Божхона постларида радиацион ҳолатлар текширилади
Бекобод шаҳридаги “Фарҳод” ҳамда “Бекобод авто” чегара божхона постларига радиацион портал монитори ўрнатилди. Очилиш маросимида АҚШ Энергетика вазирлигининг Ядровий контрабандани аниқлаш ва олдини олиш бошқармаси вакиллари, шаҳар ҳокимлиги масъуллари, вилоят божхона бошқармаси ходимлари қатнашди.
Тадбирда республикамиз чегара божхона постларида монитор ўрнатиш ҳамда ходимларнинг радиация хавфсизлиги борасида билим ва кўникмаларини ошириш ҳақида сўз юритилди. Маълумки, Президентимизнинг 2019 йил 13 сентябрдаги “Оммавий қирғин қуроллари тарқалишининг олдини олиш ва ядровий ҳамда бошқа радиоактив моддаларнинг ноқонуний айланишига йўл қўймаслик соҳасида ҳамкорлик бўйича лойиҳани амалга ошириш чоралари тўғрисида”ги қарорига асосан давлат чегарасидан ўтказиш пунктларида аниқланадиган махсус ядровий ва бошқа радиоактив материалларнинг ноқонуний айланишини аниқлаш ва олдини олиш чораларини кўриш борасида муҳим лойиҳалар белгиланган эди.




Бу борада Бекобод шаҳрида ҳам амалий ишлар бошланди. Бундан аввал “Радиация хавфсизлиги” лойиҳаси доирасида республикамизнинг “Айритом”, “Яллама” ва “Ғишт-кўприк” чегара божхона постлари учун умумий қиймати 2,7 миллион доллар миқдорига тенг бўлган радиацион портал мониторлари ўрнатилганди. Унинг махсус тизими сунъий интеллект асосида бир вақтнинг ўзида минглаб фуқароларни назоратдан ўтказган ҳолда радиацион манбаларнинг гуруҳлари, яъни табиий, саноат ва ядровий манбалар бўйича аниқлайди.



Шу билан бирга,бу мониторлар жараённи кузатиб борган ҳолда назорат олиб борувчи ходимларга хабар бериш каби хусусиятлари билан амалдаги тизимлардан тубдан фарқ қилади. Божхона ходимлари синов давомида тизимни янада такомиллаштириш юзасидан ўзаро фикр алмашиб, мутахассисларнинг бу борадаги тажрибаси билан яқиндан танишди.
А.Мусаев, ЎзА мухбири