Божхона постига пресс-тур уюштирилди
Бухоро вилояти божхона бошқармаси божхона постларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳамда божхона органлари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига яратилган қулайликлар билан оммавий ахборот воситалари вакилларини яқиндан таништириш мақсадида “Олот” чегара божхона постига пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб оммавий ахборот воситалари вакилларига чегара божхона пости ҳақида тушунтиришлар берилди. Шундан сўнг эса, пост инфратузилмаси, иш тартиби билан бир қаторда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига енгилликлар яратиш мақсадида амалиётга жорий этилаётган янгиликлар бирма-бир таништириб ўтилди.
Олот чегара божхона постида 2024 йилнинг ўтган даври мобайнида кириш ва чиқиш йўналишида жами 72 746 та юк автотранспорт воситаси ҳаракатланган. Бу кўрсаткичлар 2023 йилнинг мос даври билан таққосланганда 7 748 тага ошган. Жорий йил бошидан бери божхона пости ходимлари томонидан 132 та божхона қонунбузарлик ҳолати бартараф этилиши натижасида қарийб 50 миллиард сўмлик ноқонуний товарлар айланмасига чек қўйилган.
Пресс-тур давомида Янги Ўзбекистоннинг янги божхонасини барпо этишдек ислоҳотлар амалга оширилаётган бир вақтда “Олот” чегара божхона пости инфратузилмасини янада яхшилаш мақсадида ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари кўздан кечирилди.
Пресс-тур иштирокчилари божхона тизимида рақамлаштириш соҳасидаги ижобий янгиланишлар юзасидан халқаро юк ташувчилар ва фуқароларнинг фикрларини бевосита ўрганиб борди.
–7-8 йил давомида юк ташийман, –дейди Туркия фуқароси Борис Боз. –Бугун ҳам Украинадан Қозоғистонга юк ташияпман. Ҳар доим Ўзбекистон чегарасига келганимда мени яхши кутиб олишади. Барча шароитлар яратилган. 20-30 дақиқа давомида машинамдаги юкларимни текшириб, чегарадан чиқариб юборишади. Ўзбекистон чегарасида вақтимизни олиб, ортиқча оворагарчиликларга йўл қўйишмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ “Олот” чегара божхона постининг йўл қопламасини темир-бетон қопламага алмаштириш ишлари муваффақиятли якунланди. Ушбу ободонлаштириш ишларига қарийб 27 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилган бўлиб, халқаро стандартларга тўла жавоб бера оладиган равон йўллар божхона постидан ҳаракатланувчи фуқаролар ҳамда автотранспорт воситалари учун хизмат қилмоқда.
–Шунингдек, “Олот” чегара божхона пости терминали Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони ижроси юзасидан 28 гектар ер майдони ҳудудида барпо этилмоқда, – дейди вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Асрор Муқимов.
[gallery-19507]
– Мазкур божхона терминали 1000 дан зиёд юк автомашина сиғимига эга автотураргоҳ, божхона омбори, марказий бино, меҳмонхона, савдо марказлари ҳамда ошхоналарни ўз ичига олади. Божхона терминали тўлиқ форматда ишга тушгандан сўнг жами 150 нафар фуқарони доимий иш билан таъминлай олади.
Қисқа қилиб айтганда, бундан 28 йил муқаддам тамал тоши қўйилган “Олот” чегара божхона пости бугунги кунга келиб, тубдан янгиланди. Халқаро мақомдаги божхона пости талабларига тўла жавоб берадиган ҳолатда фаолият кўрсатмоқда. Кўҳна ва боқий Бухоронинг нафаси уфуриб турган “Олот” чегара божхона постида 24 соатдан иборат узлуксиз иш режими ташкил этилган бўлиб, унда 92 нафар божхона органи ходими тунни кунга улаб, давлатимиз иқтисодий хавфсизлиги, чегараларимиз ва фуқароларимиз дахлсизлиги йўлида хизмат олиб бормоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари