Инсон ўз касбига садоқат ва фидойилик билан меҳнат қилса, эл-юрт манфаати учун умрини сарф этса, ҳалоллик ва покдомонлик доимий шиорига айланса, албатта, яратган қошида ҳам, халқ олдида ҳам юзи ёруғ бўлади, сидқидилдан қилган меҳнати шарафланади. Агар бунинг акси бўлса-чи?..
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисидан сўнг кишини худди шундай ўйлар чулғаб олиши табиий.
Суд ишидан маълум бўлишича, божхона постларида масъул лавозимларда фаолият олиб борган М.К, О.С. ва Х.Д. лар хизмат ваколатларидан келиб чиқувчи мажбуриятларни бажармай, ўз мансабига совуққонлик билан қараб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар келтирган. Жумладан, давлат томонидан импорт қилишда божхона тўловларидан бериладиган имтиёзлардан ноқонуний фойдаланиш, божхона назорати бўйича белгиланган тартибни бузиш, хизмат лавозимидан фойдаланган ҳолда божхона кузатув назорати шаффофлигини таъминламаслик, божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш каби қонун бузилишларга йўл қўйишган. Мисол учун, ўз манфаатини кўзлаб ва бож тўловларидан қочиб, Польша Республикасидан юртимизга олиб кирилаётган транспорт воситаларининг ҳолати, русуми ва тасниф рақами сохталаштирилган. Бир неча фуқароларнинг кўп миқдордаги чет элда ишлаб чиқарилган юклари тегишли расмийлаштирувларсиз божхона назоратидан ўтказиб юборилган.
Гарчанд судланувчилар бу жиноятларга алоқадорликдан тонсалар-да, йиғилган барча фактлар – видеокузатув ва фотосуратлар, далилий ашёлар, холисларнинг кўрсатмалари, илова ҳужжатлари ёрдамида уларнинг нафс кўйига тушиб, давлат ва жамият манфаатларига миллиардлаб сўм зарар келтирганлиги аниқ-равшан бўлди.
Якунда эса барча тафсилотларни, жиноят иши материлларини ҳар томонлама, тўла ва холисона, синчиклаб ўрганиб чиққан суд томонидан уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
“Менинг нафсим балодир, ўтдан чўққа солодир” деган нақл бежиз айтилмаган. Энди жиноятчилар умрининг маълум қисмини панжара ортида ўтказадилар.
М.Сулаймонов, ЎзА