмлик товар-моддий бойликлари ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида вақтинча сақловга олинганлиги, жами 53 та ҳолатда Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов органларига юборилиши таъминланганлиги, 35 та ҳолатда терговга қадар текширув иш ҳужжатлари бўйича Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисми ва 84-моддаси 1-қисми 8-бандига асосан жиноят иши қўзғатиш рад этилганлиги, 979 та ҳолатда маъмурий ишлар мазмунан кўриб чиқиш учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245-моддаси талаблари доирасида Жиноят ишлари бўйича ҳудудий суд органларига юборилганлиги, ҳуқуқбузарлик ашёси тариқасида олинган товар-моддий бойликларининг суд ва тегишли органлар қарорлари асосида, 10 млрд. сўмлиги давлат даромадига мусодара қилиш, 6,1 млрд. сўмлиги йўқ қилиш ва 2,2 млрд. сўмлиги МЖтКнинг 271-моддаси 11-банди талаблари асосида эгасига қайтариш тўғрисида якуний қарорлар қабул қилинганлигини маълум қилинди.
- Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судида кўриб чиқилаётган маъмурий ва жиноят ишлари орасида “Тошкент-АЭРО” ИБК томонидан расмийлаштириб жўнатилган иш ҳужжатлари ўзининг сифатли расмийлаштирилганлиги, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузишда, МЖтКнинг 280-282-моддалари талабларига риоя этиб келинаётганлиги билан алоҳида ажралиб туради, - дея Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судьяси Шерзод Юлдашев Комплекс ходимларига миннатдорчилик билдирди.
Бундан ташқари, Шерзод Юлдашев Комплекда юритилган ҳуқуқбузарликка оид иш ҳужжатлари расмийлаштиришда баъзида айрим камчиликларга йўл қўйилаётганлигини, яъни халқаро аэропортларда ўрнатилган божхона назоратини амалга оширишнинг “яшил” ва “қизил” йўлаклар тартибида йўловчиларга мазкур йўлаклардан ҳаракатланиш тартиби тушунтирилмаётганлиги, баъзи ҳолатларда йўловчиларни “яшил” йўлакка божхона ходимларининг ўзлари томонидан йўналтирилаётганлигини, МЖтКнинг 271-моддаси 11-банди талаблари тўғрисида ҳуқуқбузарлик содир этган йўловчиларга етарлича тушунтириш берилмаётганлиги, олинган ҳуқуқбузарлик ашёлари учун Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги 200-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари доирасида экспертиза хулосаларини олишга аҳамият бериш лозимлигини таъкидлаб ўтиб, мазкур йўл қўйилаётган камчиликлар маъмурий иш ҳужжатларини кўриб чиқиш жараёнида фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлаётганлигини маълум қилди.
Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди раиси Бахтиёр Алимов ўз маърузасида, судья Шерзод Юлдашевнинг сўзларини тасдиқлаб, иш ҳужжатларини расмийлаштиришда ўзининг қуйидаги, яъни процессуал иш ҳужжатларини расмийлаштиришда ҳуқуқбузарлик ашёсининг тавсифини баённома ва далолатномаларда аниқ келтириш, ҳуқуқбузарлик ашёсини қаердан, қандай ҳолатда, қандай хусусияти билан олинишига эътибор бериб, иш ҳужжатларида бу тўғрисида тўлиқ маълумот кўрсатиш лозимлиги тўғрисида ўз тавсияларини берди.
Йиғилиш сўнгида А.Мухаммадиев ушбу амалий ўқув семинарни ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатган суд, прокуратура ва ички ишлар органи раҳбариятига, шунингдек семинарда иштирок этган иштирокчиларга миннатдорчилик билдириб, ушбу йўналишда ҳамкорликни кучайтиришдан манфаатдор эканлигини, алоқадор мавзуларда шу каби амалий ўқув семинарларини мунтазам ўтказиб борилишини доим қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Шунингдек, семинарда кўтарилган масалалар долзарблигини, учраётган камчиликларни бартараф этишда ҳамкорлик муҳим роль ўйнаши таъкидланди.