Божхона постидаги тизим ўз самарсини бермоқда
Божхона органларида хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими жорий этилиши натижасида божхона кўриги ва расмийлаштирувига сарфланадиган вақт сезиларли даражада қисқариб, тадбиркорларга экспорт ва импорт амалиётларида янада қулай шароит яратилди. Аммо мазкур имкониятлардан унумли фойдаланиш ўрнига божхона органлари томонидан тақдим этилаётган қулайликлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринаётган “импортёр”лар ҳам тез-тез учрамоқда.
Бухоро вилоятининг “Олот” чегара божхона постига хорижий йўналишда ҳаракатланиб кириб келган юк автотранспорт воситаси хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими томонидан “қизил” йўлакка йўналтирилди. Амалга оширилган бирламчи божхона назорати давомида мазкур товарларнинг рентген тасвирлари божхона ходимларида шубҳа уйғотди ва ушбу юклар бежизга “қизил” йўлакка йўналтирилмаганлигини тасдиқлади. Ушбу товарлар божхона юк декларацияси ҳамда сканерланган тасвирлардаги тафовутга асосланган ҳолда тегишли тартибда божхона кўригидан ўтказилди. Натижада юк кузатув хужжатларида кўрсатилмаган жами 20 турдаги умумий қиймати 1 миллиард 975 миллион сўмлик олдин фойдаланишда бўлган автомобиль эҳтиёт қисмлари борлиги ўз тасдиғини топди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА